Марказ яратилиш ғояси 2017 йилда туғилган ғоя
Марказ ғояси 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бўлиб, Ўзбекистоннинг фан ва маданият маркази сифатидаги тарихий ролини тиклаш миллий стратегиясининг муҳим қисми ҳисобланади.
Асосий босқичлар
Марказни ташкил этиш ғояси
2017 йил — Президент Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан Тошкентда илмий-маърифий мажмуа сифатидаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Лойиҳа амалга оширилишининг бошланиши
Президент қарори қабул қилинди.
Пойдеворга “вақт капсуласи” жойлаштирилиб, миллий ва ислом меъморчилиги услубидаги бино қурилиши бошланди.
Концепцияни шакллантириш
“Цивилизациялар, шахслар ва кашфиётлар” илмий ва музей концепцияси ишлаб чиқилди.
Илмий ва васийлик кенгашларининг ўнлаб йиғилишлари ўтказилди.
Халқаро ҳамкорлик
Халқаро алоқалар бўлими Ислом цивилизацияси марказида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва марказнинг халқаро аренадаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим вазифаларни бажаради. Ушбу бўлимнинг асосий фаолияти халқаро ташкилотлар ва муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан иборат бўлиб, у ўз олдига дунёнинг энг нуфузли музейлари, тадқиқот институтлари, халқаро илмий марказлар ва илмий жамоалар билан ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилган.
Шу пайтгача амалга оширилган ва режалаштирилган ишлар
2025 йил 4 февраль куни Малайзия ислом санъати музейида “Маданий мерос: Малайзия ва Ўзбекистон ўртасидаги кўприк” мавзусида давра суҳбати, 12-16 февраль кунлари Италиянинг Рим ва Флоренция шаҳарларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб “Бобурнома” асарининг итальян тилидаги таржимаси тақдимоти ўтказилди.
Йил давомида илмий-маданий ташкилотлар, жумладан ТУРКСОЙ Туркий маданият халқаро ташкилоти, МАНАРА маркази, Қозоғистон Миллий музейи, Эрон ислом Республикаси Миллий кутубхонаси ва архиви, Озарбайжон Миллий Фанлар академияси археология ва антропология институти, Қозоғистон Миллий Маркази музейи билан ўзаро 7 та халқаро англашув меморандуми имзоланди.
Oxford Centre for Islamic Studies билан ҳамкорликда “Ислом олами атласи” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу лойиҳа тарихий хариталарни яратиш ва Марказий Осиёнинг ислом цивилизациясидаги ўрни ҳақида илмий мақолаларни чоп этишга йўналтирилган. Лойиҳа натижасида 50+ харита ва 30 илмий муаллиф билан халқаро академик нашр чиқариш назарда тутилган.
Япония, Саудия Арабистони ҳамда Ҳиндистон давлатларининг зиёрат туризми соҳасидаги иш-тажрибалари, фаолият ва малакавий кўникмалари тадқиқ этилди. Марказга ташриф буюрувчи зиёратчилар учун халқаро стандартларга мос хизмат кўрсатиш мақсадида Саудия Арабистонининг “Илм” компанияси, шунингдек, Франциянинг “Авесто” компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.
“БМТда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва буюк алломалар меросига бағишланган махсус тақдимотни ўтказиш” бўйича махсус тақдимот концепцияси ишлаб чиқилди.
Хорижий нуфузли ОАВ (CNN, Euronews, Al-Jazeera) билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилди.
Президент ташрифлари
2018 йил 15 июнь — Тамал тоши қўйилди; марказнинг мақсади ва аҳамияти таъкидланди.
2018 йил 21 декабрь — Қурилиш ишлари билан танишилди; меросни чуқур ўрганиш зарурлиги қайд этилди.
2019 йил 25 июнь — Марказ илмий муассасалар учун фундаментал база сифатида ривожлантирилиши лозимлиги таъкидланди.
2019 йил 20 ноябрь — Маҳаллий ва хорижлик мутахассислар тадқиқот олиб бориши учун зарур шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
2021 йил 29 январь — Бино, дизайн ва музей экспозитсиялари концепцияси билан танишилди; халқаро ҳамкорлик муҳимлиги қайд этилди.
2022 йил 8 апрель — Девор ва равоқлар, дарвозалар тепасидаги безак ва ёзувлар билан танишилди; экспозиция мазмунига эътибор қаратилди.
2025 йил 29 январь — Бунёдкорлик ишлари ва экспонатлар билан танишилди; марказнинг илмий-таълим йўналиши ва тадқиқотлар аҳамияти таъкидланди.
