

Янгиликлар
El Mundo Financiero:"Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан Мадридда халқаро конференция бўлиб ўтди"
Испаниянинг El Mundo Financiero нашрида Мадридда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро конференция ҳақида мақола эълон қилинди. Унда Амир Темур меросига бағишланган анжуман Шарқ ва Ғарб ўртасидаги тарихий мулоқотнинг муҳим майдони сифатида баҳоланиб, форумда Ўзбекистоннинг маданий меросни асраш ва темурийлар цивилизациясини халқаро миқёсда тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилди.
Мадрид шаҳридаги нуфузли маданий марказ — Casa Árabe мажмуасида буюк давлат арбоби, забардаст саркарда, қудратли давлат асосчиси ва жаҳон тарихининг энг ёрқин сиймоларидан бири бўлган Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Испания Қироллигидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Фаррух Турсунов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти кенгаши раиси Фирдавс Абдухолиқов, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев, испаниялик ёзувчи Хесус Санчес Адалид, Испания Шарқшунослар уюшмаси бош котиби ва Мадрид Автоном университети Осиё тадқиқотлари маркази профессори Хесус Гил Фуэнсанта, “La Temurid” уюшмаси президенти Фредерик Брессанд, “Mueller & Schindler” нашриёти президенти Шарлотта Крамер, мазкур нашриёт вице-президенти Александр Вильгельм ва бошқалар иштирок этди.
Илмий-маърифий форум Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган кенг кўламли юбилей тадбирларининг муҳим давомига айланди. Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги қарорга мувофиқ, ушбу сана Ўзбекистонда давлат ва халқаро даражада кенг нишонланмоқда ҳамда апрель ойи “Амир Темур ойи” деб эълон қилинган.
Юбилей тадбирлари Ўзбекистонда бошланиб, 2026 йил 8–12 апрель кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Амир Темур ва темурийлар цивилизациясининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрнига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтган эди.
Тадбир айнан Испанияда ўтказилгани унга алоҳида тарихий мазмун бағишлади. Чунки Испания — Самарқандга ташриф буюрган машҳур элчи ва солномачи Руй Гонсалес де Клавихо ватани ҳисобланади. Унинг Амир Темур давлати ҳақида қолдирган ёзма мероси Темурийлар тарихи бўйича энг муҳим манбалардан бири сифатида эътироф этилади. Шу боис форум Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўп асрлик мулоқотнинг рамзий давомига айланди.
Форумда Осиё, Европа Иттифоқи ва Лотин Америкаси давлатларидан келган 70 дан ортиқ олимлар, тадқиқотчилар, маданият арбоблари, дипломатлар ва экспертлар иштирок этди. Бу эса Амир Темур шахси ва темурийлар меросига бўлган халқаро қизиқиш юксак эканини яна бир бор тасдиқлади.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси Фаррух Турсунов сўзга чиқиб, ўзбек-испан муносабатлари жадал ривожланаётгани ва гуманитар ҳамкорлик мустаҳкамланаётганини таъкидлади.
Асосий маъруза билан чиққан Хайриддин Султонов бугунги геосиёсий шароитда давлатлар ўртасида ишонч ва мулоқотни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон очиқ ва тинчликпарвар ташқи сиёсат юритмоқда ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорлик халқаро муносабатларнинг муҳим устунига айланмоқда.
Форум доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида видеоролик намойиш этилди. Унда миллий меросни ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ёритилди.
Фирдавс Абдухолиқов Президент ташаббуси билан ташкил этилган Марказ фаолияти ҳақида сўз юритиб, айниқса темурийлар меросининг аҳамиятига тўхталди. Унинг таъкидлашича, Марказда темурийлар даврининг илм-фан, маданият, санъат ва давлатчилик ривожига қўшган ҳиссасини акс эттирувчи кенг экспозиция яратилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонга қайтарилган қарийб 2000 та маданий мерос объектининг салмоқли қисми темурийлар даврига тегишли экани маълум қилинди.
Хуршид Файзиев ўз чиқишида Амир Темур шахсининг умуминсоний тарихий аҳамияти ва темурийлар даврининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Тақдим этилган мультимедиа материаллари замонавий бадиий талқинда маданий ва илмий мерос бойлигини, шунингдек, Ўзбекистоннинг уни асраш ва тарғиб қилишга қаратилган изчил давлат сиёсатини яққол намоён этди.
Мадриддаги халқаро конференция Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги ҳақиқатан ҳам глобал аҳамият касб этганини ва маданий алоқалар ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини яна бир бор исботлади.
