Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ОАВ билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини кенг жамоатчиликка танитиш, унинг илмий ва маърифий фаолиятини миллий ҳамда халқаро ахборот майдонида кенг тарғиб қилиш мақсадида Марказ ва мамлакатнинг етакчи оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Ушбу келишувлар Марказ фаолиятини замонавий медиа платформалар орқали кенг аудиторияга етказиш ва ислом цивилизациясига оид бой меросни оммалаштиришга хизмат қилади.

Тадбир аввалида меҳмонлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг музей экспозициялари билан танишди. Экскурсия давомида иштирокчилар Марказда шакллантирилаётган илмий-маърифий муҳит, ислом цивилизациясининг кўп асрлик бой меросини намоён этувчи ноёб экспонатлар, қўлёзмалар, археологик топилмалар ҳамда замонавий мультимедиа технологиялари асосида яратилаётган интерактив экспозициялар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди. Шунингдек, Марказнинг илмий-тадқиқот фаолияти, халқаро ҳамкорлик лойиҳалари ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган ташаббуслар ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилди. 

- Марказий экспозицияни кўрар эканман, жуда ўзига хос ҳиссиётлар пайдо бўлди. Одатда биз тарихни музейлардаги қотиб қолган экспонатлар орқали тасаввур қиламиз. Гўё тарих ўтмишда қолган, ҳаракатсиз бир нарсадай кўринади. Аммо бу ерда мутлақо бошқача муҳитни ҳис қиласиз. Бу ерда гўё тарихнинг ичида яшаш мумкин. Менимча, Ислом цивилизацияси марказининг бошқа музей ва маданий марказлардан энг катта фарқи ҳам шу. Бу ерда инсон тарихнинг нафасини ҳис қилади, унинг руҳиятини туяди, гўё ўша даврлар ичида юргандек бўлади. Аслида инсон ўз тарихини фақат ўрганибгина эмас, балки уни ҳис қилиб, яшаб кўрсагина тўлиқ англайди. Кўпинча “тарих ўтмиш, у ўтиб кетган” дейишади. Аммо улуғларимиз айтганидек, келажакка қадам ташлаш учун инсон тарихни билиши керак. Келажакда қандай яшашини тасаввур қилмоқчи бўлган одам, аввало ўтмишини англаши лозим. Ислом цивилизацияси маркази ана шу имкониятни яратади. Бу ерга келган инсон гўё ўз тарихини ҳис қилиб, унинг ичида яшаб кўргандек бўлади ва шу орқали келажагини белгилайди. Шу жиҳати билан бу марказ мени жуда ҳайратлантирди. Бу ҳақиқий маънавият маскани. Бу ердаги ҳар бир детал маънавият билан суғорилган. Ҳаммаси жуда зукколик билан, чуқур маъно билан ишлангани кўриниб турибди. Айниқса ёшлар учун бу жуда муҳим. Бугун ёшларимиз ўз тарихини билишга жуда қизиқади ва буни биз доимо ғурур билан эътироф этамиз. Лекин улар бу тарихни янада чуқурроқ англаши керак. Инсон “ким эдинг, кимсан ва ким бўлмоқчисан?” деган саволга жавоб топиши учун ана шу экспозиция йўлакларидан юриши керак. Ҳар бир экспонат олдида тўхтаб, унинг моҳиятини англаши ва ўйлаб кўриши керак. Чунки бу ерда маданият, маънавият, тарих, санъат, адабиёт ва мусиқа — барчаси бирлашиб миллатнинг қалбини шакллантиради. Миллат ана шу қалб билан миллат бўлади. Акс ҳолда у фақат жисмдан иборат бўлиб қолади, - деди Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маърифат” ижодий бирлашмаси директори Воҳид Луқмонов.

Шундан сўнг Марказ ва оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорлик меморандумларини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва мамлакатнинг етакчи медиа ташкилотлари ўртасида стратегик шерикликни назарда тутувчи қатор келишувлар расмийлаштирилди. Хусусан, “Dunyo bo‘ylab” телеканали, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Дунё” ахборот агентлиги, “O‘zbekiston 24”,  “O‘zbekiston Tarixi”, “O‘zbekiston”, "Маданият ва маърифат" телеканаллари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Мазкур меморандумлар Марказ фаолиятини миллий ва халқаро ахборот майдонида тизимли равишда ёритиш, ислом цивилизациясига оид илмий ва маданий меросни кенг тарғиб қилиш, шунингдек мамлакатимизнинг тарихий ва маърифий салоҳиятини замонавий медиа воситалари орқали кенг аудиторияга етказишни назарда тутади.

