
Янгиликлар
Амир Темур излари яширинган сирли галерея
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун нафақат мамлакатимизнинг, балки бутун жаҳоннинг эътибор марказига айланган ноёб маънавий-маърифий маскан сифатида намоён бўлмоқда. Ўзининг маҳобатли меъморий қиёфаси, улкан ички кўлами ва мазмунан бой экспозициялари билан ажралиб турадиган марказ очилганидан буён ҳар куни беш мингдан ортиқ ташриф буюрувчиларни қабул қилмоқда.
Марказга Самарқанд портали орқали кирилганда, меҳмонларни “Буюк сиймолар галереяси” қарши олади. Ушбу зал ўзининг беқиёс бадиий ва меъморий ечимлари билан алоҳида аҳамиятга эга. Бу ердаги 14 та равоқнинг ҳар бири 110 хил рангдаги микромозаика тошларидан юксак маҳорат билан терилган. Асарлар рассом Алишер Аликулов бошчилигидаги ижодий жамоа томонидан яратилган ва улар давлат раҳбари тавсиялари асосида мукаммаллаштирилган.
Айни кунларда мамлакатимизда буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланаётган бир пайтда, галереянинг саккизинчи панноси алоҳида эътиборни тортади. Ушбу асар ўзбек давлатчилигининг тимсолига айланган Соҳибқирон сиймосини бадиий ва рамзий жиҳатдан чуқур очиб беради.
Панно марказида Амир Темурнинг улуғвор қиёфаси – қорабайир от устидаги саркарда образи гавдалантирилган. Унинг атрофида эса буюк давлат асосчиси сифатидаги фаолиятини ёритувчи муҳим тарихий рамзлар жамланган. Жумладан, йўлбарс-шер тасвирланган байроқ, унинг номидан зарб этилган тилла тангалар, Темурийлар муҳри, Шоҳрух Мирзо даврида чизилган харита, шунингдек, Франция қироли Карл VI билан ёзишмалардан лавҳалар бу ерда ўрин олган.
Асарда Соҳибқироннинг “қудратимизга шубҳа қилсалар, биз қурган биноларга қарасинлар” деган маънодаги ғояси ҳам бадиий ифода топган. Шу боис, паннода Темурийлар даври меъморчилигининг дурдоналари Шаҳрисабздаги Оқсарой, Самарқанддаги Гўри Амир каби обидаларнинг тасвирлари ҳам жой олган.
Асарнинг яна бир муҳим жиҳати Амир Темур номига қўшиб айтиладиган “Соҳибқирон” унвонининг мазмун-моҳиятининг очиб берилганидир. Бу атама унинг туғилиши билан боғлиқ ноёб самовий ҳодиса — сайёралар яқинлашуви, яъни “қирони саъдайн” билан изоҳланади. Мазкур воқеа ўша давр мунажжимлари томонидан буюк шахс туғилишининг рамзи сифатида талқин қилинган бўлиб, асарда Юпитер (Муштарий) ва Венера (Зуҳро) сайёраларининг рамзий тасвири орқали бадиий ифода этилган.
Паннода, шунингдек, Соҳибқирон ҳаётида муҳим ўрин тутган шахслар пири муршиди Саид Барака, Аҳмад Яссавий, Бибихоним ва Гавҳаршодбегим образлари ҳам акс эттирилган. Орқа фондаги олма дарахти фаровонлик ва қут-барака рамзи сифатида талқин этилса, парвоздаги кабутар тинчлик ва барқарорлик ғоясини ифода этади.
Марказ бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров:
Асарнинг қуйи қисмида Темурийлар сулоласининг давомийлиги ва кенг ҳудудларни қамраб олганлиги тасвирий шажара орқали кўрсатилган. Шу билан бирга, Темурийлар маданиятининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси Тожмаҳал ёдгорлиги, Ҳирот ва Исфаҳон меъморий анъаналари мисолида ёрқин ифода этилган.
Панно композициясида Амир Темур бошқарувининг рамзий ифодаси сифатида унинг тахти ва “Темур тузуклари”га ишоралар ҳам ўрин олган. Атрофдаги буюмлар сув идиши, билим сандиқчаси, кўзгу каби деталлар эса поклик, илм ва маънавият тимсоли сифатида талқин қилинган. Қалқон ва камон ҳарбий қудратни, гуллар эса тараққиёт ва бунёдкорлик ғоясини ифода этади.”
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.