

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат тарих муҳофизи, балки ўтмиш, бугун ва келажакни боғловчи интеллектуал макон бўлиши, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб бериши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев
Сайтнинг тест версияси


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев
Ислом цивилизацияси маркази — Олтин давр ва Янги Ўзбекистон ўртасидаги кўприкдир. У бой маънавий ва илмий меросни мамлакатнинг замонавий мақсадлари билан боғлайди. Бу ерда ўтмиш келажакка илҳом бағишлайди ва билим ҳамда тараққиёт макони яратилади.


Бу залда Суғд даври маданиятига оид артефактлар, санъат асарлари, текстил маҳсулотлари, халқ амалий санъати буюмлари жойланган. Дунёдаги машҳур музейлар ва шахсий коллекцияларда ўрин олган тарихий Суғд ўлкасига алоқадор кўплаб буюмлар: кийим-кечаклар, ҳайкал ва ҳайкалчалар, сопол ва металл идишлар, қурол-яроғлар, танга ва муҳрларни энди Марказ экспозициясида кўриш мумкин.

Биринчи Ренессанс даври бўлими “Бағрикенглик” майдони Ўзбекистон ҳудудида асрлар давомида шаклланган диний, маданий ва илмий бағрикенглик анъаналарини мужассам этади. Ушбу майдон экспозициясида Марказий Осиё ва ислом цивилизацияси тарихида муҳим ўрин тутган меъморий обидалар, муқаддас рамзлар ва ноёб ёдгорликлар жамланган. Майдонда Работи Малик мажмуаси, Мағоки Аттори масжиди, Чашмаи Аюб мақбараси, Сомонийлар мақбараси ва Қусамия мадрасаси макетлари ўрин олган.

Залда темурийлар даври илм-фани ва маънавий юксалиш руҳи замонавий музей технологиялари билан уйғун ҳолда намоён этилган. Меъморий безаклардаги нафис кошинкорлик, Қуръон оятлари ва мумтоз нақшлар Шарқ уйғониш даврининг бадиий-эстетик тафаккурини ифодалайди.Экспозицияларда Алишер Навоий сиймоси, унинг адабий-фалсафий мероси, қўлёзмалар ва санъат асарлари орқали Иккинчи Ренессанснинг илмий, маданий ва маънавий қиёфаси жонли тарзда очиб берилган.

2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон тараққиётида янги давр бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс ғояси изчил амалга оширилмоқда. Экспозициянинг марказида жойлашган ушбу стела замонавий шиша инсталляция кўринишида яратилган бўлиб, мамлакатнинг янгиланиш ва тараққиёт руҳини ифодалайди. ЛEД экранларда намойиш этиладиган видеолавҳаларда тарихий мерос, бугунги ислоҳотлар ва келажакка интилиш бадиий тарзда акс эттирилади.

Ислом цивилизацияси марказидаги Болалар экспозицияси ёш авлодни ўқитиш, қизиқтириш ва илҳомлантиришга хизмат қиладиган замонавий таълимий макон сифатида ташкил этилмоқда. У болаларни Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, миллий ўзлиги ҳамда тарихдаги буюк алломалар ҳаёти ва ғоялари билан таништиради. Иммерсив ва ўйинли муҳит билим бериш билан бирга, ташриф буюрувчиларнинг Марказ ҳақидаги таассуротларини бойитади. Интерактив тажрибалар орқали лойиҳа ёш меҳмонларни тарих ва илм уйғунлигига чорлаб, кенг аудиторияни жалб этади ҳамда келажак авлодда миллий ғурур ва маданиятга фахр туйғусини мустаҳкамлайди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг қарийб 300 ўринга мўлжалланган кутубхонаси замонавий илмий-маърифий маскан ҳисобланади. У 3105 квадрат метр майдонни эгаллаб, унда қадимий қўлёзмалар, илмий, бадиий, тарихий ва маданий-маърифий асарлар ҳамда нодир нашрлар жамланган бўлиб, кутубхона тадқиқотчилар ва кенг китобхонлар учун қулай муҳит яратади ҳамда миллий ва жаҳон маънавий меросини ўрганишга хизмат қилади.
Парагвай президенти
Ўзбекистон тарихи ҳақиқатан ҳам беқиёс. У беш минг йиллик тараққиётни ўз ичига олган улкан цивилизациядир. Бир миллатни англаш учун унинг тарихини билиш керак, бу ерда эса тарих жуда бой. Инсоният цивилизациясига улкан ҳисса қўшган кўплаб илмий ва маданий ютуқлар айнан шу заминдан келиб чиққан.

