Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Al Watan: "Китобларда ўқиганларимизни Ўзбекистонда ҳаётда кўрдик"

Саудиянинг «Al Watan» газетасида чоп этилган доктор Усмон Маҳмуд ас-Синийнинг мақоласида Ўзбекистон ислом цивилизациясининг энг улуғ марказларидан бири сифатида эътироф этилади. Муаллиф юртимизга қилган сафари давомида китобларда ўқиган Мовароуннаҳр, Шош, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Хоразм ва Термиз ҳақидаги тарихий билимлар ҳақиқий ҳаёт билан уйғунлашганини таъкидлайди. Унинг фикрича, Ўзбекистон бой илмий-маърифий мероси, буюк алломалари ва асрлар давомида сақланиб келаётган маданий анъаналари билан ўтмиш ва бугунни боғловчи, бутун ислом оламини бирлаштирувчи бебаҳо цивилизацион макондир.

Расм ёки жонли манзарани кўриб, мусиқа тинглаб ёки матн мутолаа қилиб ҳайратга тушиш — инсонга хос фазилатдир. Бу ҳайратимизни бошқалар билан бўлишиш эса инсонийлигимизни намоён этадиган ўзига хос хусусиятдир. Аммо ҳаётимизни доимий ва серқирра ҳайрат билан бойита олиш — глобаллашув давридаги энг мушкул, ҳатто деярли имконсиз вазифалардан бирига айланган.

Чунки бугунги кунда нарсалар бир-бирига ўхшаб бормоқда, муқобиллари кўпаймоқда, ўзига хослик ва бетакрорлик эса тобора камаймоқда. Шу билан бирга, рақамли алоқа асрида биз улкан ахборот оқими ичида яшамоқдамиз. Бу ахборотлар ўзининг қиймати, кўлами, тартибсизлиги ва баъзан ҳатто бир-бирига зидлиги билан инсонни ўраб олган.

Бу, шунингдек, тасвирлар оқими давридир. Бугун сунъий интеллект ёрдамида гўё ҳамма нарса содир бўлган, содир бўлаётган ёки келажакда содир бўладигандек кўринади. Бу ерда бошқаларнинг ўз нигоҳи ва диди билан кўрганлари, сиз учун кўрсатмоқчи бўлганлари ёки уларнинг шахсий ва техник имкониятлари рухсат берган даражадаги манзаралар бир-бирига аралашиб кетади. Натижада инсон кўз олдидан беҳисоб тасвирлар ўтади, аммо охир-оқибат ҳақиқий манзарани кўрмагандек бўлади.

Бу ҳолатни аббосийлар даври шоири Диъбил ал-Хузоъий бундан 1200 йилдан ортиқ вақт аввал башорат қилгандек шундай деган эди:

«Кўзларимни очганимда жуда кўп нарсаларга назар ташлайман, аммо ҳеч кимни кўрмайман.»

Мен бу ерда нарсаларни илк бор кўраётган боланинг ҳайрати ёки олимлар ва файласуфларнинг билимдан туғиладиган ҳайрати ҳақида сўз юритаётганим йўқ. Мен назарда тутаётган ҳайрат — ўзлигимизни қайта кашф этиш ҳайратидир. Бу — онгимиздаги билимлар, хотиралар ва фикрларни қайта англашдир. Чунки улар узоқ вақт такрорланиши ва одат тусига кириши натижасида қотиб қолган тушунчаларга, барча нарсани айтадигандек туюладиган, аммо аслида биз учун аниқ бир маънони англатмайдиган умумий ибораларга айланиб қолган.

Биз уларнинг ёнидан уларни кўрмагандек ўтиб кетамиз. Улар билан яшаймиз, аммо ҳис-туйғуларимиз уларга нисбатан ўз таъсирчанлигини йўқотгани учун улар энди қалбимизга аввалгидек таъсир қилмайди.

Биз бу ҳайратни Марказий Осиё республикаларига ташриф буюрганимизда янада чуқурроқ ҳис қиламиз. Шунда англаймизки, бу ҳудудлар ҳақидаги билимларимиз асосан ислом фатҳлари ҳақидаги адабиётлар орқали шаклланган экан. Аввало, тарих ва адабиёт китоблари, айрим таржимаи ҳоллар ҳамда шу минтақаларда яшаган, таълим олган ёки илмда юксак мавқега эришган уламолар ҳақидаги маълумотлар орқали биз Шош диёри, Мовароуннаҳр, Сайҳун ва Жайҳун дарёлари, Фарғона, Хоразм ва Бухоро каби номларни онгимизга сингдирганмиз.

