Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Al-Ahram газетаси: “Тошкентдан таралаётган янги цивилизацион чақириқ”

Мисрнинг нуфузли нашрларидан бири — Al-Ahram газетасининг инглиз тилидаги таҳлилий платформасида эълон қилинган мақолада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ислом цивилизациясининг ўтмиши ва келажаги ҳақидаги глобал мулоҳазалар учун муҳим майдон сифатида баҳоланади. Муаллиф марказни зиёрат қилиш асносида Ислом цивилизацияси «ўтмиш мероси» эмас, балки инсоният тараққиётига хизмат қилишда давом этаётган жонли цивилизацион лойиҳа эканини таъкидлайди. Нашрда Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси меросини замонавий илм-фан ва технологиялар билан уйғун ҳолда намоён этишга қаратилган саъй-ҳаракатлари, хусусан, Ислом цивилизацияси маркази фаолияти янги интеллектуал уйғониш ва Учинчи Ренессанс ғоясининг амалий ифодаси сифатида эътироф этилган.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан яқинда очилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдим. Нодир қўлёзмалар, минг йилдан зиёд тарихга эга Қуръони карим нусхалари ҳамда цивилизация хотирасини ташриф буюрувчи билан жонли мулоқотга айлантирувчи замонавий технологиялар орасида юрар эканман, қалбимда кўплаб саволлар туғилди. Улар ичида энг муҳимларидан бири шу эди: макон ва замон қандай қилиб инсоният тарихининг буюк саволларини яна кун тартибига олиб чиқади?

Қарийб ўттиз йил аввал Гарвард университетида таҳсил олар эканман, Самуэл Ҳантингтон номи маъруза заллари ва илмий баҳс-мунозараларда энг кўп тилга олинадиган номлардан бири эди. Унинг «Цивилизациялар тўқнашуви» ҳақидаги назарияси Ғарб сиёсий тафаккурига ва келажак дунё ҳақидаги тасаввурларга кучли таъсир кўрсатаётган эди. Бу тасаввурга кўра, келажакдаги дунё цивилизациялар ўртасидаги ажралиш, рақобат ва қарама-қаршиликларга асосланади, Ислом эса Ғарб академик муҳити назарида энг мураккаб рақиб сифатида кўрилади.

Мен ўқидим, тингладим, баҳсларда иштирок этдим. Бироқ қалбимда сокин, аммо қатъий ишонч бор эди: бу назариянинг туб негизида жиддий нуқсон мавжуд. Унда тасвирланган цивилизация гўёки тугаган ёки энг яхши ҳолатда вақтда қотиб қолган эди. Мен билган Ислом цивилизацияси эса бундай эмасди.

Сўнг 11 сентябрь воқеалари юз берди. Бу Ғарб жамоатчилик онгида Ислом ва мусулмонларга нисбатан улкан салбий муносабат тўлқинини келтириб чиқарди. Илмий нашрлар ва оммавий ахборот воситалари турли кўринишда бир хил саволни такрорлай бошлади: «Исломда нима хато кетди?»

Натижада айбдорлар тарихий жароҳатлар, мустамлакачилик мероси ёки халқаро тизимдаги тузилмавий адолатсизликлар эмас, балки диннинг ўзи гўёки муҳокама объектига айлантирилди. Мени энг кўп ташвишга солган жиҳат саволнинг ўзи эмас, балки унинг мазмунидан маҳрум қилиниб, ортиқча юклангани эди. Шу тариқа у танқидий таҳлилдан яширин айбловга айланиб қолди.

Орадан ўн йил ўтиб, «Араб баҳори» деб ном олган воқеалар «сиёсий Исломнинг муваффақиятсизлиги» ҳақидаги янги саҳифани очди. Биз ҳали-ҳамон ўша аччиқ тажрибанинг оқибатларини бошдан кечирмоқдамиз. Бу жараён яна бир хавфли ҳолатни юзага келтирди: Ислом дини ва цивилизацияси сиёсий исломчилик ҳаракатлари билан аралаштириб юборилди, бутун бир бой анъана ҳокимият учун кураш доирасига қисқартирилди.

Яқин тарихнинг ана шу уч муҳим нуқтасидан яна Тошкентга қайтаман ва бу ерда ўша саволларга ўзига хос жавобни кўраман. Бу ҳимояланишга қаратилган жавоб эмас, айбловга қарши айблов билан жавоб бериш ҳам эмас. Бу мутлақо бошқа мантиққа асосланган жавобдир.

Бир пайтлар Ислом интеллектуал цивилизациясининг буюк марказларидан бири бўлган шаҳарнинг қоқ марказида қад ростлаган ушбу муҳташам иншоот ўзининг кўлами, меъморчилиги ва мазмуни билан бир ҳақиқатни эълон қилади: Ислом цивилизацияси ҳеч қачон узилмаган ва унинг инсониятга хизмат қилишга қаратилган буюк лойиҳаси ҳеч қачон якунланмаган.

Аслида муаммо ҳеч қачон Исломнинг ўзида бўлмаган. Муаммо кейинги асрларда Исломнинг бой ва мукаммал цивилизацион тизими билан кўплаб мусулмон жамиятларидаги амалий ҳаёт ўртасидаги тобора кенгайиб борган узилишда эди. Ғаззолий, Ибн Рушд, Ибн Сино, Ибн Халдун ва Беруний каби буюк алломаларни етиштирган, марказида Тошкент жойлашган ана шу цивилизациянинг ўзи бугунги инқирозларининг манбаи, деб айтишга ҳеч қандай асос йўқ.

Бугун зарур бўлган уйғониш, аввало, инсонни қайта тарбиялашдан бошланади. Ўзлигини англаган, бироқ тафаккури очиқ инсонни шакллантириш лозим. У буюк меросдан янги саволларга жавоб топиш учун фойдаланади, эски жавоблар ортига яшириниб олмайди ва улардан бутунлай воз кечмайди.

Бу уйғониш ақлни ҳурмат қиладиган, билим яратадиган ва фикрлар хилма-хиллигини далил ҳамда маданият асосида бошқарадиган ҳақиқий илмий муассасалар орқали амалга ошади. Унинг энг юксак ифодаси эса Исломнинг буюк қадриятлари — адолат, раҳм-шафқат, комиллик ва инсон қадр-қимматидир. Бу қадриятлар деворларга ёзиб қўйиладиган шиорлар эмас, балки давлат сиёсати, қонунчилик ва кундалик ҳаётда намоён бўлиши лозим бўлган тамойиллардир.
Тошкентдаги ана шу залда, ҳазрати Усмон мусҳафи тарих ва замонавий технологияни бирлаштирган муҳитда сақланаётган жойда мен Ислом цивилизациясини фақат ўтмиш цивилизацияси сифатида эмас, балки келажак имконияти сифатида кўрдим.

Мен ўзлигини йўқотмасдан дунё билан мулоқот қила оладиган жамият тимсолини кўрдим. На ўзини дунёдан узиб қўядиган, на ўзлигини йўқотгунча очилиб кетадиган жамиятни. Балки ким эканини англаган ҳолда атрофида кечаётган жараёнлар билан ишончли мулоқот қиладиган цивилизацияни кўрдим.

Тошкентдан бутун дунё эшитиши лозим бўлган бир хабар бор: Ислом цивилизациясига уни ҳимоя қиладиганлардан кўра, уни қайта барпо этадиган инсонлар кўпроқ керак. Уни қадамма-қадам, муассасама-муассаса ва авлодма-авлод қайта қуриш лозим.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1436326.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1177929.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
954327.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.