

Янгиликлар
Otralectura : "Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс: илм ва маърифатга таянган тараққиёт йўли"
Испаниянинг Otralectura нашри Ўзбекистонда амалга оширилаётган Учинчи Ренессанс ғоясини мамлакат тараққиётининг стратегик модели сифатида таҳлил қилиб, унинг марказида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази турганини таъкидлади. Нашрга кўра, мазкур мажмуа нафақат исломий меросни сақлашга хизмат қилувчи музей, балки илм-фан, таълим, илмий тадқиқот ва халқаро мулоқотни бирлаштирган замонавий марказ сифатида Учинчи Ренессанснинг амалий ифодаси ҳисобланади. Мақолада Марказ Ўзбекистоннинг бой илмий меросини замонавий технологиялар билан уйғунлаштириш, «маърифатли ислом» ғоясини тарғиб этиш ҳамда мамлакатнинг маданий, илмий ва туристик салоҳиятини халқаро майдонда мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётгани алоҳида қайд этилган.
Тошкент. Буюк Ипак йўли XXI аср геосиёсати билан туташган тарихий чорраҳада Ўзбекистон Евроосиёдаги энг йирик маданий ва интеллектуал янгиланишлардан бирини амалга оширмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев давлат тараққиётининг янги модели сифатида жасоратли ғоя — Учинчи Ренессанс концепциясини мустаҳкамлади. Бу ҳаракат фақат диний қадриятларни тиклашни эмас, балки бир вақтлар ушбу ҳудудни жаҳон илм-фани марказига айлантирган илмий тафаккур, иқтисодий очиқлик ва илғор таълим анъаналарини қайта жонлантиришни мақсад қилган.
Ушбу стратегиянинг меъморий ва ғоявий маркази — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Тошкентда ўз эшикларини очди. У глобал музейшунослик тушунчасига янгича мазмун бағишлаётган улкан мажмуадир.
I. Ислом цивилизацияси маркази — илм-маърифатнинг юраги
Тошкент шаҳрининг тарихий Олмазор туманида, Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида жойлашган мазкур улкан мажмуа 10 гектар ҳудудни ва 42 минг квадрат метр майдонни эгаллайди. У Ўзбекистон давлатининг миллий ўзлигини моддий ифода этиш йўлидаги кенг қамровли саъй-ҳаракатларининг ёрқин намунасидир.
Ўзининг муҳташам меъморий қиёфаси учун халқаро Prix Versailles мукофоти билан эътироф этилган бино Самарқандга хос фирўза рангли гумбазлар анъанасини замонавий муҳандислик ечимлари билан уйғунлаштирган.
Мажмуа учта муҳим вазифани бажариш учун мўлжалланган:
Тарихий муқаддас маскан. Марказнинг асосий залида VII асрга мансуб Усмон Мусҳафи сақланади. У дунёдаги энг қадимий Қуръон қўлёзмаларидан бири ҳисобланади. Мусҳаф баландлиги 65 метр бўлган улкан гумбаз остида намойиш этилади. Уни оғирлиги 50 тонна бўлган ва 1,6 миллион дона Swarovski кристаллари билан безатилган муҳташам қандил ёритиб туради.
Илм-маърифат маскани. Голографик экспозициялар ва 3D mapping технологиялари билан жиҳозланган кўргазма залларидан ташқари, марказда қадимий қўлёзмаларни реставрация қилиш ва асраб-авайлаш бўйича замонавий лабораториялар ташкил этилган. Кутубхонасида бир миллиондан ортиқ илмий ва фалсафий асарларни сақлаш имконияти мавжуд.
Илмий-институционал марказ. Мажмуа Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ҳамда Уламолар кенгашининг бош қароргоҳи сифатида фаолият юритиб, илм-фан ва диний маърифатни ягона маконда бирлаштиради.
II. Учинчи Ренессанс фалсафаси
Ушбу марказнинг аҳамиятини англаш учун Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган Учинчи Ренессанс ғоясининг мазмунини тушуниш зарур.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, замонавий Ўзбекистоннинг барқарорлиги ва тараққиёти мамлакат ҳудудида илгари юз берган икки буюк илмий юксалиш даври тажрибасига таяниши лозим.
Биринчи Ренессанс (IX–XII асрлар). Бу қомусий олимлар даври бўлиб, айнан шу заминда Хоразмий (алгебра асосчиси), Абу Али ибн Сино (замонавий тиббиёт асосчиларидан бири) ва Абу Райҳон Беруний (Ер радиусини ҳисоблаб чиққан машҳур астроном ва қомусий олим) каби буюк алломалар етишиб чиққан.
Иккинчи Ренессанс (XIV–XV асрлар). Бу Темурийлар даврининг юксалиш палласи бўлиб, Мирзо Улуғбекнинг илмий фаолияти ҳамда Алишер Навоий ижодининг равнақи билан тавсифланади.
Учинчи Ренессанс ана шу буюк аждодлар меросини келажак технологиялари ва илм-фани билан узвий боғлашни мақсад қилган. Шу боис давлат Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини мамлакатнинг рақамлаштириш дастурлари, сунъий интеллект марказларини ташкил этиш ҳамда олий таълим ва илмий соҳаларни чуқур ислоҳ қилиш билан уйғун ҳолда ривожлантирмоқда.
III. Геосиёсат ва «Ислом маърифатпарварлиги»
Учинчи Ренессанс лойиҳаси Ўзбекистон ташқи сиёсати ва миллий хавфсизлигида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Халқаро майдонда мамлакат ўзининг бой тарихий мероси орқали «Ислом маърифатпарварлиги» ғоясини илгари сурмоқда. Бу ёндашув таълим ва маърифат воситасида радикал экстремизмга қарши курашишга хизмат қилиб, Марказий Осиёда ислом цивилизациясининг ҳақиқий моҳияти доимо илм-фан, бағрикенглик ва инсонпарварлик билан уйғун бўлганини намоён этади.
Шу билан бирга, Ислом цивилизацияси маркази мамлакат иқтисодий тараққиётининг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Тошкентни Буюк Ипак йўлидаги нуфузли маданий марказ сифатида шакллантириш орқали Ўзбекистон Европа давлатларидан инвесторлар ва олимларни, шунингдек, араб ва Осиё мамлакатларидан маданий ҳамда зиёрат туризми оқимини жалб этмоқда.
Шу тариқа, Ўзбекистон халқаро бозорларга очиқ иқтисодий сиёсатни ўзининг бой тарихий меросини қайта тиклаш билан уйғун равишда амалга ошираётганини намоён этмоқда. Учинчи Ренессанс ўтмишга соғинч билан қараш эмас, балки мамлакатнинг замонавий глобал тараққиётда етакчи ўрин эгаллашига қаратилган стратегик тараққиёт йўл харитасидир.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.