
Янгиликлар
3000 йиллик тарихда аёллар роли қандай бўлган?
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси миллий меъморчилик анъаналарига таянган ҳолда барпо этилган бўлиб, унга тўрт томондан жойлашган тўрт асосий портал орқали кириш мумкин. Порталлар ва бино фасадидаги равоқлар илм, маърифат, бағрикенглик ҳамда ота-онага ҳурмат каби юксак қадриятларни ифода этувчи Қуръони карим оятлари ва ҳадислар билан безатилган. Айниқса, порталлар атрофида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг “Илм олиш ҳар бир мусулмон эркак ва мусулмон аёл учун фарздир” деган ҳадислари уч марта битилгани Марказнинг асосий ғояси — илм ва маърифатни улуғлаш эканини англатади.
Марказ экспозициясида “Исломдан аввалги давр цивилизациялари” бўлимида ташкил этилган 250 метрлик “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” орқали нафақат минтақамиздаги уч минг йиллик давлатчилик тарихи барельеф ва миниатюралар орқали ёритиб берилган, қадимги жамиятда аёлларнинг оила ва жамият ҳаётидаги ўрни ҳам алоҳида тасвирланган. Бу эса аёллар тарихи ва уларнинг жамият тараққиётидаги ҳиссаси қадим даврларданоқ муҳим аҳамиятга эга бўлганини кўрсатади.
Марказдаги Биринчи Ренессанс экспозициясида Салжуқийлар ва Олтин Ўрда даврида яшаб ижод қилган буюк шахслар, айниқса аёлларнинг маданият ва санъат ривожидаги ўрни акс эттирилган.
Иккинчи Ренессанс бўлими эса Амир Темур ва темурийлар даврига бағишланган бўлиб, у ерда давлатчилик, илм-фан ва маданий ҳаётнинг юксалиши кенг ёритилган. Экспозицияда аёллар образлари алоҳида эътиборга сазовор: тахтда ўтирган маликалар, темурий сулоласи аёллари ва уларнинг давлат ишларига таъсири интерактив экран қурилмалари орқали намойиш этилади.
Бу ерда Темурийлар даврига хос маданий меросни намоён этувчи муҳим экспонатлардан бири — Бибихоним либоси ҳисобланади. Ушбу либос ўша давр маликаларининг нуфузи ва уларнинг давлат бошқарувидаги ўрни ҳақида тасаввур беради.
Шунингдек, Гавҳаршодбегим, Сароймулкхоним ва Зебунисо каби темурий ва бобурий маликалар ҳаёти ҳам махсус интерактив форматда намоён этилган. Аватарлар – тарихий шахсларнинг виртуал образи ва аудио маълумотлар орқали ташриф буюрувчилар уларнинг ҳаёти, фаолияти ва ижодий мероси билан танишиш имконига эга бўлади.
Экспозицияда темурий ва бобурий сулоласига мансуб аёллар сиймолари жонли тарих сифатида тақдим этилган. Улар орасида Амир Темурнинг онаси Тегинабегим образи оналарнинг фарзанд тарбиясидаги ўрни ва миллат келажаги учун масъулиятини ифода этади.
Сароймулкхоним образида эса давлат ишларида ҳукмдорга елкадош бўлган, ҳаёт синовларига матонат билан қарши турган маликанинг иродаси намоён бўлади.
Гавҳаршодбегим сиймоси орқали эса меъморчилик ва хайрия ишларига катта ҳисса қўшган, масжид ва мадрасалар, кўприклар ҳамда шифохоналар қурдирган маърифатпарвар аёл тимсоли гавдаланади.
Бобурийлар сулоласи вакили Зебунисо эса ижодкор аёл образи сифатида тақдим этилган. У ўзининг шеърияти орқали ички кечинмалари ва ҳаёт ҳақидаги мулоҳазаларини ифода этган ва шу тариқа тарих саҳифаларида ном қолдирган.
