

Янгиликлар
Бухорий ва Термизий мероси жонланган маскан: жаҳонни ҳайратга солаётган марказ
Дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази очилганига ҳали кўп вақт ўтмай туриб, халқаро жамоатчилик эътиборини ўзига тортди.
Марказга ташриф буюрган меҳмонларни аввало микромозаика усулида ишланган 14 равоқдан иборат “Буюк сиймолар галереяси” қарши олади. Ушбу галереянинг тўртинчи асари бугунги Ўзбекистон ҳудудидан етишиб чиққан буюк муҳаддислар - Имом ал-Бухорий ва Имом ат-Термизий ҳаёти ҳамда илмий меросига бағишланган.
Таъкидлаш жоизки, ҳадисшунослик - ҳадисларни жамлаш, саралаш, таснифлаш ва шарҳлаш илми ислом илмларининг энг қадимий ва фундаментал йўналишларидан бири бўлиб, кейинчалик шаклланган кўплаб диний фанлар айнан шу замин асосида ривож топган.
Тарихий манбалар Мовароуннаҳр ҳудудининг ҳадис илми тараққиётида алоҳида ўрин тутганини тасдиқлайди. Хусусан, IХ–ХII асрларда бу минтақа йирик илмий марказга айланган бўлиб, бу ерда 3000 дан ортиқ муҳаддис фаолият юритган. Улар Самарқанд, Бухоро, Қарши (Насаф), Шаҳрисабз (Кеш), Термиз, Хива ҳамда Тошкент (Шош) каби шаҳарларда, шунингдек, Уструшона ва Фарғона водийси ҳудудларида самарали илмий фаолият олиб борган.
Мазкур маконларда шаклланган илмий муҳит ҳадис илмининг тизимлашуви ва юксалишида муҳим омил бўлиб хизмат қилган.
Имом ал-Бухорийнинг “Ал-Жоме ас-саҳиҳ” асари ислом оламида энг ишончли ҳадис тўпламларидан бири сифатида тан олинган. Унда ҳадисларни саралашда қатъий илмий мезонларга амал қилинган бўлиб, ривоятчилар занжири чуқур таҳлил этилган ва фақат саҳиҳ ҳадислар жамланган. Ушбу асар асрлар давомида ислом илмлари ривожида муҳим манба бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
Имом ат-Термизий эса “Ал-Жоме ас-сунан” асари орқали ҳадисларни уларнинг даражаси ва амалий аҳамиятига кўра тизимлаштирган. Ушбу тўпламда ҳадислар “саҳиҳ”, “ҳасан” ва “заиф” каби тоифаларга ажратилиб, илмий асосда баён қилинган. Бу ёндашув ҳадис илмининг янада ривожланишида муҳим аҳамият касб этган.
Бу икки аллома томонидан тузилган ҳадис тўпламлари "Aл-кутуб ас-ситта" ("олти китоб"), яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) билан боғлиқ ҳадисларнинг энг ишончли олтита тўплами қаторига киради. Анъанага кўра, ушбу тўпламларнинг саноғи Имом Бухорийнинг "ал-Жомас-саҳиҳ" (“Ишончли тўплам”)идан бошланади. Қолган тўпламлар муаллифлари – Имом Муслим (821-875), Имом Абу Доуд (817-889), Имом Ибн Можа (824-886), Имом Насоий (в. 915) ва Имом Термизий ҳам бу тартибни маъқуллаб, "ал-Жоме ас-саҳиҳ"ни энг аъло тўплам сифатида эътироф этишган. Бинобарин, бу асар исломнинг Қуръони каримдан кейинги ўринга қўйиладиган бирламчи ёзма манбаси ҳисобланади. Имом Бухорийни ўзининг устози деб билган Имом Термизий қаламига мансуб "Сунан ат-Термизий" тўплами ҳам “олти китоб”дан биридир.
Асарга киритилган асосий сюжетлар қуйидаги йўналишларда таснифланади: ўрта аср мусулмон олимларининг коинот ҳақидаги тасаввурларини ифодаловчи галактика манзараси, исломнинг илм-маърифат дини эканини таъкидловчи ва марказида “Аллоҳ самолар ва Ернинг нури” мазмунидаги оят битилган Қуёш образи.
