

Янгиликлар
Марказий Осиё юрагидан дунё эътиборини тортган лойиҳа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги халқаро эътирофлар тобора кенгаймоқда. Хитойнинг дипломатик ва туризмга ихтисослашган “Diplomat” ва “VICTWO” нашрлари ҳамда "Travel&Leisure" журнали ушбу мажмуани Янги Ўзбекистоннинг энг йирик маънавий-маърифий лойиҳаларидан бири сифатида баҳолаб, уни ислом цивилизациясининг инсонпарварлик, илм-фан ва маданий меросини замонавий технологиялар билан уйғунлаштирган ноёб марказ сифатида эътироф этди. Нашрларда таъкидланишича, Ислом цивилизацияси маркази нафақат музей, балки халқаро илмий ҳамкорлик, таълим ва маданиятлар мулоқотини ривожлантирувчи глобал интеллектуал платформага айланмоқда.
Марказий Осиё юрагидан дунё эътиборини тортган лойиҳа
Кириш. Марказий Осиё юрагидан дунё эътиборини ўзига қаратаётган улкан ва юксак аҳамиятга эга лойиҳа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат меъморий обида, балки минтақанинг ўтмиши, бугуни ва келажагини боғловчи маънавий-маърифий кўприкдир. 2026 йил март ойида ўз эшикларини очиши режалаштирилган мазкур мажмуа халқаро оммавий ахборот воситалари ва нуфузли ташкилотлар томонидан Янги Ўзбекистоннинг энг таъсирчан маданий лойиҳаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Ушбу лойиҳага 2017 йилда асос солинган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида мазкур ташаббусни илгари сурган эди. Давлат раҳбари ўша нутқида ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳияти – маърифат, тинчлик ва бунёдкорлик ғояларини жаҳон ҳамжамиятига намоён этиш зарурлигини таъкидлаган. Бу нафақат сиёсий баёнот, балки асрлар давомида илм-фан ва маданият бешиги бўлган заминнинг ўз илдизларига қайтиш дастури ҳам эди.
Лойиҳанинг амалга оширилиши бутун дунё маънавий янгиланишга эҳтиёж сезаётган бир даврга тўғри келди. Исломофобия ва экстремизм авж олган шароитда Ўзбекистон бу муаммоларга илм-фан ва таълим орқали жавоб бериш моделини таклиф қилди.
Бугунги кунда мазкур ғоя ҳаётга татбиқ этилди. Тошкентнинг тарихий марказида 10 гектар майдонни эгаллаган муҳташам меъморий мажмуа қад ростлади. Баландлиги 65 метр бўлган мовий гумбаз ва тўртта олтин дарвоза мамлакатнинг барча ҳудудлари бирлиги ва ҳамжиҳатлигини ифода этади. Мажмуа меъморчилигида Темурийлар даври анъаналари замонавий технологиялар билан уйғунлаштирилган.
Марказ дин ва илм уйғунлигининг ёрқин тимсолидир. Асосий бино Мирзо Улуғбек мадрасаси меъморий услуби асосида қурилган бўлиб, унинг безакларида Қуръони каримнинг илк ваҳийси – «Иқро» («Ўқинг!») ояти ҳуснихат билан битилган. Бу билим олиш ҳар бир инсоннинг энг юксак маънавий бурчи эканини англатади.
Экспозициянинг энг қимматли экспонати VII асрга мансуб Усмон мусҳафи ҳисобланади. Ушбу муқаддас қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» реестрига киритилган.
Мажмуа нафақат улкан меъморий ечимлари, балки замонавий шаҳарсозлик ва экологик талабларга тўлиқ жавоб бериши билан ҳам ажралиб туради. Пойдеворидан то гумбазигача бўлган ҳар бир жиҳат тарихий меросга эҳтиром асосида барпо этилган ва узоқ йиллар хизмат қилишга мўлжалланган. Атрофидаги кенг яшил ҳудуд эса уни фақат илмий марказ эмас, балки маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар учун очиқ маданий-маърифий маконга айлантирган.
Марказ экспозицияси анъанавий музей тушунчасидан мутлақо фарқ қилади. Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган «Цивилизация – шахс – кашфиёт» тамойили асосида тарихий воқеалар шунчаки намойиш этилмайди, балки ташриф буюрувчиларга илмий тафаккур ва кашфиётлар муҳитига чуқур кириб бориш имкони яратилади.
Экспозиция тарихий даврлар бўйича ташкил этилган: исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, Янги Ўзбекистон даври ҳамда Учинчи Ренессанс ғоясига олиб келган тараққиёт босқичлари.
Марказнинг энг диққатга сазовор қисмларидан бири — «Цивилизация девори»дир. Унда инсоният тафаккурининг узлуксиз тараққиёти намоён этилган бўлиб, Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби буюк алломаларнинг кашфиётлари замонавий юқори технологиялар билан қандай боғлангани кўрсатилади.
Виртуал реаллик, кенгайтирилган реаллик, голографик технологиялар ва сунъий интеллект имкониятлари туфайли IX аср қўлёзмалари «жонлантирилади», қадимий расадхоналар рақамли шаклда қайта тикланади ва тарихий илмий кашфиётлар янги авлод учун янада тушунарли тарзда намойиш этилади.
