

Янгиликлар
China Today: “Пекинда Ислом цивилизацияси марказининг Хитой музейлари билан ҳамкорлик дастури тақдим этилди”
Хитойнинг нуфузли China Today ахборот порталида Пекинда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Хитойнинг етакчи музейлари билан ҳамкорлик дастури тақдим этилганига бағишланган мақола эълон қилинди. Унда икки мамлакат ўртасидаги музейшунослик, археология ва маданий мерос соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма кўргазмалар, илмий тадқиқотлар, экспедициялар ва таълим лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган янги ташаббуслар, шунингдек, Пекинда ўтказилган «Ўзбекистон — Хитой: цивилизациялар мулоқоти ва умумий мерос» тадбирининг асосий натижалари ҳақида сўз юритилади.
Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасида Ислом цивилизацияси марказининг Хитойнинг етакчи музейлари билан ҳамкорлик бўйича янги дастури тақдим этилди.
Пекин. Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Элчихонасида «Ўзбекистон — Хитой: цивилизациялар мулоқоти ва умумий мерос» мавзусида маданий-маърифий ҳамда медиа тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Хитойнинг етакчи музейлари, илмий муассасалари ва маданий ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича янги дастури тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил этилган тадбирда дипломатик корпус вакиллари, давлат идоралари мутасаддилари, етакчи музейлар раҳбарлари, илмий-тадқиқот институтлари, археологлар, санъатшунослар, маданият арбоблари, оммавий ахборот воситалари ҳамда икки мамлакат экспертлар ҳамжамиятининг 200 дан ортиқ вакили иштирок этди.
Учрашувнинг асосий мавзуси Ўзбекистон ва Хитойнинг маданий меросни ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш соҳасидаги ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўлди. Томонлар қўшма музей кўргазмалари, археологик тадқиқотлар ва экспедициялар ташкил этиш, илмий-нашр лойиҳаларини амалга ошириш, мультимедиа экспозицияларини яратиш, мутахассислар алмашинуви ҳамда таълим дастурларини ривожлантириш режаларини тақдим этдилар.
Шунингдек, Буюк Ипак йўли орқали шаклланган Ўзбекистон ва Хитой халқлари ўртасидаги кўп асрлик алоқаларни акс эттирувчи тарихий ва маданий ёдгорликларни аниқлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича қўшма ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши, унинг бетакрор концепцияси, асосий экспозициялари, илмий-маърифий фаолияти ҳамда ислом цивилизациясининг бой меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилишга қаратилган халқаро миссияси ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фарҳод Арзиев, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухoлиқов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов, шунингдек, Хитойнинг етакчи илмий муассасалари вакиллари ҳамда Ўзбекистон–Хитой қўшма археологик экспедицияси иштирокчилари табрик сўзлари билан мурожаат қилдилар.
Учрашув якунларига кўра, томонлар илмий, музей ва маданий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қизиқиш билдириб, Ислом цивилизацияси марказининг Хитойнинг етакчи муассасалари билан ҳамкорлиги янги халқаро лойиҳаларни амалга ошириш ва икки мамлакат ўртасидаги гуманитар шерикликни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фарҳод Арзиев ўз нутқида шундай деди:
«Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган даражада юксак босқичга кўтарилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликнинг мустаҳкам пойдеворини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги самимий ва дўстона муносабатлар ташкил этади».
Элчининг таъкидлашича, гуманитар ҳамкорлик ва маданий дипломатия икки томонлама муносабатларнинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, илм-фан ва маданият соҳасидаги қўшма лойиҳалар ушбу шерикликка янги амалий мазмун бағишламоқда.
Тадбирда Президент ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази умумий маданий меросни асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида турли мамлакатлар музейлари, илмий институтлари, архивлари, кутубхоналари ва тадқиқот марказларини бирлаштирувчи халқаро майдонга айланаётгани алоҳида таъкидланди.
Хитойлик ҳамкорлар билан эришилган келишувлар қўшма кўргазмалар, илмий тадқиқотлар, нашриёт ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, замонавий музей технологияларини жорий этиш учун кенг имкониятлар очмоқда.
Тадбирнинг муҳим воқеаларидан бири сифатида Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Элчихонасида икки доимий экспозициянинг очилиши бўлди. Улардан бири мамлакатнинг замонавий тараққиётига бағишланган «Янги Ўзбекистон» фотокўргазмаси, иккинчиси эса Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Жаҳон жамияти (WOSCU)нинг Ўзбекистон тарихи ва маданий меросига бағишланган илмий нашрлари ҳамда Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини намойиш этувчи китоблар кўргазмасидир.
Мазкур тадбир Ислом цивилизацияси маркази делегациясининг Хитой Халқ Республикасига амалий ташрифини якунлади. Ташриф давомида делегация мамлакатнинг қатор етакчи музейлари ва илмий муассасалари раҳбарияти билан учрашувлар ва музокаралар ўтказди. Жумладан, Гонконг Сарой музейи, Хитой Миллий музейи, Хитой Археология музейи, Гугун (Сарой) музейи, Шэньси тарихи музейи ҳамда Харбин музейига ташрифлар амалга оширилди.
Ташриф якунлари бўйича ҳамкорлик тўғрисида бир қатор меморандумлар имзоланди ҳамда қўшма кўргазма, илмий, музей ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.
Сафарнинг энг муҳим натижаларидан бири сифатида Хитой музейлари ва хусусий коллекцияларида суғд цивилизациясига мансуб ноёб ашёлар ҳамда ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди тарихи билан боғлиқ бошқа қимматли артефактлар аниқланди.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистон билан Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги муносабати билан Хитой тўпламларида сақланаётган Ўзбекистон маданий мероси ҳақида илмий альбом тайёрлаш, ўзаро кўргазмалар ташкил этиш, музейлар ўртасидаги ҳамкорлик ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришни назарда тутувчи янги қўшма дастурни амалга оширишга келишиб олдилар.
Ташриф якунлари Ўзбекистон ва Хитойнинг маданий меросни ўрганиш, асраш ва оммалаштириш соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга, узоқ муддатли қўшма музей, илмий, таълим ва маданий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.