Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Қадимги Суғд кумуш идишларидаги қуш тасвирининг сири

Марказий Осиёнинг қадимги тарихига назар ташласак, айрим санъат асарлари борки, улар орқали бутун бир даврнинг дунёқарашини англаш мумкин. Суғд маданиятига оид кумуш идишлар — айниқса қуш тасвири туширилган лаганлар — ана шундай ноёб ёдгорликлар сирасига киради. Бугунги кунда ушбу артефактлар Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг исломдан аввалги давр бўлимида сақланмоқда ва ўзининг чуқур рамзий мазмуни билан тадқиқотчилар эътиборини тортади.

Биринчи артефакт — VI–VII асрларга оид кумуш лаган. Унинг баланд оёқчаси ва марказидаги медальон композицияси дарҳол кўзга ташланади. Медальон ичида узун думли қуш рельеф тарзида жуда нозик ишланган. Бу тасвирда ортиқча безак йўқ, аммо шаклнинг ўзи кучли эстетик таъсир уйғотади. Қушнинг танаси енгил, силуэти эса аниқ — бу усталарнинг юксак маҳоратини кўрсатади.

Иккинчи артефакт эса VI–VIII асрларга оид зарҳал кумуш лаган бўлиб, мураккаб ва тантанавор композицияга эга. Марказда бошида нимб ва диадема таққан улуғвор қуш тасвирланган. Айнан шу детал — нимб — мазкур артефактнинг энг муҳим рамзий унсурларидан биридир.

Хўш, нимб нима? Нимб — бу бош атрофида тасвирланадиган нурли ҳалқа бўлиб, у қадимдан муқаддаслик ва илоҳийлик белгиси сифатида қўлланилган. Турли маданиятларда у турлича талқин қилинган, аммо асосий маъно деярли бир хил: у оддий мавжудотни илоҳий даражага кўтаради. Суғд санъатида ҳам нимб айнан шу маънони англатади — яъни тасвирланган образ осмоний куч билан боғлиқ эканини кўрсатади. Демак, лагандаги қуш оддий жонзот эмас, балки илоҳий барака ва юксак мақом тимсолидир.

Бундан ташқари, қуш бўйнидаги диадема — яъни безакли тақинчоқ — ҳокимият ва улуғлик рамзидир. Бу икки унсур бирлашганда, тасвир янада чуқурлашади: қуш бир вақтнинг ўзида ҳам муқаддас, ҳам ҳукмрон куч тимсолига айланади. Унинг танасидаги баргсимон нақшлар табиат ва ҳаёт билан боғлиқликни ифодаласа, дум қисмидаги эгри чизиқлар ҳаракат ва давомийликни билдиради. Фоннинг ўрама нақшлар билан безатилгани эса абадий ҳаёт ва янгиланиш ғоясини кучайтиради.

Дилором Чориева, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими:

“Қадимги Суғд санъатида қуш образи бежиз танланмаган. Тарихий манбаларга кўра, қуш қадим замонлардан бери осмон ва ер ўртасидаги воситачи сифатида қаралган. У эркинлик, руҳий юксалиш ва илоҳий нур тимсолидир. Шу сабабли маросимий идишларда айнан қуш тасвири кенг қўлланган. Бу идишлар оддий маиший буюм эмас, балки сарой маросимлари ва муҳим тантаналарда ишлатилган”. 

Бу артефактлар Суғд санъатида тасвирий образлар шунчаки безак эмас, балки мураккаб маънавий ва мафкуравий тизимнинг муҳим қисми бўлганини кўрсатади. Қуш тимсоли орқали илоҳий нур, руҳий юксалиш, ҳокимият ва абадийлик ғоялари уйғунлаштирилган. Бу эса қадимги жамият дунёқараши фақат эстетик эмас, балки чуқур космологик ва фалсафий асосларга эга бўлганини англатади. Артефактлар орқали инсон, табиат ва илоҳий олам ўртасидаги боғлиқлик яққол намоён бўлади.

Профессор Александр Наймарк фикрига кўра, бундай асарлар Суғд заргарлик санъатининг энг мукаммал намуналаридандир. Тадқиқотчи Жулиан Рабй эса бу каби буюмлар Марказий Осиё бадиий анъаналарининг узлуксизлигини кўрсатишини таъкидлайди. Академик Акбар Ҳакимов ҳам ушбу артефактлар бевосита ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди билан боғлиқ бебаҳо мерос эканини қайд этади.

Услуб жиҳатидан бу идишлар Британия музейи, Лувр музейи ва Метрополитен музейи тўпламларидаги намуналарга яқин. Аммо уларнинг энг катта афзаллиги — жуда яхши сақлангани ва композициянинг соф ҳолда бизгача етиб келганидир.

Бу икки артефакт оддий кумуш идиш эмас. Улар орқали биз қадимги Суғд жамиятининг эътиқоди, санъатга муносабати ва дунёқарашини кўрамиз. Қуш образи эса бу қарашларнинг марказида туради: у илоҳий нур, эркинлик ва абадийлик тимсолидир. Шу боис бу буюмлар нафақат тарихий ёдгорлик, балки аждодларимизнинг маънавий меросининг ёрқин ифодасидир.

Лайло Абдуқаххарова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1347626.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1089429.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
870027.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.