Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Лондондан қайтарилган Қўқон хони қиличи: ўзбек ҳарбий санъатининг мукаммал намунаси экспозицияда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олган Қўқон хони қиличи XIX асрга мансуб бўлиб, у юртимиз ҳарбий маданияти ва қуролсозлик санъатининг юксак намунасидир. Ушбу экспонат Қўқон хонлиги даврига оид, олтин, қимматбаҳо тошлар ва пўлатдан ишланган. Қиличнинг умумий узунлиги 92 сантиметрни ташкил этади. Бу ноёб артефакт Лондондаги Амир Муҳташамий коллекциясидан ватанимизга қайтарилган.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, Худоёрхон давридан сақланиб қолган қиличлар жуда кам. Айрим маълумотларга кўра, хонга тегишли икки қилич Россия музейларида сақланади. Экспозицияда намойиш этилаётган қилич XIX асрда Бухоро амирлиги ҳудудидаги Шаҳрисабзда ясалган бўлиб, у ҳам Худоёрхонга нисбат берилади. Бу ҳолат мазкур экспонатнинг тарихий қимматини янада оширади. 

Қилич дастасининг олтиндан ишлангани, ғилофининг эса кўк рангли қимматбаҳо тошлар билан безатилгани унинг оддий жанг қуроли эмас, балки ҳукмдорга мўлжалланган нуфуз рамзи бўлганини кўрсатади. Бундай қиличлар кўпинча ҳукмдорларга ҳадя сифатида тақдим этилган. Шу жиҳатдан, ушбу экспонат дипломатик муносабатлар ва давлатчилик маданияти билан ҳам боғлиқдир.

XVIII–XIX асрларда Марказий Осиёда муҳим сиёсий кучлардан бири бўлган Қўқон хонлиги ўзининг мустаҳкам ҳарбий тизими билан ажралиб турган. XIX аср ўрталарига келиб, хонлик ҳудуди кенгайиб, аҳолиси ва сиёсий нуфузи ортди. Давлат хавфсизлигини таъминлаш, чегараларни ҳимоя қилиш ва ички барқарорликни сақлашда мунтазам қўшин ҳал қилувчи аҳамият касб этган.

Қўшиннинг қуролланиши ҳукмдорнинг эътиборига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлган. Айрим даврларда бу соҳага етарлича эътибор берилмаган бўлса-да, умумий ҳисобда хонликда ҳарбий иш тизимли равишда ривожлантирилган. Қўқон қўшинлари қурол-яроғ, замбарак ва милтиқлар сони ҳамда сифати жиҳатидан Бухоро ва Хивадан ортда қолмаган.

Хонлик шаҳарлари ва чегара қалъалари мустаҳкам деворлар билан ўралган бўлиб, уларда доимий қўшин жойлаштирилган. XIX аср ўрталарда хонликдаги қўшинларида сарбозлар сони 11 мингдан ортиқни ташкил этган. 1860 йилларга келиб эса мунтазам қўшин сони 40 минг нафарга етказилган. Бу ҳолат давлатнинг ҳарбий салоҳияти анча юқори бўлганини кўрсатади.

Қўқон хонлигида қурол ишлаб чиқариш махсус устахоналарда йўлга қўйилган. Қўқон, Тошкент, Марғилон ва Андижон каби шаҳарларда замбарак ва милтиқ қуйиш устахоналари мавжуд бўлган. Артиллерия қўшиннинг асосий зарбдор кучларидан бири ҳисобланган. Замбарак қуйиш мураккаб жараён бўлиб, бу иш билан тажрибали усталар шуғулланган.

1860 йилларга оид маълумотларда Қўқонда хорижлик мутахассислар иштирокида замбараклар қўйилгани қайд этилади. Қалъа замбараклари ва дашт замбараклари вазифасига кўра фарқланган. Катта ҳажмли замбараклар шаҳар ва қалъаларни ҳимоя қилишда ишлатилган бўлса, енгил турдагилари жанг майдонларида қўлланилган.
Шунингдек, порох ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бу қўшиннинг жанговор тайёргарлигини оширган. Қўшинда мингбоши, юзбоши, элликбоши каби ҳарбий лавозимлар мавжуд бўлиб, улар қатъий иерархия асосида фаолият юритган.

Қўқон хонлиги қўшинида қилич энг асосий ва ишончли қуроллардан бири ҳисобланган. Қилич кесиш ва санчиш орқали душманга зарба беришга мўлжалланган. Шарқ давлатларида VI–VII асрлардан бошлаб эгри тиғли қиличлар кенг тарқалган. Улар енгиллиги ва мустаҳкамлиги билан жангда қулай бўлган.

Самарқанд, Ахсикент ва Уструшона қиличлари машҳур бўлгани каби, Қўқон қиличлари ҳам ўз сифати билан ном қозонган. Қўқонда махсус “Қиличсозлар маҳалласи” мавжуд бўлиб, у ерда моҳир усталар юқори сифатли пўлатдан қуроллар ясаган. Қўқон қиличлари одатда 80–90 сантиметр узунликда бўлиб, мустаҳкам ва мувозанатли тузилиши билан ажралиб турган.

Экспозициядаги мазкур қилич нафақат ҳарбий қурол, балки юксак бадиий санъат намунасидир. Олтин дастаси ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган ғилофи усталарнинг эстетик қарашлари ва нафис дидини намоён этади. Бу эса қуролсозлик фақат амалий эмас, балки бадиий-амалий санъат даражасига кўтарилганини кўрсатади.

Қўқон хони қиличи ўз даврида ҳукмдор қудрати, давлат мустақиллиги ва ҳарбий салоҳият рамзи бўлган. Бундай қуроллар давлат маросимларида, қабулларда ва дипломатик муносабатларда муҳим аҳамият касб этган. Улар орқали ҳукмдорнинг нуфузи ва давлатнинг қудрати намоён қилинган.

Бугунги кунда мазкур қилич Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида халқимиз тарихий меросининг ёрқин намунаси сифатида намойиш этилмоқда. У ташриф буюрувчиларга XIX асрдаги давлатчилик анъаналари, ҳарбий тизим ва қуролсозлик санъати ҳақида атрофлича тасаввур беради.

Дурдона Расулова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1358226.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1100029.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
880827.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.