

Янгиликлар
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — ўзбек халқининг 3 минг йиллик тарихини акс эттирувчи ноёб мажмуа
Туркиянинг нуфузли ахборот маконига кирувчи Anadolu Agency ҳамда Ensondakika ва Etikhaber нашрларида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида материаллар эълон қилиниб, унда мазкур мажмуа ўзбек халқининг 3 минг йиллик тарихини замонавий технологиялар орқали жонли ва яхлит тарзда намоён этувчи ноёб илмий-маданий макон сифатида баҳоланади. Мақолаларда марказнинг нафақат музей, балки илмий-тадқиқот, таълим ва халқаро мулоқот платформаси сифатидаги аҳамияти, шунингдек, унинг “Янги Ўзбекистон”даги маърифий тараққиёт ва Ренессанс ғояларини ифода этувчи стратегик лойиҳа эканига алоҳида урғу берилади.
Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази 3 минг йилдан ортиқ тарихга эга ҳудуд ўтмишини илмий ва маданий мерос билан уйғун ҳолда, замонавий технологиялар воситасида ташриф буюрувчиларга тақдим этмоқда.
Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтган ой фаолият бошлаган мазкур марказ исломнинг илм, тинчлик ва бағрикенглик тамойилларига асосланган концепцияси билан ажралиб туради.
Марказда милоддан аввалги даврдан бошлаб ушбу заминда шаклланган давлатлар, буюк шахсиятлар, тарихий ашё ва топилмалар, муҳим тарихий жараёнлар, шунингдек, ҳудудда юз берган икки Ренессанс ва мамлакатдаги сўнгги ислоҳотлар ҳамда ўзгаришлар яхлит ҳолда намоён этилган.
2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Тошкентнинг эски шаҳар қисмида қурилиши бошланган ушбу мажмуа саккиз йилдан ортиқ давом этган ишлардан сўнг 17 март куни фойдаланишга топширилди.
10 гектар майдонда барпо этилган мажмуа 161×118 метр ўлчамлари ва 65 метр баландликдаги муҳташам гумбази билан эътиборни тортади. Уч қаватли бинонинг умумий фойдаланиш майдони 40 минг квадрат метрдан ортиқни ташкил этади.
Марказ фондида 50 мингдан ортиқ тарихий ашёлар, ноёб қўлёзмалар ва археологик топилмалар жамланган бўлиб, у нафақат музей, балки илмий-тадқиқот институти, кутубхона ва халқаро ҳамкорлик платформаси сифатида ҳам фаолият юритмоқда.
Тўрт давр — ягона маконда
Марказ экспозицияси “Исломдан аввалги давр цивилизациялари”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс” ва “Янги Ўзбекистон-Янги Ренессанс пойдевори” бўлимларидан иборат. Ушбу бўлимлар Ўзбекистон ҳудудининг минг йиллик тарихини хронологик ва мавзувий жиҳатдан уйғун тарзда намоён этади.
Экспозициялар овоз, ёруғлик ва рақамли технологиялар билан бойитилган бўлиб, ташриф буюрувчиларга оддий маълумот эмас, балки “тирик тарих” тажрибасини тақдим этади.
“Исломдан аввалги давр цивилизациялари” бўлимида Суғд, Бақтрия, Чоч, Фарғона ва Хоразм цивилизацияларига оид археологик топилмалар намойиш этилган.
“Биринчи Ренессанс” (IX–XII асрлар) бўлимида Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний ва Ибн Сино каби буюк алломаларнинг қўлёзмалари, астрономик асбоблар, математик ишланмалар ва тиббий манбалар ўрин олган.
“Иккинчи Ренессанс” бўлимида эса Амир Темур ва Темурийлар даври маданиятига оид миниатюралар, меъморий безаклар, кошин намуналари, шунингдек Мирзо Улуғбекнинг астрономик тадқиқотларини акс эттирувчи экспонатлар намойиш этилган.
“Янги Ўзбекистон-Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида мустақилликдан кейин амалга оширилган ислоҳотлар сунъий интеллект асосидаги замонавий тақдимотлар орқали кўрсатилади.
Қуръон зали — марказнинг энг таъсирли қисми
Марказнинг энг диққатга сазовор бўлимларидан бири Қуръони Карим зали ҳисобланади. Бу ерда Усмон мусҳафи ҳамда 114 та ноёб Қуръон қўлёзмаси сақланмоқда.
Махсус ёруғлик ва визуал эффектлар ёрдамида ҳар 40 дақиқада Қуръон оятлари гўё осмондан нозил бўлаётгандек намойиш этилади. Гумбаз остидаги голографик тизим орқали юлдузлар харитаси акс эттирилиб, ташриф буюрувчиларга ўзига хос визуал тажриба тақдим этилади.
“Буюк сиймолар галереяси” залида эса ушбу заминда юз берган муҳим тарихий воқеалар, кашфиётлар ва буюк шахсларни акс эттирувчи 14 та йирик равоқ жойлашган. Улар орасида Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Улуғбек Мирзо, Абу Райҳон Беруний ва Муҳаммад Хоразмий каби буюк сиймолар тасвирланган.
Жаҳон миқёсидаги эътироф
Марказ ўзининг улкан ҳажми, бой коллекцияси ва кўп функцияли тузилмаси билан Guinness World Records томонидан 13 апрель куни “дунёнинг энг йирик Ислом цивилизацияси музейи” сифатида расман рўйхатга олинди.
Асосий мақсад — миллий тарихни дунёга танитиш
Марказ матбуот котиби Ўктам Усмоновнинг таъкидлашича, муассаса кунига 5 мингга яқин ташриф буюрувчини қабул қилмоқда.
— Марказ нафақат музей, балки илмий платформа сифатида ҳам фаолият юритади. Унинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг 3 минг йиллик бой ва чуқур тарихини бутун дунёга намоён этишдан иборат, — деди у.
Илмий котиб Рустам Жаббаровнинг маълум қилишича, марказ қурилиши 2025 йил декабрида якунланган бўлиб, 2026 йил бошидан экспозицияларни шакллантириш ишлари амалга оширилган.
Унинг айтишича, 20 дан ортиқ давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, Ўзбекистонга оид тарихий ашёларнинг нусхалари жамланган ва натижада 3 мингдан ортиқ экспонат тўпланган.
Марказ кутубхонасида 50 мингга яқин қўлёзма асарлар ҳамда 500 мингдан ортиқ рақамли манбалар мавжуд.
Шунингдек, марказ таркибида болалар учун махсус таълимий ва ўйин дастурларини ўз ичига олган платформа фаолият юритади. Бундан ташқари, TURKSOY, IRCICA каби халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари учун ҳам алоҳида жой ажратилган.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.