

Янгиликлар
Ўзбекистонда илк бор: китоблар ультрабинафша нур билан “дезинфекция” қилинади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган замонавий инновацион кутубхонада китобларни стерилизация қилиш имконияти мавжуд.
Юртимиз маданий ва илмий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган улкан маскан — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази замонавий билим ва маърифат маскани сифатида самарали хизмат кўрсатиб келмоқда.
Марказ замонавий музей, илмий тадқиқот маркази ва инновацион кутубхонани ўзида мужассам этган ҳолда, аждодлар меросини янги форматда кенг жамоатчиликка тақдим этмоқда.
Замонавий кутубхона нафақат китоб сақланадиган жой, балки интеллектуал муҳит, рақамли технологиялар билан жиҳозланган, илғор ахборот маконидир. Бу ерда ноёб манбалар, электрон ресурслар ва интерактив хизматлар бирлашган бўлиб, фойдаланувчилар учун максимал қулайлик ва самарадорлик яратилган. Энг муҳими, кутубхонада фақат ахборот хизматлари эмас, балки соғлом ва хавфсиз муҳитни таъминлаш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида қаралади.
Замонавий кутубхоналарда гигиена талабларига жавоб берадиган махсус технологияларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этади. Ана шундай инновацион ечимлардан бири сифатида марказ кутубхонада Жанубий Кореянинг “Evertree Co., Ltd.” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “LIVA LBS601” русумли китоб стерилизаторлари ўрнатилган.
Ушбу қурилма бир вақтнинг ўзида 6 та китобни қисқа вақт ичида стерилизация қилиш имкониятига эга. Бугунги кунда Марказ кутубхонасида ушбу стерилизаторлардан иккитаси мавжуд бўлиб, улар кун давомида юзлаб китобларни тез ва самарали тозалаш имконини беради. Китоблар махсус камерага жойланади, қурилма эшиги ёпилади ва UV-C лампалар ишга тушади. Ички вентилятор саҳифаларни енгил очиб беради, бу эса ультрабинафша нурлари китобнинг ички қисмларигача етиб боришини таъминлайди. Натижада китоблар тўлиқ дезинфекция қилинади. Фойдаланувчилар ушбу жараённи қурилма ойнаси орқали бевосита кузатиш имкониятига ҳам эга.
Сарвар Маматқулов, “Smart Library” компанияси лойиҳа менежери:
– LIVA стерилизаторлари китобларни атиги 60 сония ичида тўлиқ дезинфекция қилиш имкониятига эга. Қурилмада ультрабинафша нурлар китобнинг ички ва ташқи қисмларигача етиб бориб, бактерия ва бошқа зарарли омилларни бартараф этади. Бу эса нафақат фойдаланувчилар соғлиғини ҳимоя қилади, балки кутубхонада замонавий ва хавфсиз муҳит яратишга хизмат қилади.
Бу каби замонавий технологияларнинг жорий этилиши Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасида нафақат билим олиш, балки соғлом ва хавфсиз муҳитда фойдаланиш имкониятлари яратилганини кўрсатади. Шу жиҳатдан, мазкур кутубхона инновация ва маънавият уйғунлашган илғор намуна сифатида намоён бўлмоқда.
Маълумот учун, Марказда ташкил этилган Янги Ўзбекистон инновацион кутубхонаси бир вақтнинг ўзида 266 кишига хизмат кўрсата олади.
Кутубхона 300 минг босма китоб сиғимига эга, 250 минги сақлов хоналарида ва 50 минг китоб очиқ фондда ва музей экспозициясиларидаги китоб жавонларида жойлаштирилган.
Кутубхонанинг 300 мингдан ортиқ электрон китоб фонди мавжуд. Маҳаллий ва халқаро маълумотлар базасига кириш орқали 10 миллиондан ортиқ электрон ресурслардан фойдаланиш имконияти яратилган. Айни пайтда Кутубхона умумий фонди 35 мингдан ошади.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.