Бу номлар ва улар билан боғлиқ воқеалар маърифат харитамизда мустаҳкам ўрин олган. Илк мусулмон тарихчилари ислом фатҳлари ҳақида асарлар ёза бошлаган даврдан буён шаклланган тасаввур деярли ўзгармай келди. Бизга ал-Воқидийнинг «Ал-Мағозий» (ҳижрий 207 йилда вафот этган), ал-Балазурийнинг «Футуҳ ал-булдон» (ҳижрий 279 йилда вафот этган), ат-Табарийнинг «Тарих ар-русул вал-мулук» (ҳижрий 310 йилда вафот этган) каби асарлари ва бошқа кўплаб манбалар етиб келди.

Бироқ Бағдоднинг қулаши ва мўғулларнинг Марказий Осиёга бостириб кириши ортидан бу минтақа узоқ вақт эътибордан четда қолди. Кейинчалик эса Совет Иттифоқи таркибига кириб, коммунистик тузум доирасига ўралди ва фақат 1991 йилда мустақилликка эришди.

Агар бугун араб дунёсидаги кўпчиликдан «-стон» давлатлариЎзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Татаристон ёки Туркистон ҳақида нималарни билишини сўрасангиз, уларнинг бугунги кун ҳақидаги маълумотлари жуда кам эканини кўрасиз. Ҳолбуки, Бухоро, Шош, Фарғона, Сайҳун, Жайҳун ва Хоразм ҳақида тарихий меросимизда сақланган маълумотлар ниҳоятда бой. Афсуски, тарихий тасаввур билан бугунги воқелик ўртасида деярли тўлиқ узилиш юзага келган.

Ўзбекистонда инсон тарих ҳақидаги хотираларини шунчаки эсламайди, балки уларни бевосита яшайди. Бу ерда сиз хаёлий вақт машинаси орқали ўтмиш ёки келажакка саёҳат қилаётгандек ҳам эмассиз, қадимги тарих воқеаларини шунчаки тасаввур ҳам қилмайсиз. Аксинча, онгингизда сақланган билимлар, уларнинг қаҳрамонлари ва воқеалари сиз ўзингизни ҳақиқатан ҳам ичида топган жисмоний муҳит билан уйғунлашиб кетади.

Бу уйғунлик моддий маданият — тарихий ёдгорликлар, муҳташам бинолар ва меъморий обидалар орқали, шунингдек, номоддий маданият — авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъаналар, инсонларнинг ҳаёт тарзи ва маданий меросни яшаб келаётганликлари орқали намоён бўлади. Улар нафақат бу маданиятни асраб келадилар, балки унинг таъсирини ҳис этиб, ўзлари ҳам унга таъсир кўрсатиб яшайдилар.

Авваллари бу ердаги ислом цивилизацияси ёдгорликлари ҳақидаги билимларимиз кўпроқ «ёд олган, аммо англамаган» одамнинг билимига ўхшар эди. Энди эса онгимиздаги маълумотлар ўзининг ҳақиқий ўрнини топа бошлади. Улар географик, инсоний ва цивилизацион манзарада, бугунги воқеликдан тортиб 1400 йилдан зиёд тарихий давргача бўлган узвий боғлиқликда намоён бўлмоқда.

Шу тариқа, тарих билан маданият, онгимизнинг энг чуқур қатламларида сақланган тасаввурлар билан замонавий ҳаёт ўртасидаги боғлиқлик яна қайта тикланади.

Оёғингиз Тошкент заминига қадам қўйган заҳоти, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан, Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) ташаббуси ҳамда унинг бош директори доктор Салим Муҳаммад ал-Молик раҳбарлигида икки кун давом этган Ислом цивилизацияси анжумани ўтказилганини кўрасиз. Ана шунда англайсизки, сиз айнан қадимги Шош диёридасиз. Бу диёрга ҳижрий 95 йилда Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилий ҳажжож ибн Юсуф юборган қўшин бошида кириб келган эди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида эса ҳижрий 25 йилда Усмон ибн Аффон даврида кўчирилган мусҳафни кўрасиз. Ривоятларга кўра, бу айнан ҳазрати Усмон шаҳид қилинган пайтда қироат қилаётган мусҳафдир.