Қозоғистон Республикаси президенти
Айни пайтда халқларимизнинг ўзига хос тарихий-маданий меросига асосланган минтақавий ўзига хосликни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади. Биз Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилдик. Бу улкан ва ноёб иншоотдир. Дарҳақиқат, бу илмий, туристик ва этномаданий лойиҳадир.

Сербия Президенти
Мен сизнинг Президентингизни ва мамлакатингизни ана шундай муҳташам мажмуа ишга тушаётгани билан табрикламоқчиман. Аввало бизга ушбу муҳташам марказ билан яқиндан танишиш имкони берилгани учун миннатдорлик билдираман.

Финляндия Президенти
Ростини айтсам, бу ерда мен беқиёс таассуротлар гирдобига тушиб қолдим. Ҳар бир экспозиция, ҳар бир зал, ҳар бир детал чуқур ўйланган. Уч минг йиллик тарихни бугунги авлодга шу даражада замонавий шаклда етказиб бериш — бу юксак санъат ва буюк маҳорат талаб этади.

Озарбайжон Республикаси Президенти
Айрим мамлакатларда динимизга нисбатан хуружлар кучайиб, исломофобия тизимли тус олаётган бир пайтда, Ислом цивилизацияси марказининг очилиши бутун дунёга ислом — бунёдкорлик, бағрикенглик, дўстлик ва биродарлик дини эканини намоён этади. Ислом оламининг буюк намояндалари жаҳон илми ва маданиятига улкан ҳисса қўшган, Ислом цивилизацияси маркази буни яққол кўрсатиб турибди. Ишончим комилки, Тошкентдаги салобати ва экспозицияси жиҳатидан ноёб бўлган Ислом цивилизацияси маркази бутун ислом оламининг фахр-ифтихорига айланади

Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикаси раҳбари
Мен бир неча йилдан бери Ўзбекистонда бундай улкан Ислом цивилизацияси маркази барпо этилаётгани ҳақида эшитиб юрганман. Тахминан олти ой аввал бино ташқи кўринишини кўрганимда ҳам ҳайратга тушган эдим. Аммо ҳозир бу ернинг ички мазмунини кўриб, ўша таассуротларим янада чуқурлашди.

Беларусь Республикаси Бош вазири
Бу маскан, бир томондан, жуда кенг қамровли ва пухта ўйланган мажмуа бўлса, иккинчи томондан, инсонни минг йиллар қаъридан бизгача етиб келган буюк цивилизациялар билан юзма-юз қўяди. Бу ерда туғиладиган ҳис-туйғуларни биргина сўз билан ифодалаш қийин.

АҚШ Президентининг махсус вакили
Бу ерда мени энг кўп ҳайратга солган нарса, шубҳасиз, муқаддас Қуръони карим бўлди. Уни сентябрь ойида кўриш шарафига муяссар бўлган эдим. Кеча делегация аъзолари билан ҳам келгандим. Бугун яна қайтиб келдим ва эндигина етиб келган ўғлимга ҳам уни кўрсатишни истадим. Бу мен учун жуда ноёб ва қадрли ҳолат бўлди.

Осиё Олимпия кенгаши президенти
Бу марказда бирор бир жиҳатни алоҳида ажратиб кўрсатиш қийин — ҳаммаси ниҳоятда гўзал ва пухта ўйланган. Милоддан аввалги уч минг йиллик тарихдан бошлаб бугунги Янги Ўзбекистонгача бўлган давр изчил ва мантиқий тарзда ёритилган. Бу эса мамлакатда вақт ўтиши билан қандай улкан ўзгаришлар юз берганини аниқ ва равшан кўрсатиб беради. Сизларга энг эзгу тилакларимни билдираман.

Озарбайжон Республикаси Президентининг ёрдамчиси
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, қисқа муддатда эришилган натижаларга гувоҳ бўлдик. Нега 'қисқа муддат' дейман? Чунки экспозисиялар бўйлаб юрганингизда, бундай улкан ишларни яратиш учун одатда ўнлаб йиллар талаб этилади, деган фикр ўз-ўзидан пайдо бўлади.

