Мажмуанинг меъморий тили: бош гумбаз, тўрт тарафдаги пештоқлар, фасадлардаги хаттотлик ва залларнинг ички безаги.
Бинонинг фасади анъанавий исломий геометрик нақшлар ва ўсимликсимон арабескаларни уйғунлаштирган бўлиб, улар билим бирлиги ва маданият юксалиши рамзи сифатида талқин этилади.
Кўк ва фируза ранглар палитраси Самарқанд ва Бухоро меъморчилигига ишора қилади.
Марказнинг асосий биносига тўрт йўналишдаги улуғвор порталлар орқали кириш мумкин — улар Марказнинг бутун дунёга очиқлигини ифодалайди.
Портал ва аркалар Қуръон оятлари ва ҳадислар билан безатилган бўлиб, улар билим, маърифат ва инсонпарварлик ғояларини ифода этади.
Асосий портал Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси меъморий услубида барпо этилган — бу ўрта аср Шарқининг дурдоналаридан биридир. Портал тепасида билим ва маънавий камолотни мадҳ этувчи оятлар битилган.
Кириш қисмида Қуръондан биринчи нозил бўлган оят ўйиб ёзилган:
“Ўқи, Парвардигоринг номи билан!”
Бу рамзий дарвозалар музейга кириш йўлини очиш билан бирга, ислом цивилизациясининг минг йиллик тарихига маънавий кириш сўзи сифатида хизмат қилади — бу ерда эътиқод, тафаккур ва илм бир бутун маконга айланган.