Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ўзбекистон ва Малайзия ислом цивилизацияси меросини ўрганиш бўйича ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Малайзия Миллий университети ўртасида Англашув меморандумлари имзоланди. Ўзбекистон ва Малайзия илмий доира вакиллари ўртасида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказида имзоланган расмий ҳужжатлар нафақат икки мамлакат ўртасидаги академик ҳамкорликни мустаҳкамлайди, балки ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, қўлёзмаларни тадқиқ этиш ва буюк алломалар илмий меросини халқаро майдонга олиб чиқишга қаратилган кенг кўламли ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятлар эшигини очади.

Мамлакатимизда миллий ўзликни англаш, бой тарихий-маънавий меросимизни чуқур ўрганиш, улуғ алломаларимизнинг илмий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса айнан шу йўналишда миллий ва халқаро аҳамиятга эга замонавий маданий-маърифий платформа сифатида шаклланмоқда.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида Марказ фаолияти натижалари ва уни янада ривожлантириш режалари юзасидан тақдимот ўтказилди. Кун тартибида илмий-тадқиқот ва нашр ишларини янги босқичга олиб чиқиш, халқаро доирадаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ана шундай халқаро ҳамкорликнинг яна бир намунаси сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Малайзия Миллий университети (UKM) ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Бу воқеа илм-фан, таълим, маданий меросни ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ва халқаро академик алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

Тадбирда томонлар ислом цивилизацияси тарихи, қўлёзмаларни ўрганиш, тадқиқотлар алмашинуви ва қўшма илмий лойиҳаларни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар. Тадбир иштирокчиларига кўра, мазкур келишувлар сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида фаоллашиб бораётган илмий-маърифий муносабатларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Маросимда сўзга чиққанлар икки мамлакатни нафақат замонавий дипломатик муносабатлар, балки ислом цивилизациясига оид умумий илмий ва маънавий мерос ҳам бирлаштириб туришини таъкидладилар.

Дастур аввалида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқиб, йиғилишни очиб берди:

“Сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев ҳамда Малайзия Олий ҳукмдори Султон Иброҳим Исмоил жаноби олийлари раҳнамолигида икки давлат ўртасидаги тарихий алоқалар янги босқичга кўтарилди. Марказий Осиё, хусусан, бугунги Ўзбекистон ҳудуди қадимдан илм-фан, савдо, маданият ва маърифат чорраҳаси бўлган. Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби буюк алломаларнинг илмий мероси нафақат бизнинг минтақамизда, балки бутун мусулмон оламида, жумладан, Малайзияда ҳам юксак қадрланади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Малайзиядаги қатор идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида турли халқаро анжуманлар, маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва мулоқотлар ўтказилиб келинмоқда. Малайзия Миллий университети билан ҳамкорлик эса ушбу ишларни янада бойитади. Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Малайзия Миллий университети ўртасида имзоланадиган меморандумни биз фақат расмий ҳужжат сифатида эмас, балки ана шу буюк илмий анъаналарни давом эттириш, халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолаймиз.”

Айни пайтгача Марказ томонидан Малайзияда Ўзбекистон тарихи ва бугунги ҳаёти ҳақида икки маротаба йирик фотокўргазма ўтказилди. Малайзиядаги Ислом санъати музейи билан ҳамкорликда Ўзбекистонга оид артефактлар хусусида махсус китоб-альбом чоп этилди.

Тадбир давомида Малайзия Миллий университети ректори, профессор Дато’ доктор Суфиан Жусоҳ сўз бошида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга бундай муҳим марказни барпо этиш ташаббуси учун миннатдорлик билдирди:

“Бу маскан бутун дунё учун ислом илм-фани ва цивилизацияси марказига айланади. Малайзия Миллий университети ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мақсад — қўшма тадқиқотлар, олимлар алмашинуви ва илмий меросни чуқур ўрганишни йўлга қўйиш.

Шунингдек, замонавий исломий илм-фан ва инновацияларни жамлайдиган илмий база яратилади ҳамда бу мерос Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Мотуридий каби алломалар билан боғлаб ўрганилади.

Ислом цивилизацияси маркази Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган бўлиб, у музей, кутубхона ва илмий марказ сифатида Тошкентни яна халқаро илм-фан марказига айлантиради”.

Комилжон Шермуҳамедов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори:

“Малайзия Ўзбекистон учун нафақат Жануби-Шарқий Осиёдаги стратегик ҳамкор давлатлардан бири, балки ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган, илм-фан ва тараққиёт йўналишида етакчи давлатлардан бири сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Бугунги тадбир ҳам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Малайзия Миллий университети ўртасида имзоланган англашув меморандуми доирасида ташкил этилгани бу ҳамкорликнинг амалий ифодасидир. Сўнгги йилларда Малайзия билан олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида кўплаб меморандумлар имзоланган бўлиб, бу ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.

Хусусан, май ойида Малайзия қироличаси Ража Зарит София ҳазратларининг ташрифи давомида ҳам бир қатор меморандумлар, жумладан, Малайзия технология университети ҳамда Ўзбекистондаги бир қатор илмий марказлар ўртасида ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланган эди.

Бундай келишувлар бизга кенг имкониятлар яратади — хусусан, талабалар ва тадқиқотчилар алмашинуви, малака ошириш дастурлари ҳамда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.

Шунингдек, Малайзия Миллий университети ҳузуридаги Ислом институти директори Фариза Шам хонимнинг илмий фаолияти ҳам эътироф этилиб, уларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш илмий ҳамкорликни янада бойитиши кўзда тутилган.”

Тадбирнинг якуний ва энг муҳим босқичида Малайзия Миллий университети ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда Малайзия Миллий университети ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасидаги ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Шунингдек, тадбирда Малайзия Миллий университети академик ишлар ва халқаро ҳамкорлик бўйича проректор ўринбосари Фариза Муҳаммад Шамман ҳам сўзга чиқиб, икки давлат ўртасида илм-фан, исломий илмлар, таълим, сиёсатшунослик ва бошқарув соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш муҳим эканини таъкидлади. Шунингдек, академик алмашинув дастурлари, қўлёзмаларни ўрганиш ҳамда тарих ва маданий мерос бўйича қўшма илмий тадқиқотларни ривожлантиришга катта умид билдирди.

Шу билан бирга, Малайзия Миллий университети томонидан исломлаштириш марказини ташкил этиш, шунингдек, университет тадқиқотчилари учун илмий изланишлар олиб боришга мўлжалланган алоҳида офис очиш ташаббуси илгари сурилди. Ташаббуслар доирасида икки мамлакат илмий доира вакиллари томонидан Йўл харитаси ишлаб чиқилиб, келгусида амалий ҳамкорликнинг самарали натижаларига эришишга келишиб олинди.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1353826.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1095629.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
876427.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.