
Янгиликлар
ABC:"ЎЗБЕКИСТОН ҚАДИМГИ ИПАК ЙЎЛИ МЕРОСИНИ ҚАЙТА ТИКЛАМОҚДА"
Нуфузли Испаниянинг АБC газетасида эълон қилинган мақолада таъкидланишича, Тошкентда очилган Ислом цивилизацияси маркази Буюк Ипак йўлининг бой меросини замонавий технологиялар билан уйғунлаштирган йирик маданий-илмий лойиҳа ҳисобланади. Марказ халқаро миқёсдаги диққат марказига айланиб, унда маданият, илм-фан ва замонавий ғоялар туташади ҳамда цивилизациялар ўртасидаги мулоқот учун янги имкониятлар очади. Шу билан бирга, у Ўзбекистоннинг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссасини қайта англашга хизмат қилади.
Ўзбекистон VII аср хазиналарини сунъий интеллект билан уйғунлаштирган улкан мажмуа очилиши орқали билимлар машъали сифатида ўз мавқеини қайта тикламоқда.
Марказий Осиёнинг юрагида, вақт қумлари Ипак йўлининг мовий гумбазлари узра гўё тўхтаб қолгандек туюладиган заминда, цивилизация тарихининг янги саҳифаси очилди. Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази очилди — бу улкан лойиҳа нафақат минтақа шаҳарсозлигини янгича босқичга олиб чиқмоқда, балки Ўзбекистоннинг жаҳон тафаккури марказларидан бири сифатидаги ўрнини ифтихор билан намоён этмоқда.
МУЛОҚОТ ВА КАШФИЁТЛАР УЧУН КЎПРИК
Темурийлар даври меъморчилигининг абадий услубида яратилган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган мазкур марказ миллий маданий мерос билан чуқур боғлиқдир. Унинг тўртта муҳташам портали мамлакат ҳудудларини ифодаласа, нақшли кошинлар ва хаттотлик билан безатилган фасадлар асрлар давомида шаклланган ҳунармандчилик анъаналарини акс эттиради.
Ўн гектардан иборат ушбу мажмуа шунчаки музей эмас — у юксак мақсадлар баёнотидир. Асрлар давомида бу ҳудуд жаҳон илм-фанининг қон томири бўлиб келган. Бу ерда карвонсаройлар орқали нафақат ипак ва зираворлар, балки алгебра, замонавий тиббиёт ва астрономиянинг илк асослари ҳам тарқалган. Бугун ана шу маънавий ва илмий алмашинув анъанаси қайта тикланмоқда. Марказ 2026 йил учун дунёдаги энг гўзал музейлардан бири сифатида нуфузли Prix Versailles мукофотига сазовор деб топилди.
УСМОН ҚУРЪОНИ: УМУМИНСОНИЙ ХАЗИНА
Катта кўргазма зали марказида ислом динининг энг муқаддас ва ҳайратланарли ёдгорликларидан бири — Усмон Қуръони жойлашган. Бу VII асрга мансуб қўлёзма бўлиб, Қуръони Каримнинг сақланиб қолган энг қадимий нусхаларидан бири ҳисобланади ва ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” реестрига киритилган.
Унинг ҳузури инсонни эҳтиромли сукутга чорлайди. Шунингдек, Маккадаги Каъбани қоплаб турадиган кисва матосининг бир бўлаги ҳам намойиш этилган.
Ушбу маданий меросни қайтариш мисли кўрилмаган дипломатик ҳаракатлар натижасидир. Президент ташаббуси билан амалга оширилган репатриация дастури доирасида 2 мингдан ортиқ қўлёзмалар ва тарихий ашёлар Ўзбекистонга қайтарилди. Бу жараёнда йирик ташкилотлар, халқаро музейлар ва хусусий коллекционерлар иштирок этиб, вақт ва тақдир туфайли дунёнинг турли бурчакларига тарқалиб кетган нодир асарларни жамлашга эришилди.
ХОРАЗМИЙДАН УЧИНЧИ РЕНЕССАНСГАЧА
Музей экспозицияси “Цивилизациялар – Шахсиятлар – Кашфиётлар” шиори асосида ташкил этилган. Ташриф буюрувчилар исломгача бўлган даврдан тортиб, бугунги кунда “Учинчи Ренессанс” деб аталётган янги босқичгача бўлган тарихий саёҳатни амалга оширади.
"Буюк сиймолар галереяси" залида буюк алломалар хотираси абадийлаштирилган: ал-Хоразмий — алгебрага ном берган олим; Ибн Сино (Авиценна) — асрлар давомида Европа университетларида асосий тиббий қўлланма бўлган асар муаллифи; Мирзо Улуғбек — осмон жисмларини улкан аниқлик билан ўрганган астроном.
40 ДАВЛАТ ИШТИРОКИДАГИ ГЛОБАЛ ЛОЙИҲА
Ушбу мажмуа қурилиши халқаро ҳамкорлик намунасига айланди. 40 мамлакатдан 1500 дан ортиқ мутахассислар ушбу лойиҳада иштирок этди. Темурийлар услубида фасадларни безаган хаттотлардан тортиб, сунъий интеллект ва 3D технологияларини жорий этган муҳандисларгача барча ўз ҳиссасини қўшди.
Марказ фақат ўтмишга назар ташламайди. Унда замонавий реставрация ва рақамлаштириш лабораториялари, тарихий архивлар ҳамда дунё миқёсидаги кутубхона жойлашган.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов таъкидлаганидек:
«Кўп йиллар давомида муҳтарам Президентимиз ҳақиқий билимлар марказини яратишни орзу қилган эдилар — бу макон халқимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини намоён этади. Биз ушбу лойиҳа маданий мулоқот учун платформага айланишига ишонамиз».
ЯНГИЛАНИШНИНГ ТИРИК РАМЗИ
Рамазон ойида — айнан шу ойда 8 йил аввал биринчи тош қўйилган эди — очилган Ислом цивилизацияси маркази ўз эшикларини кенг жамоатчилик учун очишга тайёр. У келажак авлодлар учун ислом маданий меросини асраш ва тарғиб қилишнинг ёрқин рамзига айланмоқда.
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.

