
Янгиликлар
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Исматул анбиё” китоби тақдимоти бўлиб ўтди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Мотуридий илмий-тадқитот маркази томонидан нашр этилган Зомин заминидан етишиб чиққан улуғ аллома Абул Ҳусайн Пешоғарийнинг машҳур “Исматул анбиё” асари тақдимотига бағишланган илмий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда мамлакатимиз илм-фан ва диний-маърифий соҳасининг етакчи олимлари, тадқиқотчилари ва мутахассислари иштирок этди. Жумладан, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермухамедов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров, Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Илҳом Бекмирзаев қатнашди.
Шунингдек, тақдимотнинг асосий маърузачилари сифатида Абдуллатиф Аллоқулов, Аҳмад Саъд Даманҳурий ҳамда Ихтиёр Абдураҳмонов иштирок этдилар.
“Ҳақиқатда ҳам, Янги Ўзбекистонда жуда кўп соҳаларда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, диний-маърифий соҳада кейинги йилларда халқимизни хушнуд қилаётган катта ўзгаришлар бўлмоқда. Бу бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган ишлардир. Бугун тақдимоти ўтаётган алломанинг асари ҳам ана шундай муҳим илмий воқеалардан бири ҳисобланади. Бу китоб ўзининг қиммати ва аҳамияти билан жуда катта мавқега эга. Чунки Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан алломалар ўрта асрларда тенгсиз асарлар яратган ва бугун улар халқаро майдонда ҳам катта эътироф этилмоқда.
Қадимий қўлёзмаларни топиш, солиштириш, ўчиб кетган жойларини қайта тиклаш жуда машаққатли меҳнат. Бу игна билан қудуқ қазишдек оғир иш. Лекин ана шу меҳнат орқали аждодлар мероси халқаро жамоатчиликка етказилмоқда. Айниқса, мазкур китобнинг Иорданияда чоп этилгани Ўзбекистон олимларининг халқаро илмий майдондаги нуфузини кўрсатади. Бугун юртимизда юзлаб манбашунос олимлар шаклланди. Энди улар олдида турган муҳим вазифалардан бири — Ўзбекистонда сақланаётган юз минглаб қўлёзмаларни тадқиқ қилиш, нашр этиш ва халқимизга етказишдир. Бу йўналишда бошланган ишлар ҳали узоқ йиллар давом этади ва бугунги китоб ана шу катта ишларга дебоча бўлади”.
Китоб муаллифи Абул Ҳусайн Муҳаммад ибн Яҳё Пешоғарий тахминан милодий X асрларда яшаб ўтган бўлиб, унинг номи бугунги кунда ҳам Зомин туманида мавжуд бўлган тарихий Пешағар қишлоғи билан бевосита боғлиқдир. Манбаларда бу қишлоқ номи “беш оқар” (бешта чашма оқиб турадиган жой) ёки «ғор этагидаги маскан» маъноларини билдириши айтилади. Олим ёшлигида илм излаб Самарқандга боради ва бевосита ҳанафий-мотуридий таълимоти асосчиси бўлган Имом Мотуридийнинг Абул Ҳасан Рустуфағний каби энг ишончли ва кўзга кўринган шогирдларидан таълим олади. Натижада у фиқҳ, ақида, тафсир ва тасаввуф илмларини ўзида жамлаган етук аллома бўлиб етишади.
Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти:
“Кўп йиллар давомида Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланган, аммо илмий муомалага киритилмаган ноёб қўлёзма бугун илмий жамоатчиликка тақдим этилди. Ушбу асар дунёдаги ягона қўлёзма ҳисобланади. Илгари Туркияда яна бир нусхаси бор деган фикрлар бўлган, аммо тадқиқотлар бу тахминни тасдиқламади. Натижада Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзма ягона нусха сифатида таъкидланди. Асарда Мовароуннаҳрдаги исломий илмлар, хусусан пайғамбарларнинг гуноҳдан сақланганлиги ҳақидаги ақидавий қарашлар ёритилган. Шунингдек, тадқиқот жараёнида асар муаллифининг ҳаёти ва илмий фаолиятига оид янги маълумотлар ҳам аниқланди. Бу китоб мотуридийлик таълимоти, Мовароуннаҳр илмий муҳити ва ўрта асрлардаги илмий мунозараларни ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, мазкур нашр нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон дунёси учун ҳам катта аҳамият касб этади. Бу ҳамкорлик янги илмий лойиҳалар учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади”.
Ўша даврларда Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг фақат устки маъносига қараб нотўғри хулоса чиқарадиган, пайғамбарларга турли гуноҳ ва камчиликларни нисбат берадиган “ҳашавийя” каби адашган тоифалар пайдо бўлади. Ҳатто баъзи кимсалар бутун умрини дин тарғиботига бағишлаган элчиларга туҳмат қилишгача боради. Шундай таҳликали бир вазиятда, мусулмонларнинг соф эътиқоди бузилиши хавфи туғилганда, Абул Ҳусайн Пешоғарий пайғамбарлар шаънини ҳимоя қилиш мақсадида қўлига қалам олади ва мазкур асарини ёзади.
Тадбир давомида ушбу асарнинг дунёдаги ягона қўлёзма нусхаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётгани, янги нашр эса милодий 1382 йилда Бухорода кўчирилган ана шу қўлёзма асосида тайёрлангани алоҳида қайд этилди.
Мутахасислар ушбу нашр аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш ва келажак авлодга етказиш йўлида муҳим қадам бўлишини таъкидладилар.
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.