

Янгиликлар
“Нафақат музей, балки илм-фан майдонидир”. Беларусь вакили Ислом цивилизацияси марказининг яна бир сирини очди
Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихи, буюк цивилизациялар мероси ва замонавий илмий-маърифий салоҳияти Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси вакилларида катта таассурот қолдирди. Тошкентда ўтказилган «Мустақил Ўзбекистон — ривожланиш йўли: 35 йил — ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда иштирокчиси бўлган Беларусь делегацияси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, мамлакатнинг тарихий ва маданий мероси билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида делегация вакиллари Марказдаги ҳар бир залнинг ўзига хос концепцияси ва тарихий мазмунига алоҳида эътибор қаратди.
Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Республика Кенгаши аъзоси Людмила Сапего Марказ архитектураси, экспозициялари ва унинг умумий концепцияси унда кучли таассурот қолдирганини таъкидлади.
Унинг фикрича, Марказда Ўзбекистоннинг тарихи ва миллий анъаналари яхлит бир маконда намоён бўлган.
– Ҳақиқатан ҳам, бу жуда ўзига хос ва салобатли иншоот. Унда бутун мамлакат анъаналари, тарихи акс этгани сезилиб туради. Ўз тарихига бунчалик эҳтиёткорона муносабатда бўлган халқнинг келажаги албатта бахтли ва бундан ҳам гўзал бўлади. Буюк тарих. Буюк цивилизациялар. Буюк кашфиётлар. Бу ерда кўрган ва эшитганларимнинг барчаси бетакрор ва унутилмасдир. Дарҳақиқат, Ўзбекистонга ташрифи ҳақида гапириб бериш керак бўлган ҳар бир беларусликка буларни етказишни истайман. Маданият, анъаналар сақланиб қолиши, халқ ҳаммаси нимадан бошланганини ва бундан кейин қандай ривожланишини билиши учун улкан эътибор қаратган давлат раҳбари, муҳтарам Ўзбекистон Президентининг роли беқиёс. Бу жуда қадрли ва муҳим.
Беларусь делегацияси вакили, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Ирина Токарева Марказнинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, Ислом цивилизацияси марказини фақат музей сифатида баҳолаш тўғри эмас. Токарева Марказнинг илм-фан ва таълим билан узвий боғлиқ ҳолда фаолият юритиши унинг аҳамиятини янада оширишини қайд этди.
– Бу шунчаки қурилиш мажмуаси эмас, энг муҳими — унинг мазмун-моҳиятидир. Марказда 400 дан ортиқ олим ва тадқиқотчи фаолият юритиши уни нафақат тарихий меросни намойиш этувчи, балки илмий изланишлар ва билим алмашинуви учун муҳим майдонга айлантиради. Бу жиҳат Марказнинг концепциясидаги муҳим ёндашувни кўрсатади: тарихни намойиш этиш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, ўрганиш ва келажак авлодга етказиш. Бугун таълим ва илм-фанга қаратилаётган эътибор, хусусан, йирик илмий-маърифий лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани ёшларнинг дунёқарашини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.