- Бугунги меморандум имзолаш маросими — бу ўзаро ишонч, стратегик шериклик ва узоқ муддатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим қадамдир. Ушбу ҳамкорлик нафақат Марказ фаолиятини кенг ёритишга, балки мамлакатимизнинг бой тарихий, илмий ва маданий меросини халқаро ҳамжамиятга етказишга ҳам хизмат қилади. Қисқача натижаларга тўхталадиган бўлсак, 2025 йил давомида Марказ фаолияти кенг ахборот майдонида фаол ёритилди. Жами 3 367 та медиа материал тайёрланди. Улар орасида 739 та видеоматериал, 2 422 та мақола ва 28 та аудиоматериал мавжуд. Шунингдек, 178 та материал хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниб, Марказ фаолияти халқаро миқёсда ҳам кенг тарғиб этилди. Телевидение орқали ёритиш айниқса, самарали бўлди. Жумладан, Oʻzbekiston 24, Sevimli TV, Mening yurtim ва Madaniyat va Ma'rifat, O’zbekiston tarixi телеканаллари орқали юзлаб репортаж ва махсус кўрсатувлар эфирга узатилди. Бу Марказ фаолиятининг миллий ва халқаро аҳамиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Эндиликда эътиборимизни келгуси муҳим режаларга қаратмоқчимиз. Аввало, Марказнинг расмий очилиш маросими жорий йилнинг март ойига белгиланган. Бу воқеа нафақат мамлакатимиз, балки бутун халқаро илмий ва маданий жамоатчилик учун муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, 2026 йил Марказ фаолиятида алоҳида аҳамиятга эга бўлган йил сифатида белгиланмоқда. Йил давомида қатор нуфузли халқаро форумлар, илмий симпозиумлар ва маданий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. Айниқса, жорий йилнинг апрель ойи мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан буюк давлат арбоби, саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Амир Темур меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилишга бағишланади, - марказ директори ўринбосари Гулнора Ғаниева.

Ҳамкорлик доирасида телевизион кўрсатув, ҳужжатли фильм, махсус репортаж, илмий-маърифий лойиҳа, мультимедиа контент ҳамда рақамли платформалар учун янги медиа маҳсулотлар тайёрлаш режалаштирилган. Шунингдек, Марказ экспозициялари, нодир қўлёзмалар, археологик топилмалар ва илмий тадқиқотлар асосида махсус медиа лойиҳалар, кўрсатувлар туркуми ва таҳлилий материаллар ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, мазкур ҳамкорлик доирасида Марказда амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар, халқаро экспедициялар, кўргазмалар, конференциялар ва бошқа муҳим тадбирларнинг ахборот жиҳатидан кенг ёритилиши таъминланади. Хорижий аудитория учун Марказ ҳақидаги материалларни бир қатор тилларда тайёрлаш ва уларни халқаро ахборот майдонида тарқатиш ҳам режалаштирилган.

Таъкидланганидек, мазкур меморандумлар Марказ фаолиятини кенг оммалаштириш, ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар меросини тарғиб қилиш, шунингдек Ўзбекистоннинг жаҳон маърифат ва илм-фан марказларидан бири сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

-Ўзбекистон тарихи телеканали Ислом цивилизацияси марказининг қурилиш жараёнларини, саккиз йил давом этган меҳнат ва саъй-ҳаракатларни мунтазам ёритиб келди. Энди эса бу марказ орқали халқимизга тарихимизнинг ҳар бир бўлими, ҳар бир жиҳатини янада кенг ва тушунарли тарзда етказиш имконияти пайдо бўлди. Биз, албатта, бу имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Эфиримизнинг муайян қисми, ҳатто катта қисми ҳам Ислом цивилизацияси марказида акс эттирилган тарихимизга бағишланади. Бу ерда намоён этилган экспозициялар, тарихий манзаралар ва маънавий меросни томошабинларимизга атрофлича етказишга интиламиз. Бу марказга бир неча бор ташриф буюриш, қайта-қайта келиб кўриш керак. Ана шунда инсон ўзининг кимлигини, ўз тарихини ва илдизларини янада теранроқ англайди, - деди Ўзбекистон тарихи телеканали директори Алишер Шоимов. 

Тадбир якунида иштирокчилар ўртасида очиқ мулоқот ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари Марказ фаолиятини янада кенг ёритиш, янги медиа лойиҳаларни амалга ошириш ва илмий-маърифий контентни кенг аудиторияга етказиш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Марказ ва оммавий ахборот воситалари ўртасида имзоланган мазкур меморандумлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий меросини кенг тарғиб қилиш ва уни жаҳон жамоатчилигига етказиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1241226.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
988129.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
770527.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.