

Янгиликлар
Темурийлар даврининг беш асрлик нодир асари – Искандар Султон толеъномаси эътибор марказида!
Марказий Осиёда санъат ва илмни ривожлантиришда муҳим ўрин тутган, Темурийлар давлатини ташкил этган Соҳибқирон Амир Темурнинг набираси Искандар Султоннинг шахсий толеъномаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Иккинчи Ренессанс экспозициясида кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда.
Искандар Султон толеъномаси нафақат тарихий ҳужжат, балки беш асрдан ортиқ вақтдан кейин ҳам олимлар, санъатшунослар ва ташриф буюрувчиларнинг диққатини тортаётган нодир асар ҳисобланади.
Толеънома Искандар Султон 27 ёшга тўлганда тузилган ва туғилган санасини аниқлаш имконини беради. Толеънома Улуғбек саройида хизмат қилган Ғиёсиддин Жамшид Кошийнинг бобоси Мақсуд ибн Ҳасан Коший томонидан 1411 йилда тузилган. Толеънома қўлёзманинг 18b-19a варақларидан жой олган. Ушбу қўлёзма Эроннинг Шероз рассомлик мактаби намунаси ҳисобланади. Ушбу Темурийлар даври китобат санъатининг дурдонаси қўш саҳифадан иборат бўлиб, унда темурий шаҳзода Искандар Султон ибн Умаршайх Мирзонинг таваллуд пайтидаги осмондаги асосий бурж ва сайёралар ҳолати тасвирланган. Искандар Султон (1384–1415) учун тайёрланган бу нодир қўлёзма нафақат шахзоданинг туғилган санасини ва шахсий толеъномасини кўрсатади, балки Темурийлар даври санъати ва сарой маданиятига оид кўплаб маълумотларни ҳам ўз ичига олади.
Искандар маданиятли инсон, санъат ва адабиёт ҳомийси эди. У китоблар кучиртирди, кутубхоналарни ривожлантирди ва илм-фанга улкан эътибор қаратди. 1410 йилда у туғилган пайтдаги юлдуз ва сайёралар ҳолатини акс эттирувчи шахсий толеънома туздирди. Бу асар ўша даврнинг энг гўзал намунаси бўлиб, унда буржнинг ўн икки белгиси ҳаётий ва мукаммал тарзда тасвирланган эди.
Қўлёзма муаллифи – Ғиёсиддин Жамшид Кошийнинг бобоси Мақсуд ибн Ҳасан Коший ва у шоҳсаройда хизмат қилган астроном, мусаввир, хаттот ва қоғоз тайёрловчи мутахассислар билан ҳамкорликда тайёрланган. Қўлёзмада Искандарнинг туғилган пайтида осмонда юлдузлар ва сайёралар қандай жойлашгани тасвирланган бўлиб, шу боис бу қўлёзма Темурийлар сарой китобхонаси намуналаридан бири сифатида ҳам қадрланади.
Саҳифанинг икки ёнида шундай ёзилган:
Эй Ҳумоюн толеъатро Саъди Акбар Муштарий,
Шарти анжум бо ту хидмат расми Гардун чокарий.
Яъни,
Эй бахтли, сенинг бахтингга муштарий юлдузи харидор
Юлдуз сенинг даврангда, фалак хизматингда дея қайд этилган.
Искандар Султон толеъномаси безаклари билан ажралиб туради. Ложувард ва олтин билан қўлда безатилган саҳифалар Темурийлар давридаги китобат санъатининг энг зўр намунаси ҳисобланади. Шаҳзода Искандарга берилган Искандар Зулқарнайн номи ва толеъномадаги астрономик маълумотлар, бу қўлёзманинг нафақат тарихий, балки илмий аҳамиятга ҳам эга эканлигини кўрсатади.
Астрология ва астрономиянинг амалий аҳамияти ҳам алоҳида эътиборга сазовор.
Толеънома ҳукмдорлар ҳаётида муҳим роль ўйнаб, жанглар, никоҳлар ва қурилишлар учун қулай сана ва вақтларни белгилашда қўлланган.
Искандар Султоннинг шахсий ҳаёти ҳам қўлёзмада аниқ акс эттирилган. У оилавий ва сиёсий муносабатлардаги воқеалар, бобоси Амир Темур билан боғлиқ тарихий маълумотлар, маданият ва санъатга ҳомийлиги орқали тарихий муҳитни намоён этади. 1411 йилда Искандар Язд Исфаҳонни эгаллаб, султон сифатида ўзини эълон қилди ва Исфаҳон пойтахт бўлди. Аммо 1415 йилда унинг порлоқ ҳаёти тўхтагани, қўлёзмадаги башоратлар билан боғлиқ ҳолатлар унинг тарихий аҳамиятини янада оширади.
Шу тариқа, Искандар Султон толеъномаси нафақат Марказ музейида ташкил этилган Иккинчи Ренессанс даври экспозициясининг энг нодир ва диққатга сазовор экспонати, балки беш асрдан ортиқ вақтдан кейин ҳам замонавий олимлар ва ташриф буюрувчиларнинг қизиқиш марказида бўлиб қолмоқда. Ушбу қўлёзма орқали меҳмонлар Темурийлар даврининг санъат, илм-фан ва сарой маданияти билан яқиндан танишиб, тарихни визуал ва интерактив тарзда ҳис қилиш имконига эга бўлади.
Дурдона Расулова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.