Рақамли технологияларнинг кенг қўлланилиши туфайли мазкур марказ келажак музейига айланади. Ақлли тизимлар орқали ташриф буюрувчилар нафақат ахборот олади, балки буюк олимлар билан виртуал мулоқот қилиб, уларнинг илмий тажрибаларида иштирок этиш имконига ҳам эга бўлади. Болалар учун махсус ташкил этилган «1001 ихтиро» лабораторияси эса муҳандислик ва табиий фанларга қизиқишни эрта ёшдан шакллантиришга хизмат қилади. Шу тариқа марказ билимлар хазинасидан ташқари мамлакат интеллектуал салоҳиятини ривожлантирувчи интерактив таълим майдони вазифасини ҳам бажаради.
Президент Шавкат Мирзиёев бир неча бор мамлакатнинг ҳақиқий кучи унинг тарихий хотираси ва маданий илдизларида эканини таъкидлаган. Шу боис музей экспозицияларини халқимизнинг ҳақиқий маданий бойликлари билан бойитиш, ўзбек халқининг тарихи ва маънавиятини акс эттирувчи ноёб ёдгорликларни Ватанга қайтариш бўйича топшириқлар берилган.
Бу эзгу мақсадни амалга ошириш учун Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов раҳбарлигидаги делегация ҳамда олимлар, шарқшунослар ва санъатшунослардан иборат махсус комиссия кенг қамровли илмий изланишлар олиб борди. Марказнинг асосий вазифаларидан бири чет элларда сақланаётган миллий маданий мерос намуналарини Ватанга қайтариш бўлиб, бу мақсадда халқаро аукционлар ва хусусий коллекционерлар билан тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Узоқ йиллик саъй-ҳаракатлар натижасида мингдан ортиқ ноёб қўлёзма ва тарихий ёдгорликлар Ўзбекистонга қайтарилди. Шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, муҳофаза қилиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳам Марказ фондига Мовароуннаҳр ва Хуросонга оид кўплаб қимматли асарларни топширди.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилган илмий экспедициялар ва дипломатик ташаббуслар туфайли дунёнинг йирик музейлари ва кутубхоналарида сақланаётган қўлёзмаларнинг нусхалари тайёрланди. Бу жараён ўзбек халқининг бой маданий мероси нафақат Марказий Осиё, балки бутун ислом цивилизацияси ва жаҳон маданиятининг ажралмас қисми эканини яна бир бор исботлади. Ватанга қайтарилган ҳар бир ноёб ёдгорлик Янги Ўзбекистоннинг миллий ўзлигини тиклаш йўлидаги қатъий иродасининг рамзига айланди.
Ислом цивилизацияси маркази оддий музей эмас, балки халқаро илмий-маърифий платформа ҳисобланади. Бу ерда тадқиқотчилар учун 200 мингдан зиёд китоб фондига эга кутубхона, реставрация лабораторияси, хаттотлик мактаби ва рақамли архив фаолият юритади. Шунингдек, ICESCO, IRCICA ва Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази (OCIS) каби халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари ҳам шу ерда жойлашган.
Марказ барпо этилишида 40 дан ортиқ мамлакатдан 1500 нафардан зиёд мутахассис иштирок этди. Халқаро экспертлар, жумладан Холид Эланани, уни «янги авлод музейи, илмий марказ, замонавий кутубхона, Марказий Осиё цивилизацияси архивлари, рақамли гуманитар технологиялар ва глобал илмий ҳамкорлик тармоғини ўзида мужассам этган бетакрор цивилизация мажмуаси» деб баҳолади.
Финляндия Президенти Александр Стубб мазкур марказни замонавий дунёнинг янги илм-маърифат маскани деб атаб, уни тарихдаги «Байтул ҳикма», Маъмун академияси ва Мирзо Улуғбек мадрасаси каби илм даргоҳлари билан қиёслади.
«Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак» халқаро анжумани доирасида беш давлат раҳбари Марказга ташриф буюриб, уни бутун минтақа фахри сифатида эътироф этди. Анжуманда Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжондан 300 дан ортиқ олим ва маданият намояндалари иштирок этди.
2026 йил февраль ойида Париждан келган янгилик лойиҳанинг халқаро нуфузини янада оширди. Версаль мукофоти халқаро қўмитаси Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказини «2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари» рўйхатига киритди.
Шунингдек, Smithsonian Magazine, BBC Travel, BBC History ва National Geographic каби халқаро нашрлар ҳам марказ ҳақида кенг ёритиб, уни Лос-Анжелесдаги Лукас ҳикоявий санъат музейи, Вашингтондаги National Geographic Exploration Museum ҳамда Лондон музейи каби жаҳоннинг энг нуфузли музей лойиҳалари қаторига қўйди.
Бу эътирофлар Марказнинг илмий ва туристик салоҳиятини янада ошириб, уни жаҳон аҳамиятига эга ташриф буюрилиши шарт бўлган манзилга айлантирди. Бу ютуқлар Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик салоҳияти ва халқаро стандартларга мос инновацион тараққиёт йўлини яққол намоён этмоқда.
Марказнинг очилиши Рамазон ойига тўғри келиши ҳам рамзий маънога эга. Зеро, айнан шу муборак ойда — 2018 йилда мазкур улкан лойиҳанинг тамал тоши қўйилган эди. Орадан саккиз йил ўтиб, Ислом цивилизацияси маркази ўз эшикларини очиш арафасида турибди. У келажак авлодлар учун ислом маданий меросини тиклаш ва асраб-авайлашнинг ёрқин рамзи бўлиб хизмат қилади.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.