Фикрлар

Антониу Гутeрриш

Антониу Гутeрриш

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби

Менинг Ўзбекистонга биринчи ташрифим 20 йил олдин бўлган.

Жаноб Президент, Сизнинг президентлик фаолиятингиз бошланган даврда Ўзбекистонга расмий ташриф буюриш имконига эга бўлганман. Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, мамлакатда амалга оширилган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг ўз фуқароларига энг асосий ҳуқуқларни таъминлаш, шунингдек, келажакда фаровон ҳаёт учун кенг ва истиқболли имкониятлар яратиш борасидаги салоҳиятини тубдан юксалтирди.

Сиз Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ ҳамоҳанг бўлган сиёсатни ишлаб чиқдингиз. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача мўлжалланган кун тартиби Сизнинг 2030 йилгача бўлган миллий тараққиёт дастурингиз билан тўла ҳамоҳангдир. Бу эса биз биргаликда дуч келаётган келажакка нисбатан қарашларимиздаги юксак муштаракликни намоён этади.

Марказий Осиёга ташқаридан назар ташлаган кўпчилик уни, асосан, цивилизациялар чорраҳаси сифатида тасаввур қилади. Аммо ҳақиқат шундаки, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон цивилизациялар чорраҳасидан анча кенг ва юксак мазмунга эга. У — цивилизация марказидир. Самарқанд ёки Бухорога боришнинг ўзиёқ ушбу минтақанинг жаҳон цивилизацияси ривожига нақадар улкан ҳисса қўшганини, унинг тараққиёт жараёнида қандай муҳим ўрин тутганини ҳис этиш учун кифоя.