Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Қоҳирада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро тақдимоти бўлиб ўтди

Қоҳира, 2026 йил 13 июнь. Жизадаги пирамидалар этакларида жойлашган дунёнинг энг йирик музей мажмуаси — Grand Egyptian Museumда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тақдимотига бағишланган «Ўзбекистон – Миср: цивилизациялар ва исломий мерос мулоқоти» халқаро медиа-тадбири бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Янги Ўзбекистоннинг энг йирик маданий-маърифий ва илмий лойиҳаларидан бири ҳисобланган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига бағишланди.

Тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан ташкил этилди.

Медиа-тадбир Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги тарихий, маданий ва илмий алоқаларни муҳокама қилиш учун муҳим халқаро майдон вазифасини ўтади. Чунки ҳар икки мамлакат ислом цивилизациясининг йирик марказлари сифатида асрлар давомида илм-фан, таълим, қўлёзмачилик анъаналари ва санъат ривожига улкан ҳисса қўшиб келган.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик концепцияси асосида амалга оширилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги махсус фильм намойиши билан очилди. Фильм Янги Ўзбекистоннинг энг йирик маданий-маърифий лойиҳаларидан бирининг кўлами ва ўзига хос концепциясини очиб берди.

Кинопрезентациядан сўнг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов асосий маъруза билан иштирок этди.  Ислом цивилизацияси маркази директори ўз нутқида Миср ва Ўзбекистон инсоният цивилизациясининг икки буюк маркази эканини, Нил водийси ва Мовароуннаҳр асрлар давомида илм-фан, маданият ва маънавий тараққиётнинг муҳим ўчоқлари бўлиб келганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисийнинг эътибори ва қўллаб-қувватлаши туфайли бугунги кунда ўзбек-миср муносабатлари жадал ривожланиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётгани алоҳида қайд этилди

«Ўзбекистон ва Мисрни илм-фан, маърифат ва маънавиятнинг кўп асрлик анъаналари боғлаб туради. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази бугун ислом оламининг бой меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш бўйича нуфузли халқаро майдонга айланди. Биз Мисрнинг илмий, таълим ва маданият муассасалари билан умумий тарихий меросни асраб-авайлаш ва оммалаштириш йўлида кенг халқаро ҳамкорликка тайёрмиз», — деди Фирдавс Абдухолиқов.

Дастур давомида голливуд актёр Бен Кингсли иштирокида тайёрланган махсус ҳужжатли фильм намойиш этилди. Унда Мовароуннаҳр ҳудудида яшаб ўтган олимлар, мутафаккирлар ва давлат арбобларининг жаҳон цивилизацияси, илм-фан ва маданият ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги кўп асрлик тарихий, маданий ва илмий алоқалар ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг замонавий босқичига бағишланган видеоролик намойиш этилди.

Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, Миср Араб Республикаси Туризм ва қадимиятлар вазири Шериф Фатҳий, Мисрнинг собиқ маданият вазири ва Вакиллар палатаси аъзоси Жиҳан Закий, Grand Egyptian Museum бош ижрочи директори Аҳмад Ғунайм, шунингдек, Ал-Азҳар мажмуаси, ICESCO халқаро ташкилоти, Миср Вақфлар вазирлиги ҳамда етакчи илмий ва музей муассасалари вакиллари табрик сўзлари билан мурожаат қилди.

Нотиқлар ўз чиқишларида Ўзбекистон ва Мисрнинг ислом цивилизацияси тарихидаги алоҳида ўрнини таъкидлаб, Мовароуннаҳр ва Қоҳира илмий мактаблари ўртасидаги кўп асрлик алоқаларга эътибор қаратдилар. Айниқса, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий каби буюк алломалар меросига алоҳида урғу берилди. Уларнинг асарлари асрлар давомида ислом оламининг энг йирик таълим марказларида, жумладан Ал-Азҳарда ҳам ўрганиб келинмоқда.

Миср Араб Республикаси Туризм ва қадимиятлар вазири Шериф Фатҳий ўз нутқида шундай таъкидлади:

«Ўзбекистон беқиёс цивилизацион меросга эга бўлиб, ислом маданияти тарихида алоҳида ўрин тутади. Мен мамлакатингизнинг бир нечта гўзал шаҳарларида бўлиш бахтига муяссар бўлганман ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриш имкониятини катта қизиқиш билан кутмоқдаман».

Дастурнинг муҳим қисмларидан бири «Ўзбекистон маданий мероси — бутун инсоният бойлиги» кўргазмаси бўлди. Экспозицияда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан нашр этилган кўп жилдли китоб-альбомлар, ноёб исломий қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари, ислом санъати ва шарқ миниатюраси намуналари, шунингдек, Усмон мусҳафи ҳамда Мовароуннаҳр қўлёзма меросининг буюк ёдгорликларига бағишланган мультимедиа лойиҳалари намойиш этилди.

Тадбирнинг яна бир муҳим воқеаси Grand Egyptian Museumга Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан нашр этилаётган «Ўзбекистон маданий мероси» китоб-альбомлар туркумининг тантанали равишда совға қилиниши бўлди. Маросим давомида музей раҳбариятига мазкур нашрларнинг дунёдаги энг йирик музей мажмуаларидан бири илмий-таълим фондига топширилганини тасдиқловчи расмий сертификат тақдим этилди.

Расмий қисм якунланганидан сўнг давлат идоралари, илмий марказлар, музей ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида интервьюлар ҳамда икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

Шунингдек, 2026 йил 7–11 июль кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Биринчи халқаро ислом цивилизацияси форуми — «Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли» форумига тайёргарлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти мисрлик олимлар, тадқиқотчилар, музей ходимлари ва академик муассасалар вакилларини форумда иштирок этишга таклиф қилди. Ушбу форум ислом олами меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш масалаларини муҳокама қилишга бағишланган нуфузли халқаро майдонга айланиши кутилмоқда.

Grand Egyptian Museumда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро тақдимоти ўтказилиши ўзбек-миср маданий-гуманитар ҳамкорлигини ривожлантиришдаги навбатдаги муҳим қадам бўлди. Шунингдек, у жаҳон маданий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш, цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Янги Ўзбекистон маданий дипломатияси сиёсатининг муваффақиятли амалга оширилаётганининг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилди.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1349626.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1091729.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
872227.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.