Шундан сўнг Самарқандга етиб келасиз. Бу ерда ҳижрий 256 йилда вафот этган Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳамда ҳижрий 333 йилда вафот этган, «Аҳли сунна имоми» ва мотуридия таълимоти асосчиси сифатида танилган Абу Мансур ал-Мотуридийга бағишланган икки илмий анжуман ўтказилди.

Самарқанддаги улкан Имом Бухорий мажмуасига киришингиз биланоқ унинг ноёб меъморчилиги сизни мафтун этади. Деворлар, гумбазлар ва эшиклардаги нафис нақшлар ҳамда ранг-баранг мозайкалар геометрик ва ўсимликсимон безакларнинг ҳайратомуз уйғунлигини намоён этади. Бу гўзаллик қаршисида инсон беихтиёр тўхтаб қолади; гўё барча ҳис-туйғулари кўзга айланиб, ҳар бир майда жиҳатни диққат билан кузата бошлайди.

Кейин эса Самарқанднинг қадимий қисми бўйлаб сайр қиласиз. Бу ҳақиқий тирик музей бўлиб, бетакрор меъморий дурдоналарни бағрига олган. Шу ерда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг амакиваччалари, Мовароуннаҳр фатҳларида иштирок этган ва ҳижрий 57 йилда Самарқандда шаҳид бўлган Қусам ибн Аббос мақбараси жойлашган. Ундан унча узоқ бўлмаган ерда эса ҳижрий 807 йилда вафот этган буюк саркарда Амир Темур мақбараси қад ростлаб турибди.

Шунингдек, Регистон майдонидаги машҳур мадрасалар мажмуаси ҳам диққатга сазовор. Бу ерда ҳижрий 821 (милодий 1418) йилдан бошлаб астрономия, математика, кимё ва фалсафа каби фанлар ўқитилган ва бу анъана 1920 йилдаги Россия босқинига қадар давом этган.

Сўнг йўл Бухорога — Имом Бухорий туғилган шаҳарга олиб боради. Кейин эса Хоразмга, бугунги Хивага йўл оласиз. Бу диёрдан машҳур математик, астроном ва географ Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий етишиб чиққан. Бугун бутун дунёда, айниқса дастурчилар тилидан тушмайдиган «алгоритм» атамаси айнан унинг номи билан боғлиқ эканини эса кўпчилик англаб етмайди. Шунингдек, бу ерда ҳижрий 538 йилда машҳур тафсирчи Аз-Замахшарий вафот этган.

Саёҳат ниҳоясида эса Термиз шаҳрига етиб келасиз. Бу шаҳар Абдулмалик ибн Марвон даврида фатҳ этилган. Шу заминда ҳижрий 279 йилда вафот этган, «Ас-Сунан» асари муаллифи Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий таваллуд топган. Унинг илмий меросига бағишлаб айнан шу ерда йирик халқаро илмий анжуман ҳам ташкил этилган.

Биз аввал Андижон, Наманган, Марғилон ва Қўқон шаҳарларини фақат Тоиф шаҳрида бирга ўқиган ёки қўшни бўлиб яшаган айрим дўстларимизнинг ватани сифатида билар эдик. Худди Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Туркистон ва Қошғар каби бу шаҳарлар ҳам онгимизда шунчаки жой номлари сифатида гавдаланарди.

Аммо бу юртларга келганингизда яна бир бор ҳайрат оғушига тушасиз. Чунки бу шаҳарларнинг барчаси тарихда кўп бор тилга олинган машҳур Фарғона водийси бағрида жойлашганини ўз кўзингиз билан кўрасиз. Бу водий ҳақида Умавийлар ва Аббосийлар даври тарихи манбаларида, шунингдек, халифалар ва саркардалар саройидаги ижтимоий ҳаётга оид ривоятларда кўплаб маълумотлар учрайди.

Фарғонанинг шуҳрати кейинги асрларда ҳам давом этди. Ҳатто машҳур араб адиби Журжи Зайдон Ислом тарихи ҳақидаги романлар туркуми доирасида ўзининг машҳур «Фарғона келини» («Арус Фарғона») романини ҳам айнан шу ўлкага бағишлаган. Бунинг барчаси тарих саҳифаларида ўқиган номларингиз ҳақиқий ҳаётда кўз ўнгингизда намоён бўлаётганини ҳис эттириб, инсонни яна бир бор чуқур ҳайратга солади.