Марказдаги Иккинчи Ренессанс панноси XV–XX асрларда минтақада юзага келган маданий уйғониш жараёнларини ёритади. Паннода меъморий обидалар, илмий асарлар ва бадиий адабиётлар билан бир қаторда мусиқа чалаётган аёл ва эркаклар тасвирлангани аёллар ҳам маданият ва санъат ривожига муносиб ҳисса қўшганини кўрсатади.
Экспозицияда тарихий даврлар турли ашёлар, қўлёзмалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали тақдим этилган. Сенсорли – сезувчи экранлар ёрдамида ташриф буюрувчилар буюк алломаларнинг сунъий интеллект асосида яратилган сиймолари билан ҳам танишишлари мумкин.
Марказда темурийзода малика Шодмалик томонидан кўчирилган Қуръони карим қўлёзмасининг муляжи ҳам намоён этилган. Бу нусха ҳижрий 871 (милодий 1467) йилда кўчирилган бўлиб, айни пайтда Истанбулдаги Турк ва ислом асарлари музейида сақланади. Қўлёзма хотимасида уни Муҳаммад Султон мирзонинг қизи Шодмалик кўчиргани қайд этилган.
Марказда Бобурийлар даврига бағишланган экспозиция ҳам мавжуд бўлиб, унда Бобур ва унинг авлодлари даврига оид қўлёзмалар, қурол-аслаҳалар ва шахсий буюмлар билан танишиш мумкин. Бу ерда дунё меъморчилигининг дурдоналаридан бири саналган Тожмаҳал мақбарасининг макети ҳам жойлаштирилган.
Тожмаҳал XVII асрда Бобурий сулоласи вакили Шоҳжаҳон томонидан рафиқаси Аржуманд Бону (Мумтоз Маҳал) хотирасига бағишлаб барпо этилган. Ушбу мақбара 1632–1653 йилларда Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида, Жамна дарёси соҳилида қурилган бўлиб, унинг барпо этилишида Туркия, Эрон, Мовароуннаҳр ва Ҳиндистондан келган минглаб меъмор ва усталар иштирок этган. Бугунги кунда у ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ва дунё меъморчилигининг энг юксак намунаси сифатида эътироф этилган.
Марказ экспозицияси замонавий даврни ҳам қамраб олади. “Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс” бўлимида мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ислоҳотлар акс эттирилган.
Бу ерда аёлларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки, гендер тенглиги, оилавий қадриятлар, шунингдек ёшлар сиёсати, спорт, ташқи сиёсат ва туризм соҳаларидаги ютуқлар интерактив воситалар орқали намойиш этилади.
Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси орқали тарихга назар ташлар эканмиз, цивилизация тараққиёти фақат буюк саркарда ёки алломалар фаолияти билангина эмас, балки жамиятда муҳим ўрин тутган аёллар ҳиссаси билан ҳам боғлиқ эканини англаймиз. Қадимги даврлардан тортиб Темурий ва Бобурийлар замонигача, шунингдек, бугунги Янги Ўзбекистон давригача бўлган жараёнларда аёллар маърифат, маданият, илм-фан ва давлат бошқаруви соҳаларида муносиб ўрин эгаллаб келган.
Темурий маликаларнинг давлат ишларидаги фаол иштироки, Гавҳаршодбегим каби маърифатпарвар аёлларнинг масжид, мадраса ва бошқа хайрия иншоотлари барпо этишга қўшган ҳиссаси, Зебунисо каби ижодкор аёлларнинг адабиёт ва маънавиятга киритган улкан мероси — буларнинг барчаси аёллар цивилизация тараққиётида фаол иштирок этганини яққол намоён этади.
Ислом цивилизацияси марказидаги экспозициялар ана шу ҳақиқатни ёрқин ва таъсирчан тарзда кўрсатиб беради. Бу ерда намоён этилган аёллар сиймолари фақат тарихий образ сифатида эмас, балки жамият ривожига илҳом бағишловчи маънавий тимсол сифатида талқин этилади. Улар орқали келажак авлодга бир муҳим ҳақиқат етказилади, миллатнинг тараққиёти ва цивилизация юксалишида аёлларнинг ўрни беқиёс.
Дурдона Расулова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.