Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Diplomatic Watch: “Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Янги Ўзбекистон: Ўн йиллик ислоҳотлар”

АҚШнинг нуфузли “Дипломатиc Watch” халқаро журнали «Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ислоҳотларнинг ўн йиллиги» номли таҳлилий мақолани эълон қилди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида сўнгги ўн йил давомида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари халқаро экспертлар нуқтаи назаридан атрофлича таҳлил қилинган.

2016 йилда Ўзбекистон янги давлат раҳбари бошчилигида тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Унинг асосий тамойили аниқ эди: давлат халққа хизмат қилиши керак. Орадан ўн йил ўтиб, бу ғоя «Янги Ўзбекистон» деб номланган кенг қамровли ислоҳотлар дастурида ўз ифодасини топди. Ушбу дастур иқтисодий сиёсат, ижтимоий ҳаёт, давлат бошқаруви ва ташқи сиёсат соҳаларида амалий натижаларга эришиб, мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартирди.

Ўзгаришлар, энг аввало, иқтисодиётдан бошланди. 2017 йилда ҳукумат валюта курсини эркинлаштирди ва чет эл валютасининг эркин айланишига рухсат берди. Бу эса савдо ва инвестициялар учун узоқ йиллар давомида мавжуд бўлган асосий тўсиқларни бартараф этди. Натижада мамлакат иқтисодиёти янги йўналишда ривожлана бошлади. Сўнгги ўн йил ичида ялпи ички маҳсулот ҳажми икки баробардан кўпроқ ўсиб, 145 миллиард доллардан ошди, 2026 йилга келиб эса 167 миллиард долларга етиши прогноз қилинмоқда. Мамлакатнинг очиқ иқтисодий сиёсати хорижий сармоядорларни ҳам жалб қилди. Кейинги йилларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди. Фақат 2026 йилнинг биринчи чорагида инвестициялар ҳажми 45,7 фоизга ошиб, 8,84 миллиард долларни ташкил этди. Халқаро рейтинг агентликлари ҳам мамлакатнинг суверен кредит рейтингини яхшилаб, молиявий бошқарув ва бозор барқарорлигига бўлган ишонч ошганини қайд этмоқда.

Иқтисодий ўсиш таркибий ислоҳотлар билан ҳамоҳанг кечди. Давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёни давлат улушини қисқартириб, хусусий секторнинг иқтисодиётдаги иштирокини кенгайтирди. Экспорт ҳажми 33,4 миллиард долларга етди ва унинг асосий қисми эндиликда хом ашё эмас, балки юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу жараёнлар Ўзбекистон иқтисодиётининг марказлашган тизимдан рақобатбардош ва диверсификациялашган иқтисодиётга босқичма-босқич ўтаётганини кўрсатади.

Иқтисодий ислоҳотлар аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган ижтимоий сиёсат билан ҳам қўллаб-қувватланди. Маҳаллалар кесимида амалга оширилган мақсадли дастурлар натижасида 8,5 миллиондан ортиқ инсон камбағалликдан чиқди. Мамлакатда камбағаллик даражаси 2026 йилга келиб 5 фоизгача пасайди.

Таълим соҳасида ҳам кенг қамровли ўзгаришлар амалга оширилди. Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024–2025 ўқув йили бошида 18–23 ёшли ёшларнинг олий таълим билан қамров даражаси 47,7 фоизни ташкил этди. Бу ислоҳотлар бошланишидан аввалги кўрсаткичларга нисбатан кескин ўсишдир. Шу давр мобайнида мамлакатдаги болалар боғчалари сони уч баробарга кўпайди ва мактабгача таълим қамрови сезиларли даражада кенгайди.

Энг муҳим ўзгаришлардан бири пахта йиғим-теримидаги мажбурий меҳнатнинг тўлиқ барҳам топиши бўлди. Тизимли назорат ва қатъий чоралар туфайли тўрт йил ичида бу амалиёт тугатилди. Бу эса Ўзбекистонга меҳнат стандартлари яхшиланган ҳолда жаҳон таъминот занжирларига қайта интеграцияланиш имконини берди. Гендер тенглиги соҳасида ҳам ижобий силжиш кузатилди — бугунги кунда парламент депутатларининг 38 фоизи аёллардан иборат. Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш хизматларининг кенгайиши соғлиқни сақлаш кўрсаткичларининг яхшиланишига хизмат қилди.