Марказий Осиёдаги «-стон» давлатлари билан араб дунёси ўртасида ислом бу юртларга ёйилганидан кейин икки алоҳида маданиятнинг ўзаро таъсири, яъни маданий алмашинув эмас, балки ягона исломий маданий ва цивилизацион макон шаклланган эди. Гарчи турли сулолалар ва давлатлар вужудга келган бўлса-да, маданий ҳаёт яхлит ва ўзаро тенг иштирок этувчи тизим сифатида ривожланган.

Ўша даврда уламолар илм талабида юртма-юрт сафар қилар, турли ўлкалардан талабалар уларнинг ҳузурига келар эдилар. Улар ёзган асарлар эса сиёсий ёки маданий тўсиқларсиз бутун ислом олами бўйлаб тарқаларди.

Бунинг ёрқин мисолларидан бири — Имом Бухорийдир. У илм излаб Бухородан чиқиб, минглаб километр масофани босиб ўтиб Макка ва Мадинага борган, у ерда қарийб олти йил яшаб, машҳур уламолардан таълим олган. Кейин Басрада истиқомат қилган, Куфа, Восит ва Бағдодга саккиз марта бориб, у ерда Имом Аҳмад ибн Ҳанбал билан учрашган. Шунингдек, Дамашқ, Қайсария, Аскалон, Хуросон, Нишопур, Марв, Ҳирот, Миср ва бошқа кўплаб шаҳарларга сафар қилган.

Имом Бухорий ўз сафарлари ҳақида шундай деган:

«Шом, Миср ва Жазирага икки марта бордим, Басрага тўрт марта сафар қилдим, Ҳижозда олти йил яшадим. Куфа ва Бағдодга неча марта кирганимнинг ҳисобини ҳам билмайман».

Кейинчалик у Нишопурга қайтди ва ҳаётининг сўнгги йилларини Самарқанд яқинида ўтказиб, шу ерда вафот этди. Турли мамлакатлардан келган кўплаб шогирдлар ундан таълим олдилар. Унинг асарлари қўлёзма ҳолда асрлар давомида Шарқдан Ғарбгача тарқалди.

Шу боис ўша даврни икки маданият ўртасидаги муносабат сифатида эмас, балки ягона маданий макон сифатида баҳолаш тўғрироқ бўлади.

Замонавий даврда ҳам Марказий Осиё билан араб дунёси ўртасида ҳақиқий маданий алмашинув эмас, аксинча, маълум маънода маданий узилиш юз берди. Бироқ исломнинг илк асрларида шаклланган маданий муҳит араб ва ислом мероси таркибида асрлар давомида турли ҳудудларда яшаб келди.

Айни пайтда, қадимда ҳам, бугун ҳам Ўзбекистон мисолида бир жамиятнинг ўзи ичида турли маданий қарашлар ўртасидаги ўзаро таъсир ва баҳс-мунозарани кузатиш мумкин. Буни икки мисол орқали кўриш мумкин.

Биринчи мисол — музейларда сақланаётган қадимги санъат ва археологик ёдгорликлардир. Тош давридан тортиб исломнинг дастлабки асрларигача бўлган даврга оид инсон ва ҳайвон ҳайкаллари, Будда ҳайкаллари ва бошқа тасвирлар учрайди. Кейинчалик эса бу анъана йўқолиб, унинг ўрнини миниатюралар, геометрик ва ўсимликсимон нақшлар, безаклар ҳамда мозайкалар эгаллайди.

Иккинчи мисол эса маҳаллий аҳоли маданияти билан ислом маданияти ўртасидаги ўзаро таъсирни намоён этади. Бу ҳолат Бухородаги Сомонийлар мақбараси меъморчилигида яққол кўринади. Мақбара Аҳмад ибн Асад вафотидан (ҳижрий 278 йил / милодий 892 йил), яъни Ислом бу юртларга кириб келганидан қарийб икки аср ўтгач қурилган.

Ўша даврда қабр устига мақбара қуриш шариатга мувофиқ деб ҳисобланмас эди. Аммо Исмоил Сомоний ушбу анъанавий тақиқни бузиб, мақбара бунёд эттирди.