ЎзЖОКУ ректори
Бизнинг боболаримиз бошқалар ҳали китоб ўқишни билмаган даврлардаёқ китоб ёзган, илм-фан билан шуғулланган даҳолар бўлган. Аждодларимиз дунёдаги энг ноёб устурлоб ва илмий асбоблар орқали осмон жисмларининг ҳаракатини ҳисоблаб, ҳозирги замонавий компьютерлар билан таққослаганда кичик секундгагина фарқ қилган натижаларга эришган. Бу уларнинг беқиёс илмий салоҳияти ва зеҳнини кўрсатади.

TURKSOY бош котиби
- Аввало айтиш жоизки, жаноб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович жуда муҳим ва буюк концепция — Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанси ғоясини илгари сурдилар. Маълумки, Ўзбекистон тарихида икки буюк Ренессанс даври бўлган. У даврларда мамлакатнинг маънавияти, маданияти, меъморчилиги ва илм-фани юксак тараққиётга эришган. Бугунги XXI асрда Ўзбекистон ана шу тараққиёт йўлини давом эттирмоқда. Учинчи Ренессанс ғояси, аввало, миллий маънавият, маданият ва тарихий меросга таянади.

Россия Федерацияси спорт вазири, Россия Олимпия қўмитаси раиси
Шуни айта оламанки, жуда ёқимли таассурот остида қолдим. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан бу ерда жуда катта иш амалга оширилган. Марказ муҳаббат билан, жуда юқори сифатда барпо этилгани яққол сезилади.

Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Мажлис ал-Аъян Раиси
Марказнинг ташқи маҳобати ва ички гўзаллиги очиғи мени ҳайратга солди. Кўп музейларда бўлганман аммо, Ислом цивилизацияси маркази музейидек мукаммал ва ноёб экпозицияни кўрмагандим. Айниқса, Қуръон залида сақланаётган Ислом оламининг ноёб дурдонаси асл Усмон мусҳафи мени ҳаяжонимга сабаб бўлди. Ҳар бир экспонат ўзининг тарихий аҳамияти билан алоҳида эътирофга муносиб.

Халқаро автомобил федерацияси (FIA) Президенти
Ўзбекистон ҳукумати ва шахсан Президентга бу Марказни ўз кўзимиз билан кўриш имконини бергани учун чин дилдан миннатдорлик билдираман. Бу ерда илгари билмаган кўплаб маълумотларни кўрдим. Менимча, бу Ўзбекистоннинг яширин хазинаси.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, сухандон
Бисотимдаги сўзлар таассуротларимни тўлиқ ифодалаб беришга гўё кифоя қилмаётгандек. Ислом цивилизацияси маркази ҳақида бевосита эфир орқали маълумот бериб борганимизда, қалбимда бир орзу пайдо бўлган эди — ушбу марказга келиб, уни ўз кўзим билан кўриш, заллардаги ҳар бир экспонат билан яқиндан танишиш ва улар ҳақида батафсил маълумот олиш. Бугун ана шу орзуим ушалди.

“БМТ Туризм” бош котиби
Аввало, Ўзбекистонга расмий ташриф буюришдан жуда мамнунман. Бу менинг Бош котиб сифатида лавозимни эгаллаганимдан бери илк расмий ташрифим ва Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриш имконияти учун жуда хурсандман. Биламанки, бу марказ яқинда очилган ва мен сизларни бешта турли цивилизация ҳақида гўзал ҳикоя тақдим этганингиз билан табриклайман.

Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси
Шуни айтишим керакки, бу ерга киришимдан олдин бундай даражадаги кучли таассурот оламан, деб ўйламаган эдим. Дастлаб оддий музейга кириб, экспонатларни кўриб чиқиб кетамиз, деган тасаввурда эдик. Аммо бу ерда ҳар бир экспонат билан бевосита интерактив тарзда танишиш, қўл билан ушлаб кўриш, ўша давр муҳитига шўнғиш имконияти борлиги мени чин дилдан ҳайратлантирди. Ўтган йили Лондондаги музейда бўлганимда шундай интерактив усулларни кўриб, бизда ҳам шундай имкониятлар бўлса эди, деган орзу қилган эдим. Бугун эса Ислом цивилизацияси марказида ундан-да гўзалроқ, ундан-да ҳашаматлироқ ва энг асосийси, ёшлар учун ниҳоятда қизиқарли тарзда яратилган экспозицияларни кўриб, бу орзуларим рўёбга чиққандек бўлди.