Шунингдек, асарда бош қаҳрамонлар томонидан яратилган ҳадис тўпламларининг арабча номлари, уларнинг қадимий қўлёзмаларидан кўчирилган саҳифалар ҳамда тарихий воқеаларни акс эттирувчи ўрта аср миниатюралари ўрин олган. Жумладан, Бағдод уламолари томонидан Имом ал-Бухорийнинг синовдан ўтказилиши ҳамда Имом ат-Термизийнинг халқ томонидан эътироф этилиши тасвирланган саҳналар киритилган.
Бундан ташқари, IХ–Х асрларга хос эпиграфик ёзувлар, ранг-баранг кошин безаклари (маёлика) ҳамда бошқа тасвирий унсурлар асарнинг умумий бадиий композициясини бойитган ҳолда уйғунлаштирилган.
Зоҳидулла Мунавваров, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими:
“Асарнинг ўрта қисмида икки муҳаддис образлари устоз ва шогирд илмий мубоҳасаси кўринишида гавдалантирилган. Уларнинг атрофида икки буюк муҳаддиснинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ йирик илм марказлари – Макка, Мадина, Бағдод, Қоҳира, Хуросон шаҳарлари кўринишлари жонлантирилган. Шунингдек, қаҳрамонлар дунёга келган жойларга рамзий ишора сифатида Бухородаги Минораи Калон ва Жарқўрғондаги тарихий минора тасвирланган.”
Асарнинг умумий ғоясини мужассам этган “Илм – бу дунёда иззат, охиратда шарафдир” ҳадиси қуйи яруснинг (пастки экспозиция қисми) юқори қисмида жойлаштирилган бўлиб, у ўрта асрларда фаолият юритган ҳадисшунослик марказлари вакилларига бағишланган композициянинг муҳим маънавий ўзагини ташкил этади.
Ушбу қатламда турли ҳудудлар ва халқларга мансуб олимлар тасвири берилиб, улар мусулмон дунёсида шаклланган ҳадисшунослик анъаналарининг давомчилари сифатида рамзий ифодаланган. Мазкур илмий мактаблар Имом ал-Бухорий ва Имом ат-Термизий каби буюк муҳаддислар асос солган илмий мероснинг давомийлигини акс эттиради.
Асарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва раҳбарлиги остида Самарқанд вилояти Челак туманида бунёд этилган Имом Бухорий илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ҳам ўз ифодасини топган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг Биринчи Ренессанс даврига бағишланган бўлимида Имом ал-Бухорий ва Имом ат-Термизийга бағишланган алоҳида капсулалар ташкил этилган. Ушбу экспозициялар алломаларнинг ҳаёт йўли, илмий сафарлари ва бой меросини замонавий музей ёндашувлари асосида ёритиб беради.
Имом Бухорий капсуласида ноёб қўлёзмалар, сафар йўналишларини акс эттирувчи хариталар, илмий манбалар ҳамда турли артефактлар жамланган. Хусусан, ислом оламида энг ишончли ҳадис тўпламларидан бири сифатида эътироф этилган “Ал-Жоме ас-саҳиҳ” ва “Сулосиёт ал-Бухорий” қўлёзмалари экспозициянинг марказий ўрнини эгаллайди. Ушбу бўлим орқали ҳадис илмининг юксак даражаси ҳамда алломанинг жаҳон цивилизациясидаги беқиёс ўрни яққол намоён бўлади.
Алоҳида капсула Имом ат-Термизийнинг илмий меросига бағишланган бўлиб, унда алломанинг машҳур “Сунани Термизий” асари (муляж) ҳамда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг фазилатларига оид “Аш-шамоил ал-муҳаммадийя” асари муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, экспозицияда Ҳаким Термизийнинг Қуръон тафсирига бағишланган “Фотиҳа ва Бақара суралари тафсири” ҳамда ҳадис илмини шарҳловчи “Наводир ал-усул” асарларининг қўлёзмалари ҳам намойиш этилган.
Шаҳноза Раҳмонова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.