Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ўзбекистон ўз тарихини қайта намоён қилмоқда: Франция делегацияси Марказни юқори баҳолади

Тошкент шаҳрида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат тарихий меросни намойиш этувчи маскан, балки халқаро ҳамкорликни ривожлантирувчи муҳим платформалардан бирига айланмоқда. Франция делегациясининг ушбу масканга ташрифи бу фикрни яна бир бор тасдиқлади.

Франция ва Ўзбекистоннинг Иқтисодиёт палатаси вакилларидан иборат делегация мазкур ташриф доирасида Марказ экспозициялари билан яқиндан танишди. Делегация аъзолари марказ музейининг илмий-концептуал мазмуни ҳамда замонавий тақдимот усулларини юқори баҳоладилар.

Марказ музейининг мозаика услубида яратилган буюк алломалар суратлари акс эттирилган “Буюк сиймолар галереяси”дан бошланган экскурсия меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Марказ кириш нуқтасида жойлаштирилган ушбу санъат асари ҳар бир ташриф буюрувчида илк дақиқаларданоқ чуқур таассурот ва ҳаяжон уйғотишини алоҳида таъкидладилар.

Исломдан аввалги даврга бағишланган бўлимда эса Буюк ипак йўли тарихи делегация аъзоларини ўзига жалб этди. Айниқса, VIII асрга тегишли қанотли туя тасвирли кўза ҳар бир меҳмоннинг эътиборини тортиб, қадимий савдо ва маданий алоқаларнинг рамзий ифодаси сифатида юқори баҳоланди.

Биринчи Ренессанс бўлимида намойиш этилган Абу Райҳон Берунийнинг глобуси ҳақидаги маълумотлар меҳмонларда алоҳида таассурот қолдирди. Улар ушбу илмий мерос айнан Ўзбекистон заминида жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар етишиб чиққанига муҳим далил бўла олишини таъкидладилар. Шунингдек, ушбу бўлимда жойлашган олти капсулада ислом цивилизациясининг шаклланиши ва ривожига ҳисса қўшган алломалар тарихи билан танишиш ташриф буюрувчиларнинг билим доирасини янада кенгайтиришда алоҳида роль ўйнашини таъкидладилар.

Тифэн Манe, Ўзбекистон ва Тожикистон бўйича иқтисодий ваколатхона раҳбари ўринбосари: 

– Ислом цивилизацияси марказининг музейи жуда қизиқарли. Ўзбекистон тарихига тегишли кўплаб археологик ёдгорликларни кўрганман, аммо айнан шу маскан ўзининг бой экспозицияси ва тақдимоти билан алоҳида таассурот қолдирди.

Экспонатлар жуда пухта ва тушунарли тарзда намойиш этилган. Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Термиз каби ҳудудлардан топилган ноёб топилмалар жамланган. Уларнинг бир қисми француз археологик миссияси томонидан аниқланиб, реставрация қилингани ҳам эътиборга молик.

Умуман олганда, бу ташаббус ўзбек жамиятининг ўз тарихини янада чуқурроқ англашига хизмат қилади. Марказ жуда катта ва мазмунан бой. Интерактив ёндашув эса айниқса ёшлар учун тарихни қизиқарли ва тушунарли тарзда ўрганиш имконини беради.

Шу билан бирга, бу маскан сайёҳлар учун ҳам жуда муҳим, чунки у ерда Ўзбекистоннинг бой археологик мероси ва тарихини ўрганиш учун энг самарали усул қўлланган.

Иккинчи Ренессанс бўлимида эса Амир Темур даври дипломатияси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Франция қироли Карл VI томонидан Амир Темурга йўлланган мактуб мазмуни делегация аъзоларида тарихий воқеаларни гўёки бевосита кузатаётгандек таассурот қолдирди.

“Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида мамлакатнинг бугунги тараққиёт босқичи ва 2050 йилгача мўлжалланган стратегик режалари тақдим этилди. Меҳмонлар ушбу ютуқлар ва истиқболли режаларни юқори баҳолаб, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётганига ишонч билдирдилар.

Жан Клод Байжан, бельгиялик собиқ дипломат: 

– Мен Бельгияданман ва бу ерда анчадан бери яшайман. Бу қадар гўзал музейни кўриб жуда хурсандман. Бу ерга келиб, Марказий Осиё, айниқса ,Ўзбекистон тарихини кўриш мен учун катта ҳиссий таассурот қолдирди.

Бу ерга келишимнинг бир неча муҳим сабаблари бор. Шунингдек, олдиндан катта кутишларим бор эди. Амир Темур майдонидаги музей жуда чиройли, аммо бу Марказ Ўзбекистоннинг ҳам қадимги, ҳам замонавий қиёфасини янада кенгроқ ва чуқурроқ акс эттиради.

Энг муҳими, Ўзбекистонда ўзимизни жуда қулай ҳис қиламиз. Ўз тарихини ва маданиятини қадрлайдиган, келажагига ишонч билан қарайдиган мамлакат эканини ҳис қилиш бизга катта қувонч бағишлайди.       

Қуръони карим зали орқали Ўзбекистонда ислом динига бўлган чуқур ҳурмат ва эътибор мамлакатнинг маънавий барқарорлигида муҳим ўрин тутишини қайд этдилар. Шунингдек, залнинг меъморий ечими ва замонавий мэппинг технологиялари меҳмонлар томонидан юқори баҳоланиб, бундай ечимлар ҳатто бошқа давлатларда кам учрашини таъкидладилар.

Ташриф якунида Франция–Ўзбекистон делегацияси Ислом цивилизацияси маркази замонавий илмий-маърифий мулоқот платформаси сифатида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1352726.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1094629.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
875427.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.