

Янгиликлар
2000 йиллик мерос: қадимий алифбода энди ҳар ким ёзиб кўриши мумкин
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида интерактив технологиялар орқали қадимий алифбони ўрганиб, уни амалда ёзиб кўриш мумкин. Бу ёзув 2000 йил аввал Марказий Осиёда кенг қўлланилган.
Марказий Осиё ҳудуди қадимдан йирик цивилизациялар чорраҳаси сифатида шаклланган. Бу заминда турли халқлар, маданиятлар ва тиллар ўзаро ривожланган. Ана шундай қадимий ва муҳим маданий марказлардан бири — Бақтрия ҳисобланади. Қадимги Бақтрия нафақат сиёсий ва иқтисодий ҳаёти, балки илмий-маданий мероси, айниқса ёзув ва тил маданияти билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Бақтрия цивилизацияси Марказий Осиё тарихида муҳим ўрин эгаллаб, кейинги даврларда шаклланган маданий анъаналар учун мустаҳкам замин яратган.
Бақтрия ҳудуди асосан ҳозирги Афғонистоннинг шимоли, Тожикистоннинг жануби ва Ўзбекистоннинг жануби-шарқий қисмига тўғри келади. Бу ҳудуд қадимдан савдо йўллари, айниқса Буюк Ипак йўлининг муҳим нуқталаридан бири бўлган. Шу боис Бақтрия маданияти турли халқлар ва цивилизациялар таъсирида бойиб борган. Археологик топилмалар, ёдгорликлар ва ёзув намунаси бу ҳудудда юксак маданий ҳаёт мавжуд бўлганини кўрсатади.
Бақтрия цивилизациясининг муҳим жиҳатларидан бири — унинг ёзув тизимидир. Бақтрия ёзуви қадимги Бақтрия ҳудудида қўлланилган ёзув бўлиб, у асосан юнон алифбоси асосида шаклланган. Бу ҳолат Бақтриянинг эллинистик маданият билан чамбарчас боғлиқлигини намоён этади. Милоддан аввалги III–II асрларда ҳукмронлик қилган Юнон-Бақтрия подшолиги даврида юнон тили расмий тил сифатида ишлатилган. Натижада юнон алифбоси маҳаллий тилга мослаштирилиб, Бақтрия ёзуви шаклланган.
– Бақтрия тили эроний тиллар оиласига мансуб бўлиб, тахминан милодий I асрдан IX асргача муомалада бўлган. Бу тил Марказий Осиёдаги қадимий тиллардан бири сифатида тарихда муҳим ўрин тутади. Бақтрия ёзуви юнон алифбосига асосланган бўлса-да, унда юнон тилида мавжуд бўлмаган айрим товушларни ифодалаш учун қўшимча белгилар киритилган. Масалан, “ϸ” (шо) ҳарфи махсус равишда /ш/ товушини билдириш учун яратилган. Ёзув чапдан ўнгга қараб ёзилган бўлиб, жами 24 та ҳарфдан иборат: 23 та юнон ҳарфи ва бирта махсус “ϸ” ҳарфи, – деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази етакчи илмий ходими Анвар Матниёзов.
Бақтрия ёзувининг кенг тарқалиши, айниқса, Кушонлар даврига тўғри келади. Милодий I–IV асрларда ҳукмронлик қилган Кушонлар давлати Марказий Осиё ва унга туташ ҳудудларда йирик сиёсий кучга айланган. Бу даврда Бақтрия тили давлат тили сифатида эътироф этилган ва расмий ҳужжатлар ҳамда ёдгорликларда қўлланила бошланган. Кушон подшоҳи Канишка даврига оид ёзувлар Бақтрия тили ва ёзувининг энг машҳур намунаси ҳисобланади.
Масалан, Бақтрия тилидаги қуйидаги ёзув:
ϸαο κανηϸκι κοϸανο
Бу ибора “Шоҳ Канишка Кушон”, яъни “Кушон подшоҳи Канишка” маъносини англатади. Бу каби ёзувлар нафақат тарихий шахслар ва сиёсий ҳокимият ҳақида маълумот беради, балки ўша даврдаги тил, маданият ва давлат бошқаруви тизими ҳақида ҳам муҳим манба ҳисобланади.
Бақтрия ёзуви тиллар тарихини ўрганишда алоҳида аҳамиятга эга. Чунки у оромий, пахлавий ёки сўғд ёзувлари каби тизимлар билан боғлиқ бўлмаган, балки юнон алифбоси асосида яратилган ягона ёзувлардан бири ҳисобланади. Бу эса Бақтрия маданиятининг ўзига хослиги ва унинг эллинистик дунё билан ўзаро таъсирини кўрсатади.
Бугунги кунда ушбу ёзув намунаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг муҳим қисмларидан бири сифатида намойиш этилмоқда. Марказдаги “Исломдан аввалги давр” бўлимида Бақтрия ёзувига оид маълумотлар ва унинг намунаси жойлаштирилган. Бу экспозиция орқали ташриф буюрувчилар минтақамизда ислом дини кириб келишидан аввал ҳам юксак маданий ва илмий анъаналар мавжуд бўлганини англаб етади.
Айниқса, экспозицияда замонавий интерактив технологиялардан фойдаланилгани диққатга сазовор. Катта экран орқали Бақтрия ёзуви ҳарфлари ва сўзлари намойиш этилади. Ташриф буюрувчилар ушбу экранда Бақтрия алифбосини ўз қўллари билан ёзиб кўриш имкониятига эга бўлади. Бу эса музей экспозициясини янада жонли ва қизиқарли қилиб, тарихий меросни замонавий усулда англаш имконини яратади.
Шу тариқа, Бақтрия ёзуви нафақат қадимги цивилизациянинг нодир ёдгорлиги, балки бугунги кунда ҳам тарихни англаш, маданий меросни асраш ва уни кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этади. Марказ экспозицияси эса ушбу бой мерос замонавий усуллар орқали намойиш этилиб, ташриф буюрувчиларни ўтмиш билан бевосита таништиришга хизмат қилмоқда.
Дурдона Расулова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.