
Янгиликлар
700 йиллик мерос Америкадан Ватанга қайтди
Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар мероси яна бир бор жаҳон илмий жамоатчилиги диққат марказида. Паҳлавон Маҳмудга тегишли ноёб қўлёзманинг Ватанга қайтарилиши ва илк бор барча рубоийларни ягона тўплам сифатида нашр этиш ташаббуси миллий маънавий меросимизни тиклаш йўлидаги муҳим тарихий қадам сифатида баҳоланмоқда.
Паҳлавон Маҳмуд мероси: тикланаётган тирик тарих
Шарқ Уйғониш даври — Мусулмон Ренессанси инсоният цивилизацияси тараққиётида алоҳида ўрин тутади. Бу даврда бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан алломалар жаҳон илм-фани, маданияти ва муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшдилар. Уларнинг илмий ва маънавий мероси халқаро илмий жамоатчилик томонидан ҳақли равишда эътироф этилган.
Мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизация тараққиётидаги ўрнини ўрганиш, мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Айни пайтда Марказда юзлаб буюк алломаларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот олиш, видеоконтентлар томоша қилиш, нодир қўлёзмалар ва нашр этилган асарлар билан танишиш имконияти яратилган.
Рубоийлар султони
Буюк шоир ва мутафаккир, жавонмардлик тариқатининг йирик вакили Паҳлавон Маҳмуд Пурёривалий (1247–1322) Шарқ мумтоз адабиётида рубоий жанрининг йирик намояндаларидан бири сифатида эътироф этилади. Умар Хайёмдан кейин бу жанрда кўп ва мазмунли ижод қилган шоир сифатида танилган.
Унинг рубоийларида эзгулик, ватанпарварлик, жавонмардлик ва олижаноблик ғоялари тараннум этилади. Бахиллик, ҳасад ва жаҳолат каби иллатлар эса кескин қораланади.
Шу кунга қадар 330 дан ортиқ рубоий ўзбек тилига таржима қилинган ва нашр этилган. Хоразмдаги Паҳлавон Маҳмуд халқаро жамоат фонди вакиллари томонидан яна 400 га яқин рубоий аниқлангани маълум.
Ишчи гуруҳ томонидан илмий жамоатчиликка номаълум бўлган 70 дан ортиқ рубоийлар аниқланиб, таржима қилинди. Яқин вақт ичида Паҳлавон Маҳмуд қаламига мансуб деб топилган барча рубоийлар илк бор ягона тўплам сифатида чоп этилиши режалаштирилмоқда.
Қўлёзма Ватанга қайтди
Президент ташаббуси билан “Тирик тарих” туркуми доирасида Паҳлавон Маҳмуд ҳаёти ҳақида “Хива лангари” бадиий фильми суратга олинмоқда. Шу билан бирга, Марказ томонидан “Паҳлавон Маҳмуд ижодий мероси” медиалойиҳаси амалга оширилди ва ҳужжатли фильм тайёрланди.
2025 йил 17 октябрь куни давлат раҳбари Паҳлавон Маҳмудга тегишли қўлёзмаларни жаҳон фондларидан излаб топиш ва Ватанга қайтариш бўйича топшириқ берди.
Мазкур топшириқ ижроси юзасидан Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида ишчи гуруҳ тузилди. Изланишлар натижасида Нью-Йоркдаги Ҳофстра университети профессори, WOSCU аъзоси Александр Наймарк коллекциясида ноёб қўлёзма сақланаётгани маълум бўлди.
А.Наймарк оилавий мулк саналган ушбу қўлёзмани беғараз асосда Марказ фондига тақдим этиш истагини билдирди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси кўмагида қўлёзма юртимизга олиб келинди.
Маълумотларга кўра, мазкур қўлёзма Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз (1845–1910) томонидан кўчирилган. Унинг дастлабки саҳифасида “бу рубоиёт ҳам подшоҳи Ислом Хоразмшоҳнинг ёзғонлари” деган битик мавжуд.
Янги топилма: “Канзул-ҳақойиқ”
Яқинда ишчи гуруҳ Машҳад шаҳридаги Остони Қудси Разавий кутубхонасида Паҳлавон Маҳмудга тегишли деб тахмин қилинаётган “Канзул-ҳақойиқ” манзумасини аниқлади. Асарнинг электрон нусхаси олинган ва айни пайтда таржима ишлари бошланган.
Буларнинг барчаси буюк мутафаккир меросини тиклаш ва кенг оммага етказишга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил ва тизимли равишда амалга оширилаётганидан далолат беради.
Паҳлавон Маҳмуд мероси — бу нафақат адабий бойлик, балки миллий ўзлик, маънавий куч ва келажак авлод учун илҳом манбаидир.
Дурдона Расулова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.