

Янгиликлар
Al Watan:"Ўзбекистондан дунёга йўлланган ташаббус: Халқаро Ислом цивилизацияси форуми ўтмишдан келажак сари"
Саудия Арабистонининг етакчи нашрларидан бири — Al Watan Биринчи халқаро Ислом цивилизацияси форумини Ўзбекистоннинг ислом меросини замонавий тараққиёт билан уйғунлаштиришга қаратилган муҳим цивилизацион ташаббуси сифатида баҳолади. Нашр форумда илгари сурилган халқаро институционал ташаббуслар билан бир қаторда, Саудия Арабистони Қироллик девони маслаҳатчиси, Катта уламолар ҳайъати аъзоси, Масжидул Ҳаром имоми ва хатиби шайх доктор Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Ҳумайднинг Ислом цивилизациясининг асоси адолат, илм, инсон қадри ва бағрикенглик экани ҳақидаги фикрларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Мақолада форум Ўзбекистоннинг жаҳон ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб этиш соҳасидаги халқаро нуфузини янада мустаҳкамлагани таъкидланади.
2026 йил 7–11 июль кунлари Ўзбекистон Республикасида «Тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли» шиори остида ўтказилган Биринчи халқаро Ислом цивилизацияси форуми нафақат олимлар ва мутахассисларни бирлаштирган илмий анжуман, балки инсоният тарихида Ислом цивилизациясининг тутган ўрнини яна бир бор ёритган, унинг илм-фан ва тафаккурга асосланган қадриятларини мулоқот, ҳамжиҳатлик ва келажакни барпо этишнинг муҳим пойдевори сифатида намоён этган кенг қамровли цивилизацион лойиҳа бўлди.
Форум Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳомийлигида, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда вазирлар, халқаро ва диний ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, 40 мамлакатдан 300 дан ортиқ маърузачи иштирок этди. Бу эса Ўзбекистоннинг ислом меросининг энг муҳим тарихий марказларидан бири сифатидаги нуфузини яна бир бор тасдиқлади.
Илм ва инсониятга хизмат
Форум бугунги кунни кўп асрлик цивилизацион илдизлар билан боғлашни мақсад қилди. У Мовароуннаҳр алломалари қолдирган бой илмий меросдан илҳомланди. Айниқса, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва бошқа буюк мутафаккирларнинг ҳадис, фиқҳ, ақида, фалсафа, математика ва тиббиёт соҳаларидаги хизматлари алоҳида эътироф этилди. Ана шу буюк мерос туфайли ушбу замин Ислом цивилизациясининг энг йирик илм марказларидан бирига айланган.
Форумнинг Ўзбекистонда ўтказилиши ўтмишни эслаш билангина чекланмади. У маданий меросни бугунги тараққиёт ва келажак қурилишига хизмат қилдириш мумкинлигини яна бир бор намоён этди.
Исломшунослик соҳасидаги халқаро анжуманлар
Форум доирасида учта йирик халқаро конференция бўлиб ўтди.
Биринчи конференция «Имом Бухорийнинг "Ал-жомеъ ас-саҳиҳ" асари — уммат китоби» мавзусига бағишланди.
Иккинчи конференция Имом Мотуридийнинг илмий мероси, унинг мўътадиллик ва бағрикенглик ғояларини ўрганишга бағишланди.
Учинчи конференция эса Имом Термизий мактаби ва унинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссасини таҳлил қилди.
Бу мавзулар Ўзбекистонда шаклланган илмий мактабларнинг ислом тафаккури тараққиётидаги ўрнини ҳар томонлама ёритишга хизмат қилди.
Институционал лойиҳа
Форум тарихни ёдга олиш билан чекланиб қолмади. У ислом меросини муҳофаза қилиш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш бўйича амалий ташаббусларни ҳам илгари сурди.
Иштирокчилар қуйидаги муҳим ташаббусларни эълон қилди:
- Жаҳон Ислом цивилизацияси форумини таъсис этиш;
- Ислом цивилизацияси меросининг глобал рақамли реестрини яратиш;
- «Ислом цивилизацияси — бутун инсоният мероси» халқаро дастурини ишга тушириш;
- Ислом цивилизацияси тадқиқотлари бўйича халқаро илмий муассаса ташкил этиш;
- Жаҳон рақамли кутубхонасини яратиш;
- Халқаро Ислом цивилизацияси энциклопедиясини тайёрлаш;
- Ислом меросининг ҳолати бўйича йиллик ҳисоботни нашр этиш;
- Ёшлар учун халқаро платформа ташкил қилиш;
- Ислом маданияти, санъати ва цивилизацияси музейларининг халқаро уюшмасини тузиш.
Бу ташаббуслар форумнинг оддий илмий учрашувдан узоқ муддатли халқаро институционал лойиҳага айланганини кўрсатди.
Имом Бухорий мероси
Форумнинг энг йирик тадбири Имом Бухорийга бағишланган халқаро конференция бўлди.
Унда буюк муҳаддиснинг ҳаёти ва илмий мероси, «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» асарининг ислом уламолари наздидаги юксак мақоми муҳокама қилинди.