Жаҳон фанлар академияси вице-президенти
– Ростини айтсам, бу ерда амалга оширилган ишлар мени ҳайратга солди. Ўзбекистон раҳбариятини, Президентингизни, ушбу лойиҳани ҳаётга татбиқ этган барча рассомлар ва тарихчиларни самимий табриклайман. Бу Ўзбекистон учун беқиёс ва ниҳоятда муҳим лойиҳа. Унинг дунёнинг кучли ўнлигидан жой олиши мутлақо мантиқий. Лойиҳа жуда пухта ўрганилган, энг майда деталларигача очиб берилган.

Полша қишлоқ хўжалиги вазири
Бу ерда учта ренессанс — Ўзбекистоннинг бугунги қиёфасига таъсир кўрсатган жараёнлар ва буюк инсонлар яратган мерос — буларнинг барчаси аниқ ва ихчам тарзда намойиш этилган. Инсониятни янги йўналишга бошлаган дастлабки ўзгаришлар, улкан силжишлар бу ерда ёритилган ва уларнинг аҳамияти беқиёс.

Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси
Бу менинг Марказга биринчи ташрифим ва у менда жуда катта таассурот қолдирди. Менимча, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган ушбу марказ ҳақиқатан ҳам жаҳон миқёсидаги буюк лойиҳадир.

Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси
– Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва музейига ташриф буюрганимдан ниҳоятда мамнун бўлдим. Ушбу марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган ғоят ноёб ва муҳим лойиҳа ҳисобланади. Бу маскан Ўзбекистоннинг исломдан аввалги даври ҳамда исломий даврдаги бетакрор тарихини чуқур ва тизимли равишда ёритиб беради.

Жаҳон фанлар академияси директори
– Бу макон, аслида, биз биладиган илм-фаннинг деярли барча йўналишлари – математика, астрономия, физика ва бошқа соҳаларнинг бешиги ҳисобланади. Мен физикман ва илм-фаннинг қаерда, қандай шароитда шаклланганини кўриш мен учун жуда қизиқарли бўлди. Менга энг кўп ёққани Биринчи Ренессанс бўлими. Айниқса, илм-фан ва математиканинг айнан Ўзбекистон ҳудудида ривожланиш жараёни жуда катта қизиқиш уйғотди.

Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси
Бу ерда асрлар, бир неча минг йиллар давомидаги тарих намоён этилган. Барча даврлар менга қизиқ, чунки ҳар бирида кўплаб қизиқарли жиҳатларни топиш ва уларни бугунги кун билан қиёслаш мумкин.

Европа Иттифоқининг Халқаро шерикликлар бўйича комиссари
Мен жуда ҳайратдаман. Фикримча, бу жуда замонавий ва таълимий ёндашув орқали нафақат мамлакатингиз тарихини, балки ислом тарихини ҳам кенг жамоатчиликка таништиришнинг энг зўр усули.

Европа Иттифоқининг Кенгайиш масалалари бўйича комиссари
Бундай Марказни тасаввур ҳам қила олмасдим. Ўз тарихингиз ва бугунги ҳаётингизда муҳим бўлган барча жиҳатларни шу қадар таъсирли тарзда намойиш этаётганингиз мени чин дилдан ҳайратга солди. Бу марказни кўраётганимдан жуда мамнунман ва бу мен учун катта шараф. Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, сиз билганингиздек, Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилиши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган.

“Формула-1” юлдузи
Бу ерда кўрганларим — ҳақиқатан ҳам ақл бовар қилмайдиган даражада ҳайратланарли. Мен бугун гувоҳ бўлган манзараларни бошқа ҳеч қаерда учратмаганман. Марказ ичидаги ҳар бир детал, ҳар бир бўлимга берилган эътибор — ниҳоятда нафис ва аниқ мақсадли ташкиллаштирилган.
