

Янгиликлар
Ўзбекистон Хитойнинг 5,2 миллион меҳмон қабул қилувчи Шэньси музейи билан стратегик ҳамкорликни бошламоқда
Ўзбекистон ва Хитой маданий мерос соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш йўлида навбатдаги муҳим қадамни ташлади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация хизмат сафари билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди. Хизмат сафари доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда мамлакатнинг энг нуфузли музейларидан бири — Шэньси тарих музейи ўртасида қўшма кўргазмалар, илмий тадқиқотлар, музейшунослик ва Буюк Ипак йўли цивилизациялари меросини биргаликда тадқиқ этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Шэньси тарих музейи директори Пан Яньи Шэньси вилояти Хитой цивилизациясининг энг қадимги марказларидан бири эканини таъкидлаб, мазкур ҳудуд тарих давомида 14 та сулолага пойтахт бўлиб хизмат қилганини қайд этди.
Унинг маълум қилишича, Шэньси тарих музейи 2025 йилнинг ўзида 5 миллион 200 мингдан ортиқ меҳмонни қабул қилган бўлиб, бой археологик фонди, нодир коллекциялари ва замонавий илмий экспозициялари билан мамлакатнинг энг нуфузли музей муассасалари қаторига киради.
Музокаралар чоғида Ислом цивилизацияси маркази директори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий концепцияси ва экспозицияси ҳақида батафсил маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, Марказ фақат ислом цивилизацияси тарихи билан чекланмайди.
“Марказ экспозицияларида Ўзбекистон ҳудудида шаклланган барча цивилизацияларнинг изчил тарихи ягона илмий ёндашув асосида намойиш этилади. Экспозициялар исломдан аввалги даврдан бошланиб, Фарғона отлари маданияти, Суғд цивилизацияси, Буюк Ипак йўли орқали шаклланган маданий ва иқтисодий алоқалар, шунингдек, халқлар ўртасидаги цивилизацион мулоқот жараёнларини қамраб олади” – деди Фирдавс Абдухолиқов.
Қайд этилдики, Марказнинг асосий мақсади турли халқларни боғлаб турган умумий цивилизацион меросни илмий асосда ёритиш ва уни халқаро жамоатчиликка кенг намойиш этишдан иборат.
Марказ директори Шэньси тарих музейида ҳам Буюк Ипак йўли тарихи билан боғлиқ кўплаб ноёб археологик топилмалар сақланаётганини таъкидлаб, бу икки муассаса экспозицияларини ўзаро бойитиш учун муҳим илмий асос бўлишини билдирди.
Музокаралар давомида келгуси йил Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги муносабати билан қатор қўшма маданий лойиҳаларни амалга ошириш таклифи илгари сурилди.
Жумладан:
➖Ўзбекистон ва Хитойда навбатма-навбат қўшма музей кўргазмаларини ташкил этиш;
➖илмий китоблар ва каталоглар нашр қилиш;
➖музей мутахассислари ва тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйиш;
➖археология ва музейшунослик соҳасида қўшма тадқиқотлар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида Марказ директори яқинда Гонконг сарой музейи билан ҳам қўшма кўргазма ташкил этиш бўйича келишувларга эришилганини маълум қилди.
Унинг фикрича, мазкур ҳамкорлик Хитойнинг бошқа етакчи музейлари билан ҳам узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратади.
Ўз навбатида, Пан Яньи Ўзбекистон билан маданий алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдириб, Марказ томонидан илгари сурилган ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
«Биз бу таклифларни чин дилдан қабул қиламиз. Халқлар бир-бирининг тарихи ва маданиятини қанчалик чуқур англаса, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик шунчалик мустаҳкамланади. Бизни Буюк ипак йўли боғлаб туради. Шу боис, қўшма кўргазмалар, илмий тадқиқотлар ва маданий лойиҳаларни амалга оширишдан мамнун бўламиз. Биз, албатта, Ўзбекистонга ташриф буюрамиз», — деди Пан Яньи.
Шу муносабат билан Шэньси тарих музейи қўшма кўргазмалар, илмий тадқиқотлар ва маданий лойиҳаларда иштирок этишга, шунингдек, Ўзбекистонга расмий ташриф амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар эсдалик совғаларини алмашдилар. Делегация учун музейнинг доимий экспозициялари бўйлаб махсус экскурсия ташкил этилди. Унда қадимги Хитой цивилизацияси, исломдан аввалги маданиятлар, ҳайкалтарошлик ва тасвирий санъат асарлари, Буюк Ипак йўли билан боғлиқ археологик ёдгорликлар ҳамда ноёб тарихий экспонатлар билан яқиндан танишилди.
Музокаралар якунида Шэньси тарих музейи коллекцияларини келгусида Ўзбекистонда намойиш этиш, қўшма кўргазмалар ташкил қилиш, илмий тадқиқотлар ва музей соҳасидаги ҳамкорликни институционал асосда ривожлантириш бўйича ўзаро англашувга эришилди.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.