

Янгиликлар
I Халқаро ислом цивилизацияси форуми икки муҳим илмий кашфиётга сабаб бўлди
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида 40 дан ортиқ давлатнинг 300 га яқин давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, етук уламолар, академиклар, тадқиқотчилар, музей ва кутубхона раҳбарлари, халқаро ташкилотлар иштирокида ўтказилган “Тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусидаги I халқаро ислом цивилизацияси форумида Марказий Осиёнинг интеллектуал меросини қайта баҳолашга хизмат қилиши мумкин бўлган икки муҳим илмий кашфиёт кенг жамоатчиликка маълум қилинди.
Форум доирасида ўтказилган “Ислом цивилизацияси ва замонавий дунё: мерос, мулоқот ва тараққиёт” мавзусидаги III халқаро конференцияда олимлар Марказий Осиёнинг илмий ва адабий меросига оид икки муҳим тадқиқот натижасини халқаро илмий жамоатчиликка тақдим этди. Бири XIV асрнинг йирик мутафаккири Камол Хўжандий меросининг Бобур ижодидаги ўрнини янги манбалар асосида очиб берган бўлса, иккинчиси Алишер Навоийнинг илгари номаълум бўлган яна бир девон қўлёзмасининг аниқланганини тасдиқлади.
Олимлар Буюк Британия кутубхонасида шу вақтгача бошқа асар сифатида қайд этиб келинган қўлёзма аслида Алишер Навоийнинг «Бадоеъ ул-бидоя» девонининг илмий жиҳатдан маълум бўлган тўққизинчи нусхаси эканини маълум қилди. Шу билан бирга, Бобурнинг «Аруз» («Мухтасар») рисоласида Камол Хўжандий шеъриятидан келтирилган элликдан ортиқ иқтибос XIV–XV асрлар адабий муҳитини ўрганиш учун ноёб манба сифатида қайта баҳоланди.
Бу илмий хулосалар Марказий Осиёнинг қўлёзма мероси, адабий анъаналари ва интеллектуал тарихини халқаро илмий ҳамкорлик асосида қайта тадқиқ этишга қизиқиш ортиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти етакчи илмий ходими, филология фанлари номзоди, профессор Буробия Ражабованинг қайд этишича, Бобурнинг «Аруз» («Мухтасар») рисоласида XIV–XV асрларда яшаган 73 нафар ижодкордан намуналар келтирилган бўлиб, уларнинг ичида Камол Хўжандий шеъриятидан элликдан ортиқ иқтибос учрайди. Олимлар фикрича, бу мисоллар нафақат Бобурнинг Камол Хўжандий ижоди билан чуқур таниш бўлганини, балки уни ўзининг энг юксак адабий устозларидан бири сифатида баҳолаганини ҳам кўрсатади.
Маърузада қайд этилганидек, ушбу шеърий мисоллар Камол Хўжандий ҳаётига оид айрим тарихий воқеалар, жумладан Амир Темур ва Мироншоҳ Мирзо билан боғлиқ маълумотларни ҳам сақлаб қолган. Бу эса адабий манбаларнинг тарихий ҳужжат сифатидаги аҳамиятини янада оширади.
Шунингдек, тадқиқотчи Бобурнинг маълум вақт Хўжандда яшагани ва «Бобурнома»да мазкур шаҳар ҳамда Камол Хўжандий номи алоҳида эҳтиром билан тилга олиниши ҳам икки мутафаккир ўртасидаги маънавий боғлиқликни кўрсатишини таъкидлади.
Шунингдек, профессор Камол Хўжандий ижоди Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва Давлатшоҳ Самарқандий асарлари билан қиёсий таҳлил қилиб, унинг қўлёзма девонлари бугунги кунда Тошкент, Боку, Душанбе ва Санкт-Петербургда сақланаётгани қайд этди. Бу ҳолат олимлар фикрича, шоир меросининг минтақавий эмас, балки халқаро аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Конференция доирасида эълон қилинган иккинчи муҳим илмий янгилик навоийшунослик соҳасига оид бўлди.
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Ойсара Мадалиева Британия кутубхонасида сақланаётган, шу вақтгача «Ғаройиб ус-сиғар» сифатида тавсифланган қўлёзма аслида Алишер Навоийнинг «Бадоеъ ул-бидоя» девонининг янги — тўққизинчи нусхаси эканини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур кашфиёт 2026 йил апрель ойида Оксфорд университетининг Бодлеан кутубхонаси, New College ва Берлин давлат кутубхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро тадқиқотлар давомида амалга оширилган.
Тадқиқотчиларнинг маълум қилишича, қўлёзма 1520 йилда Сафавийлар саройида кўчирилган бўлиб, бу Навоий вафотидан қарийб йигирма йил ўтиб ҳам унинг асарлари Хуросон ва Мовароуннаҳрдан ташқари ҳудудларда юксак қадрланганини кўрсатади.
Олимларнинг таъкидлашича, ушбу нусханинг яна бир муҳим хусусияти — олтита миниатюра, олтита колофон ва девон тузилишини акс эттирувчи "шамса" билан безатилганидир. Бу жиҳат уни ҳозиргача маълум бўлган бошқа нусхалардан ажратиб туради.
Дастлабки қиёсий таҳлиллар Лондонда аниқланган қўлёзма Бокуда сақланаётган «Бадоеъ ул-бидоя» нусхаси билан жуда яқин эканини кўрсатган. Тадқиқотчилар фикрича, бу ҳолат Навоий асарларининг XVI асрдаги тарқалиш йўллари ва қўлёзмаларнинг ўзаро боғлиқлигини ўрганиш учун янги илмий имкониятлар яратади.
Олимлар таъкидлашича, мазкур икки тадқиқот натижаси нафақат Камол Хўжандий, Бобур ва Навоий меросини чуқурроқ англаш, балки Марказий Осиёнинг интеллектуал тарихи, қўлёзмашунослик, текстология ва адабиётшунослик соҳаларидаги халқаро тадқиқотлар учун ҳам янги илмий манбаларни тақдим этади. Бу эса минтақанинг бой илмий меросини жаҳон гуманитар фанлари тизимига янада кенгроқ интеграция қилишга хизмат қилиши мумкин.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.