Конференция иштирокчилари Имом Бухорийнинг ҳадисларни саралаш ва таснифлашдаги юксак илмий методологиясини таҳлил қилди. Шунингдек, унинг асарига хизмат қилган уламолар мероси, китоб атрофида билдирилган айрим эътирозларга илмий жавоблар ҳам кўриб чиқилди.
Анжуман якунида энг яхши илмий ишлар муаллифлари тақдирланди ва конференция материаллари алоҳида тўплам сифатида нашр этилди.
Унда мусулмон мамлакатларидан таниқли олимлар, муфтийлар, вазирлар ва ислом ташкилотлари раҳбарлари қатнашди. Бу Имом Бухорийнинг бутун мусулмон уммати учун нақадар юксак мақомга эга эканини яна бир бор намоён қилди.
Уммат бирлиги
Саудия Арабистони Қироллик девони маслаҳатчиси, Катта уламолар ҳайъати аъзоси, Масжидул Ҳаром имоми ва хатиби шайх доктор Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Ҳумайд ўз маърузасида Ислом цивилизациясининг маънавий асосларига алоҳида тўхталди.
Унинг таъкидлашича, Ислом цивилизацияси куч ёки ҳукмронлик асосида эмас, балки инсон қадри, адолат, илм ва ахлоққа таянган ҳолда шаклланган.
Шунингдек, у Исломдаги бағрикенглик вақтинчалик шиор эмас, балки адолат ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга асосланган барқарор қадрият эканини таъкидлади.
У бугунги кунда мусулмон уммати шариат манбаларига содиқ қолган ҳолда замон талабларини тўғри англайдиган мувозанатли ижтиҳод маданиятини қайта тиклаши зарурлигини қайд этди.
Халқаро мукофот ташаббуси
ICESCO Бош директори доктор Салим бин Муҳаммад ал-Молик форумнинг аҳамияти ҳақида тўхталар экан, ўз тарихини англай олган халқларгина келажагини муваффақиятли қура олишини таъкидлади.
Унинг фикрича, Ислом цивилизацияси фақат тарихий мерос эмас, балки инсонпарварлик ва илмга асосланган доимий тараққиёт лойиҳасидир.
Ал-Молик Ўзбекистон тарих давомида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Хоразмий, Беруний ва Ибн Сино каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт эканини таъкидлаб, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказини ушбу илмий мероснинг замонавий давоми сифатида баҳолади.
У Ислом цивилизациясига бағишланган халқаро мукофотни таъсис этиш, уни таълим тизимига кенг жорий қилиш ҳамда цивилизацион дипломатияни ривожлантириш таклифини илгари сурди.
Асосли илмий тадқиқот
Имом Бухорий конференциясида сўзга чиққан доктор Салим ал-Молик буюк муҳаддиснинг юксак илмий даражаси кўп йиллик изланишлар, сафарлар, ривоятларни йиғиш ва танқидий таҳлил қилиш натижаси эканини таъкидлади.
Унинг айтишича, Имом Бухорийнинг методологияси ҳозирги кун илмий тадқиқотлари учун ҳам намуна бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, у ҳадис илми бўйича ҳар йили халқаро конференция ўтказиш ва суннат хизмати соҳасида махсус илмий мукофот таъсис этиш таклифини билдирди.
Ижтиҳод ва бағрикенглик
Форум иштирокчилари Ислом цивилизациясининг аҳамияти фақат ўтмишдаги шон-шараф билан эмас, балки бугунги муаммоларни ҳал этиш ва келажакни барпо қилиш имконияти билан белгиланишини таъкидладилар.
Шунингдек, ислом меросини муҳофаза қилиш фақат қўлёзмалар ва тарихий ёдгорликларни асраш эмас, балки илм, ижтиҳод, бағрикенглик, билимга очиқлик ва халқлар ўртасидаги ҳамкорлик каби қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш орқали амалга оширилиши қайд этилди.
Форум давомида билдирилган ташаббуслар, муҳокамалар ва илмий ғоялар Ислом цивилизациясини фақат тадқиқот объекти эмас, балки инсониятнинг барқарор келажагини қуришга хизмат қилувчи амалий куч сифатида намоён этди.
Энг муҳим ташаббуслар
- Жаҳон Ислом цивилизацияси форуми.
- Ислом меросининг глобал рақамли реестри.
- Ислом цивилизацияси бўйича халқаро мукофот.
- Ислом цивилизацияси тадқиқотлари халқаро институти.
- Ислом цивилизациясининг рақамли кутубхонаси.
- Халқаро Ислом цивилизацияси энциклопедияси.
- Ислом меросининг ҳолати бўйича йиллик ҳисобот.
- Ислом цивилизацияси бўйича халқаро ёшлар форуми.
- Ислом маданияти, санъати ва цивилизацияси музейларининг халқаро уюшмаси.
Форумнинг асосий ғоялари
- Ислом цивилизацияси — доимо янгиланиб борувчи умуминсоний лойиҳа.
- Илм ва маърифат — тараққиётнинг асосидир.
- Бағрикенглик ва мўътадиллик — Ислом цивилизациясининг устунларидир.
- Ислом меросини асраш — барчанинг умумий масъулияти.
- Инсон капитали ва билимга сармоя киритиш — келажак сари энг тўғри йўлдир.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.