

Янгиликлар
Ўзбекистонда Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади
Ўзбекистонда буюк алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш давлат сиёсати даражасида изчил давом этмоқда. Ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июлда «Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намоёндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Қарор Ҳаким Термизийнинг илмий меросини чуқур тадқиқ этиш, унинг асарларини кенг оммага етказиш ва халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни назарда тутади.
Ҳаким Термизий IX асрда яшаб ижод қилган буюк муҳаддис, муфассир ва тасаввуф илмининг энг йирик намояндаларидан бири ҳисобланади. Унинг асарлари ислом маънавияти, ахлоқ, комил инсон тарбияси ва маърифий қарашларнинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этиб, асрлар давомида мусулмон оламида юксак эътироф этиб келинмоқда.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил ноябрь ойида Термиз шаҳрида «Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилади. Унда маҳаллий ва хорижий олимлар иштирокида алломанинг илмий мероси, унинг ҳадисшунослик, тасаввуф ва ислом тафаккури ривожидаги ўрни атрофлича муҳокама қилинади. Шунингдек, алломанинг «Наводирул усул» ва «Баҳрут тафсир» асарлари ҳамда унинг илмий меросига оид бошқа манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр этиш белгиланган. Бу эса Ҳаким Термизий меросини халқаро илмий жамоатчиликка янада кенгроқ танитишга хизмат қилади.
Қарор доирасида 2026 йил давомида Ҳаким Термизийнинг илмий меросига бағишланган туркум рисолалар нашрга тайёрланади ва чоп этилади. Ёш авлоднинг аллома меросини чуқур ўрганишини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида «Ҳаким Термизий асарлари билимдони» танлови ташкил этилиб, ғолиблар муносиб тақдирланади. Бундан ташқари, Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан «Мардлар майдони» шиори остида унинг хотирасига бағишланган кураш турнири юқори савияда ўтказилиши ҳам белгиланган. Бу ташаббус миллий қадриятлар, маънавият ва спортни уйғун тарғиб қилишга хизмат қилади.
Мазкур қарор буюк аждодларимиз меросини асраш ва уни келажак авлодга етказиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Ҳаким Термизийнинг бой илмий-маънавий мероси нафақат миллий, балки умуминсоний маънавий хазинанинг ажралмас қисми сифатида янада кенг ўрганилиши ва тарғиб қилиниши учун янги имкониятлар яратилмоқда.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.