Институционал ислоҳотлар давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга қаратилди. «Маъмурий ислоҳотлар концепцияси» давлат хизматида очиқлик, самарадорлик ва ҳисобдорликни таъминлашга қаратилган чораларни жорий этди. Ваколатлар босқичма-босқич парламент ва маҳаллий ҳокимият органларига ўтказилди. Жумладан, вилоят ҳокимларини тўғридан-тўғри сайлаш тизими жорий этилди. Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари эса суд мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқий жараёнларни соддалаштириш орқали фуқаролар учун адолатга эришиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилди.

Ривожланишнинг кейинги босқичи мамлакатни модернизация қилиш билан боғлиқ. «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида инфратузилмани кенгайтириш, энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш ва технологик тараққиётни рағбатлантириш бўйича кенг кўламли режалар белгиланган. 2026 йилдан бошлаб янги темир йўл дастури доирасида 500 километр юқори тезликдаги темир йўллар қурилади. Бу ички транспорт алоқаларини ва минтақавий савдо имкониятларини кенгайтиради. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 85 миллиард киловатт-соатга етди, қуёш энергетикасига сармоялар ортиб бормоқда. Аҳоли томонидан қуёш панеллари ўрнатилиши учун ажратилаётган субсидиялар мамлакатнинг барқарор ва марказлашмаган энергетика тизимига ўтишини англатади. Шу билан бирга, Ўзбекистон 2030 йилгача минтақавий технология марказига айланиш ва глобал инновациялар рейтингида энг яхши 60 давлат қаторидан жой олишни мақсад қилган.

Ташқи сиёсат ҳам тубдан янгиланди. Ўзбекистон «Марказий Осиё – биринчи навбатда» тамойилини қабул қилиб, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни устувор йўналишга айлантирди. Чегара масалалари музокаралар орқали ҳал этилди, янги савдо йўлаклари эса минтақадаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлади. Бу ўзгаришлар Ўзбекистоннинг минтақавий жараёнлардаги фаол иштирокини кучайтириб, уни Марказий Осиё ва жаҳон бозорлари ўртасидаги муҳим боғловчи давлат сифатида намоён қилди.

Вашингтонда ҳам Ўзбекистондаги ислоҳотлар кун тартибидан ўрин олди. 2025 йил сентябрида Ўзбекистон элчихонаси томонидан ташкил этилган «Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ислоҳотларнинг ўн йиллиги» китобининг тақдимотида Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Хавфсизлик кенгаши котибининг биринчи ўринбосари Элдор Арипов АҚШ сиёсатчилари, таҳлилчилари ва бизнес вакиллари билан мамлакатдаги ислоҳотлар ҳақида фикр алмашдилар. Учрашувларда иқтисодиётни либераллаштириш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, инфратузилмани модернизация қилиш, минтақавий ҳамкорлик ва Ўзбекистоннинг халқаро майдонда рақобатбардош давлатга айланиш йўли муҳокама қилинди.

Майдон тадқиқотлари ва тасдиқланган статистик маълумотларга асосланган муҳокамаларда ислоҳотлар дастури энди шунчаки режа эмас, балки аниқ натижалар бераётган жараён экани қайд этилди. Айниқса, иқтисодий либераллашув, меҳнат стандартлари ва минтақавий ҳамкорлик соҳаларидаги ютуқлар алоҳида таъкидланди. Бу мулоқотлар Вашингтонда ҳам Ўзбекистонга нисбатан янги қараш шаклланаётганини кўрсатди.

Мамлакатдаги ислоҳотлар узвийлик тамойили асосида амалга оширилмоқда. 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси модернизациянинг дастлабки устувор йўналишларини белгилади. 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон стратегияси институционал ва иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштирди. Ҳозирги «Ўзбекистон – 2030» стратегияси эса барқарор тараққиёт, самарали бошқарув ва инклюзив иқтисодий ўсиш бўйича узоқ муддатли мақсадларни белгилаб бермоқда.

«Янги Ўзбекистон» дастури бошланганига ўн йил тўлган бир пайтда мамлакат барқарор трансформациянинг ёрқин намунаси сифатида намоён бўлмоқда. Иқтисодий кўрсаткичлар ўсиш ва диверсификацияни, ижтимоий кўрсаткичлар аҳоли турмуш даражасининг яхшиланишини кўрсатмоқда. Институционал ислоҳотлар эса давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқмоқда. Бугун Ўзбекистон ёпиқ тизимдан очиқ, рақобатбардош ва минтақавий ҳамкорликка таянувчи давлатга айланиб, аниқ натижаларга асосланган ислоҳотлар йўлидан изчил илгариламоқда.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1417926.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1160029.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
936427.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.