

Янгиликлар
Ўзбекистоннинг 150 йиллик тарихга эга музейи янги экспозиция билан қайта очилди
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида мамлакатнинг энг қадимий ва нуфузли музейларидан бири — Ўзбекистон тарихи давлат музейи икки йиллик кенг қамровли реконструкция ва модернизация ишларидан кейин тантанали равишда қайта очилди. 150 йиллик тарихга эга муассаса янги экспозицияси орқали минг йиллик цивилизация тарихи ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни ягона илмий концепция асосида бирлаштирган янги маданий-маърифий марказ сифатида фаолиятини бошлади.
Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, олимлар, музейшунослар, маданият соҳаси мутахассислари, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
150 йиллик тарихга эга музей Ўзбекистон ҳудудидаги энг йирик тарихий-маърифий муассасалардан бири ҳисобланади. Янгиланган экспозиция мамлакат тарихини энг қадимги тош давридан тортиб Янги Ўзбекистон тараққиётигача бўлган узлуксиз жараён сифатида илмий ёндашув асосида намоён этади.
Экспозицияда тош ва бронза даври ёдгорликлари, илк давлатчилик шаклланиши, Қадимги Хоразм, Қанг, Довон ва Кушон давлатларига оид археологик топилмалар, Далварзинтепа олтин хазинаси намуналари, Буюк ипак йўли тарихи, буддавийлик маданиятига оид экспонатлар, Биринчи Ренессанс даври, Амир Темур ва темурийлар мероси, ўзбек хонликлари тарихи, Россия империяси ва совет мустамлакачилиги даври, жадидчилик ҳаракати, мустақиллик йиллари ҳамда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт босқичлари изчил тарзда ёритилган.
Янгиланган экспозициянинг муҳим хусусиятларидан бири интерактив экранлар, мультимедиа инсталляциялари, тарихий реконструкциялар ва аудиовизуал ечимлар ташриф буюрувчиларга тарихий жараёнларни замонавий форматда қабул қилиш имконини яратади.
Экспозициянинг якуний қисми мустақиллик йилларида амалга оширилган ўзгаришларга бағишланган бўлиб, айниқса 2016–2026 йилларда мамлакатда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва Учинчи Ренессанс ғояси алоҳида ёритилган.
Музей директори Жаннат Исмоилованинг таъкидлашича, янгиланган экспозицияни яратиш жараёнида Ўзбекистон Фанлар академияси олимлари, олий таълим муассасалари мутахассислари, дизайнерлар ва музей ходимлари биргаликда меҳнат қилган.
– Икки йиллик катта реконструкция ишларидан кейин музей эшикларини яна ташрифчилар учун очдик. Бугун меҳмонларнинг кўзларидаги қувончни кўриб, меҳнатимиз зое кетмаганини ҳис қилдик. Экспозицияни шакллантиришда ҳар бир тарихий даврни ташрифчилар учун содда, тушунарли ва таъсирчан тарзда ёритишга ҳаракат қилдик, — деди музей директори.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда мамлакатда музей соҳасига қаратилаётган эътибор мутлақо янги босқични бошлаб берди.
– Бу йил музейлар соҳаси учун жуда муҳим йил бўлди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши, Имом Бухорий мажмуасининг фойдаланишга топширилиши, Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамда Ўзбекистон тарихи давлат музейининг янгиланиши мамлакатимизда маданий меросни асраш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Бугун янги музейлар барпо этилмоқда, мавжудлари эса жаҳон андозалари даражасида қайта яратилмоқда, — деди Жаннат Исмоилова.
Тадбир иштирокчилари ҳам музейда амалга оширилган ўзгаришларни юқори баҳолади. Актриса Тамара Ҳазратқулова музей ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутишини қайд этди.
– Тарихсиз келажак бўлмайди. Бугун музейга шунча инсон қизиқиш билан келаётганини кўриб жуда қувондим. Илгари хорижда музейларга навбатлар бўлишини кўриб ҳайрон қолардим. Энди ўзимизда ҳам одамлар музейга интилиб келаётганини кўриб, фахрландим. Бу жуда катта ютуқ. Ёшлар тарихни китобдан эмас, шу ерга келиб ўз кўзи билан кўрса, таъсири бутунлай бошқача бўлади, — деди актриса.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори, тарих фанлари доктори Саидакбар Аъзамхўжаев эса музей экспозициясида мамлакат тарихининг барча муҳим босқичлари замонавий технологиялар асосида ёритилганини алоҳида таъкидлади.
– Бугун музейда Биринчи, Иккинчи ва Учинчи Ренессанс ғоялари яхлит тарзда намоён этилган. Айниқса, замонавий ахборот технологиялари ёрдамида тарихий воқеаларнинг жонли тасвирланиши ёшларда катта қизиқиш уйғотади. Китобда ўқиган тарих билан музейда асл экспонатларни кўриш ўртасида катта фарқ бор, — деди профессор.
Олимнинг таъкидлашича, кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида музейлар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар мамлакат маданий ҳаётида янги босқични бошлаб берди.
– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши, Имом Бухорий мажмуаси, мамлакатимиздаги янги музейлар ва янгиланган экспозициялар — буларнинг барчаси миллий меросни асраш ва дунёга танитишга хизмат қилмоқда. Бугун хорижлик сайёҳлар ҳам музейларимизга катта қизиқиш билдирмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг маданий нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат беради, — деди Саидакбар Аъзамхўжаев.
Бир сўз билан айтганда, ушбу музейнинг қайта тантанали очилиши Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида мамлакат маданий ҳаётида муҳим воқеалардан бири саналиб, халқимизга яна бир муносиб туҳфа бўлди.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.