
Янгиликлар
“Буюк сиймолар галереяси” – тарихий ҳақиқатни ифодалайди
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг асосий мақсадларидан бири — халқимизнинг уч минг йиллик бой тарихини, унинг бунёдкорлик салоҳиятини, жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини ҳамда буюк аждодларимиз қолдирган маданий-маърифий меросни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишдан иборат.
Қарийб тўққиз йил давом этган изчил меҳнат ва кенг кўламли қурилиш ишлари натижасида бу улкан мажмуа барпо этилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўзининг маҳобати, кенг ҳудуди ва мазмун-мундарижасига кўра ислом тарихи, маданияти ва цивилизациясини ўрганиш ва тарғиб этишга бағишланган дунёдаги энг йирик илмий-маърифий мажмуалардан бири ҳисобланади.
Марказ кириш қисмида жойлашган “Буюк сиймолар галереяси”га ўзбек ҳунармандчилиги анъаналари асосида яратилган учта – битта катта ва иккита ўрта ўлчамдаги эшик орқали кирилади. Ушбу эшиклар миллий наққошлик ва ёғоч ўймакорлиги анъаналарини мужассам этган ҳолда бинонинг умумий меъморий қиёфасига уйғун тарзда ишланган.
Фойенинг периметри бўйлаб жойлашган 14 та ярим овал равоқ Марказий Осиё тарихининг энг муҳим босқичларини бадиий ифодаловчи рангтасвир композициялари билан безатилган. Ушбу асарларда юртимизнинг бой ўтмиши, буюк алломалар ва тарихий шахсларнинг ҳаёти ҳамда фаолияти тасвирланган. Фрескалар 110 хил рангдаги микромозаика тошлари ёрдамида яратилган бўлиб, ҳар бир кичик бўлак қўл меҳнати билан терилган. Мазкур мураккаб санъат асарлари хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилган.
Равоқларда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даври манзаралари ҳамда Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Улуғбек Мирзо, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва жадид маърифатпарварлари каби улуғ сиймоларнинг тимсоллари акс этган.
Равоқлардан бирида ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида юзага келган туб тарихий ва маданий ўзгаришлар умумлаштирилган бадиий талқинда тасвирланган. Ислом таълимотининг илм-маърифатга даъвати, тинчлик ва тотувликни улуғлаши, инсон қадрини юксалтириши ҳамда бунёдкорлик ғояларини тарғиб этиши ўлка тарихида янги босқични бошлаб берди. Айнан шу даврда масжидлар ҳузурида ташкил этилган мактаблар кейинчалик ривожланиб, мукаммал таълим тизимига айланди. Бошланғич ва ўрта таълим масканлари бўлган мактаблар, олий таълим вазифасини бажарган мадрасалар ҳамда йирик олимлар атрофида шаклланган илмий марказлар Мовароуннаҳрни илм-фан марказига айлантирди.
Араб манбаларида “Мовароуннаҳр” — “дарё ортидаги ўлка” деб ном олган бу ҳудуд қисқа вақт ичида ислом илмларининг етакчи марказларидан бирига айланди. Абу Ҳафс Кабир, Абдураҳмон Доримий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Қаффол Шоший, Бурҳониддин Марғиноний каби юзлаб уламолар ҳадис, тафсир, калом ва фиқҳ илмларини юксак даражага кўтардилар. Илмий доираларда тез-тез тилга олинадиган “Ислом таълимотининг дарахти Арабистонда экилган бўлса, унинг меваси Мовароуннаҳрда пишган” деган ибора айнан шу тарихий ҳақиқатни ифодалайди.
Бу даврда Мовароуннаҳрда нафақат диний, балки аниқ ва табиий ҳамда ижтимоий-гуманитар фанлар ҳам мислсиз равишда ривожланди. Математика, астрономия, тиббиёт, маъданшунослик, география, фалсафа, тарихнавислик ва адабиёт соҳаларида оламшумул илмий ютуқларга эришилди. Муҳаммад Хоразмийнинг ўнлик позицион ҳисоблаш тизимини такомиллаштириши ва ноль рақамини математикага киритиши математика тарихида инқилобий бурилиш ясади. Аҳмад Фарғоний яратган “Астрономия асослари” асари эса асрлар давомида Европа илмий муассасаларида асосий қўлланма сифатида хизмат қилди. Ибн Синонинг “Тиб қонуни” асари тиббиёт илмини тизимли назария асосига қўйиб, илмий тиббиёт даврини бошлаб берди. Абу Райҳон Берунийнинг кашфиётлари эса астрономия, геодезия, фармакогнозия ва география каби фанлар ривожига беқиёс ҳисса қўшди.
Ислом цивилизациясининг кириб келиши меъморчилик тараққиётига ҳам кучли туртки берди. Миллий меъморчиликда янги шакл ва безаклар пайдо бўлди: мовий гумбазлар билан безатилган масжидлар, улуғвор миноралар, шаҳар марказларини безаган мадрасалар, машҳур уламолар ва давлат арбоблари дафн этилган маҳобатли мақбаралар бунёд этилди.
Зоҳидулла Мунавваров, Марказ бош илмий ходими:
– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг асосий кириш фойеси ўзига хос алоҳида бир музейни эслатади. Бу ерда мусулмон илм-фани тарихидаги икки муҳим йўналиш — исломий илмлар ҳамда аниқ ва табиий фанларнинг юксак ривожланганини кўриш мумкин. Шунингдек, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби тарихий шахслар фаолиятини ифодаловчи композициялар ҳам намойиш этилган.
Мазкур композициялар ғояларини ишлаб чиқиш жараёнида Ўзбекистондан мингдан ортиқ, хориждан эса 600 дан зиёд олимлар — мусулмон дунёси ва Ғарб илмий жамоатчилиги вакиллари иштирок этган. Бу ишлар устида уч йилдан ортиқ вақт давомида изчил меҳнат қилинган.
“Буюк сиймолар галереяси”даги ушбу бадиий композиция исломнинг юртимизга кириб келиши натижасида юзага келган илмий ва маданий юксалиш жараёнини рамзий ва бадиий талқинда акс эттиради. У Марказий Осиё цивилизацияси тарихида Мовароуннаҳрнинг тутган ўрни ва унинг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини ёдга солувчи ёрқин ифодадир.
Шаҳноза Раҳмонова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.