2025 йил 29 август — Сўнгги пардозлаш ва жиҳозлаш ишлари кўздан кечирилди; марказ фаолиятини бойитиш бўйича тавсиялар берилди.
2025 йил 20 октябрь — Экспозициялар орқали тарихий ва маънавий меросни кенг намойиш этиш ишлари билан танишилди; илмий ҳамкорлик ва кадрлар тайёрлашга эътибор қаратилди.
2025 йил 15 ноябрь — Марказий Осиё ва Озарбайжон Президентлари ташриф буюриб, асосий бўлимлар билан танишдилар ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди. Шу куни “Келажак мероси” халқаро мукофоти совриндорлари тақдирланди.
Маданий меросни қайтариш
Артефактларни қайтариш бўйича давлат комиссияси тузилди.
Ўзбекистон тарихида илк бор ноёб ёдгорликлар коллекционерлар ва аукционлардан харид қилиниб, Ватанга қайтарилди.
Марказ коллекциясида 3 000 яқин артефакт мавжуд.
WOSCU нинг роли
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WОSCU) Марказ учун катта илмий ва нашриёт ишларини амалга оширди.
Замонавий лабораториялар ва кутубхона
Ҳудуддаги энг йирик кутубхоналардан бири ташкил этилди (250 000 нашр).
Халқаро мутахассислар ва ўзбек реставраторлари фаолият юритаётган реставрация лабораторияси очилди.
Инновациялар ва маърифат
Интерактив экранлар, голограммалар, мультимедиа зоналари ва интеллектуал аватарлар жорий этилди.
Буюк Британиянинг 1001 Инвентионс фонди билан ҳамкорликда Ислом цивилизацияси болалар музейи ташкил этилди.
Халқаро эътироф
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази сўнгги ойларда жаҳон миқёсида бир қатор нуфузли эътирофларга сазовор бўлиб, глобал илмий ва маданий майдондаги нуфузини тобора мустаҳкамламоқда.
2025 йилда Марказ Европанинг нуфузли мукофотларидан бири Prix Avicenne мукофотига лойиқ деб топилди.
Мукофотнинг тантанали топшириш маросими Париж шаҳридаги Франция Миллий тиббиёт академияси биносида бўлиб ўтди. Мукофот Марказнинг буюк аллома Абу Али ибн Сино меросини тадқиқ этиш ва оммалаштириш борасидаги кенг кўламли илмий фаолияти учун берилди.
Smithsonian Magazine талқинига кўра, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази 2026 йилда дунёда энг катта қизиқиш билан кутилаётган ТОП-10 музей лойиҳаси қаторидан жой олди.
АҚШдаги Smithsonian Institution нашри рейтингига, шунингдек, Lucas Museum of Narrative Art (Лос-Анжелес), National Geographic Museum of Exploration (Вашингтон), London Museum ҳамда Kanal–Centre Pompidou (Брюссел) каби машҳур музейлар ҳам киритилган.
Марказ Prix Versailles талқинига биноан 2026 йил учун дунёдаги энг гўзал музейлар глобал рўйхатига киритилди.
Ушбу рейтинг инновационлик, миллий меросни акс эттириш, креатив ёндашув ва экологик самарадорлик каби мезонлар асосида шакллантирилади.
Танлов ташкилотчилари маълумотига кўра, Ислом цивилизацияси маркази нафақат ушбу рўйхатга киритилган, балки 2026 йил якунида эълон қилинадиган учта олий жаҳон мукофотидан бири - Grand Prix Versailles, “Interyer” ёки “Eksteryer” номинацияларидан бирига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритган. Мукофот ғолиблари йил якунида Париждаги UNESCO қароргоҳида эълон қилиниши режалаштирилган.
BBC нинг BBC Travel нашри ҳам Ислом цивилизацияси марказини 2026 йилда очилиши энг кўп кутилаётган олти музей қаторига киритди.
Нашрга кўра, Марказ VII асрга оид Усмон Қуръони ва икки мингдан ортиқ ноёб қўлёзмаларни ўз ичига олиши билан бирга, сунъий интеллект ҳамда VR технологиялари ёрдамида тарихни интерактив тарзда намойиш этиши билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
2025-йил 26–27 сентябрь кунлари Халқаро экспертлар форуми бўлиб ўтди ва унинг якунида Декларация қабул қилинди.
“Биз ушбу платформа орқали халқимизнинг фан, таълим ва маданият ривожига қўшган ҳиссасини янада мустаҳкамлашни истаймиз.”