Форумнинг хорижлик иштирокчилари ҳам тадбирга юқори баҳо беришди.
“La Temurid” уюшмаси президенти Фредерик Брессанд шундай деди:
— Бундай лойиҳалар ёш авлодга ўз тарихини янада чуқурроқ англаш ва уни минтақа тараққиётининг кўп асрлик тарихи билан боғлиқ ҳолда кўриш имконини беради. Бу нафақат мамлакат фуқаролари, балки халқаро жамоатчилик учун ҳам муҳим, чунки у Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёнинг бой маданий меросини кашф этиш имконини яратади.
Испания Шарқшунослар уюшмаси бош котиби Хесус Гил Фуэнсанта эса:
— Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ташаббуслар мамлакатнинг бой маданий меросини дунёга танитишда муҳим аҳамият касб этмоқда, — дея таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бундай тадбирлар халқаро жамоатчиликка темурийлар даврининг бетакрор мероси — улуғ меъморий ёдгорликлар, “Зафарнома” ва “Бобурнома” каби машҳур ёзма манбалар, шунингдек, минтақа шеърияти ва бой маданий анъаналари билан яқиндан танишиш имконини беради.
Бугунги кунда Амир Темур номи давлат қудрати, стратегик заковат ва маданий бунёдкорлик рамзи сифатида янада юксак жарангламоқда. Форумнинг айнан Испанияда, Клавихо номи билан боғлиқ тарихий заминда ўтказилиши Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўп асрлик мулоқотнинг узвий давом этаётганини яна бир бор намоён қилди.
Темурийлар империясининг асосчиси
Йигирма йилдан сал кўпроқ вақт ичида турк-мўғул келиб чиқишига мансуб ушбу мусулмон саркарда Евроосиёнинг саккиз миллион квадрат километр ҳудудини забт этди. 1382–1405 йиллар оралиғида Темурнинг улкан қўшинлари Делидан Москвагача, Марказий Осиёдаги Тянь-Шань тоғларидан Анадўлидаги Тавр тоғларигача юриш қилиб, кўплаб ҳудудларни эгаллади.
Темурнинг Анадўлидаги юришлари Усмонийлар давлатининг мавжудлигига жиддий хавф солган. Унинг шон-шуҳрати Европага ҳам тарқалиб, асрлар давомида афсонавий ва мифик қаҳрамон сифатида тилга олинган. Айрим халқлар хотирасида у ҳанузгача кўчманчи қудратнинг сўнгги буюк етакчиси ва туркий дунёнинг Марказий Осиёдаги энг йирик кенгайтирувчиларидан бири сифатида сақланиб қолган.
Темур Евроосиё даштларининг сўнгги буюк кўчманчи фатҳчиси бўлиб, унинг империяси XVI–XVII асрларда шаклланган Усмонийлар, Сафавийлар ва Бобурийлар каби “порох империялари”нинг вужудга келиши учун асос яратди.
Темур турк ва мўғул аждодларига мансуб бўлган. Гарчи у тўғридан-тўғри Чингизхон авлоди бўлмаса-да, отаси томонидан Чингизхон билан умумий аждодга эга эди. Айрим муаллифлар унинг онаси хон авлодидан бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қиладилар. Темур ҳаёти давомида Чингизхон меросини давом эттиришга интилган ва ўзини унинг вориси деб билган.
Темурнинг тўлиқ исми — Темур ибн Тарағай Барлос бўлиб, бу “Барлос қабиласидан бўлган Тарағайнинг ўғли Темур” деган маънони англатади. Кейинги форс манбаларида унга “Темур Ланг” — “Оқсоқ Темур” лақаби берилган. Бу ном кейинчалик Ғарб тилларига “Тамерлан” ёки “Тимур Ленк” шаклида кириб келган.
У вафот этгач, жасади Самарқандга олиб келиниб, Гўри Амир мақбарасига дафн этилган. Қабр устидаги йирик нефрит тошида шундай ёзув битилган:
“Агар мен қабримдан турсам, бутун дунё титрайди”.
Қизиқ жиҳати шундаки, 1941 йилда Михаил Герасимов бошчилигидаги совет археологлари унинг қабрини очиб ўрганишган. Скелет таҳлили Темур ҳақиқатан ҳам оқсоқ бўлганини, ўз даври учун анча баланд бўйли (172 см) ва бақувват инсон бўлганини кўрсатган. Шунингдек, унинг сочлари қизғиш рангда бўлгани ҳам аниқланган. Совет олимлари олиб борган тадқиқотлар натижасида унда мўғулсимон ва европасимон ирқий белгилари аралаш ҳолда мавжуд экани маълум бўлган.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.