Янада қизиқ жиҳати шундаки, ушбу иншоот меъморчилиги исломдан аввалги суғд меъморчилиги анъаналари асосида шаклланган. Унда тўрт равоқли гумбаз тузилиши қўлланилган, гумбаз безаклари эса Суғд ўлкасида муқаддас саналган қуёш рамзини ифода этади. Бу рамзлар Ислом тарқалишидан аввал Фарғонада мавжуд бўлган «чиқувчи қуёш» ибодатхоналари билан ҳамоҳангдир.

Шундай қилиб, Сомонийлар мақбараси нафақат ноёб меъморий ёдгорлик, балки маҳаллий маданий мерос билан ислом цивилизацияси ўртасидаги ўзаро таъсир, уйғунлашув ва маданий мулоқотнинг ҳам ёрқин намунасидир.

Замонавий даврга келиб эса, Марказий Осиё республикаларига Россиянинг бостириб кириши ва барча Совет Социалистик республикаларида ислом ақидаси ўрнига коммунистик мафкурани жорий этиши натижасида маданий қарама-қаршилик ва баҳс-мунозаранинг янги босқичи бошланди.

Мустақилликка эришилганидан кейин эса ислом цивилизацияси билан фахрланувчилар ҳамда Россия ёки Ғарб тажрибасига кўпроқ мойил бўлган ислоҳотчилар ўртасида турли қарашлар шаклланди. Бироқ барча авлод вакиллари орасида ислом цивилизациясига мансублик ҳисси ва унинг буюк алломалари билан фахрланиш туйғуси устунлигича қолмоқда.

Шунингдек, ислом фатҳлари даврида Арабистон ярим оролидан чиққан кўплаб араб қабилалари ушбу ҳудудларга келиб жойлашгани, уларнинг айрим вакиллари шу ерда шаҳид бўлгани, бошқалари эса ҳукмронлик қилиб, маҳаллий аҳоли билан қариндошлик ришталарини ўрнатганини ҳам англайсиз.

Бунинг ёрқин далилларидан бири — ҳадис илмидаги машҳур «Сиҳоҳ» ва «Сунан» китоблари муаллифларининг насабидир. Тўққиз машҳур ҳадис тўплами муаллифларидан олти нафари араб қабилаларига мансуб бўлган:

  • Муслим ибн Ҳажжож ан-Нишопурий (вафоти ҳижрий 261 йил) — «Саҳиҳ Муслим» муаллифи, Бану Қушайр қабиласидан.
  • Абу Довуд Сулаймон ибн ал-Ашъас ас-Сижистоний (вафоти ҳижрий 275 йил) — «Сунан» муаллифи, Азд қабиласидан.
  • Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий — «Сунан» муаллифи, Бану Сулайм қабиласидан.
  • Абдуллоҳ ад-Доримий ас-Самарқандий (вафоти ҳижрий 255 йил) — «Сунан» муаллифи, Тамим қабиласининг Бану Дорим тармоғидан.

Булардан ташқари, Аҳмад ибн Ҳанбал Шайбон қабиласидан, Молик ибн Анас Асбаҳ қабиласидан, Имом Бухорий эса Қаҳтонийларнинг Мазҳиж қабиласи таркибидаги Бану Жуъфийнинг мавлоси бўлган. Ибн Можа Бану Рабиа мавлоси ҳисобланган бўлса, Аҳмад ибн Шуайб ан-Насаий эса ҳозирги Туркманистон ҳудудидаги Наса шаҳридан чиққан.

Шу сабабли Ислом цивилизацияси анжуманида кўнгилли сифатида иштирок этган университет талабалари — Абдулазиз Хайруллоҳ, Имрон, Мадина ва Жалолиддин каби ёшларнинг Саудия Арабистонидан келган меҳмонларни араб тилида:

«Марҳабан бикум, асотизатанā ва āбāанā, дуйуф ал-Имом ал-Бухорий»«Хуш келибсиз, устозларимиз ва оталаримиз, Имом Бухорийнинг азиз меҳмонлари!»

деб самимий қарши олишларининг маъно-моҳиятини янада чуқурроқ англайсиз. Бу сўзларда нафақат меҳмондўстлик, балки умумий тарих, ягона цивилизация ва муштарак маънавий меросга бўлган чуқур эҳтиром ҳам мужассам.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1416026.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1158229.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
934627.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.