

Янгиликлар
Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида Ғазнавийлар даврига оид нодир бронза медальон намойиш этилмоқда
Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилаётган ушбу бронза медальон Ғазнавийлар даврининг муҳим тарихий ёдгорликларидан бири бўлиб, унда сулола ҳукмдори Абу Шужоъ Фаррухзод бин Масъуднинг номи, унвонлари ва даврга оид муҳим маълумотлар акс этган.
Медал Хуросоннинг Ғазна шаҳрида ҳозирги Афғонистон ҳудудида ишланган. У Ғазнавийлар ҳукмдори Абу Шужоъ Фаррухзод бин Масъудга тегишли бўлиб, унинг ҳукмронлик йиллари 1052–1059 йилларга тўғри келади. Медальондаги ҳижрий 444 йил — милодий 1052–1053 йил санаси эса унинг муайян тарихий давр билан боғлиқлигини кўрсатади.
Экспонатнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири унинг ҳар икки томонидаги куфий хатидаги ёзувлардир. Олд томонда ҳукмдорнинг номи ва унвонлари келтирилган:
«Адл / ал-амир ас-саъид ал-малик / носир халифат Аллоҳ Абу Шужоъ Фаррухзод / бин Носир Дин Аллоҳ»
Медальон четида эса унинг Ғазнада 444 йилда зарб этилгани ҳақидаги ёзув жойлашган. Орқа томонда исломий эътиқоднинг асосий рамзларидан бири бўлган шаҳодат калимаси — «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» ҳамда Аббосийлар халифаси ал-Қоим биамриллоҳнинг номи акс эттирилган. Медальон четида эса Қуръони каримнинг Тавба сураси, 33-ояти келтирилган. Шу жиҳатдан экспонатда сиёсий ҳокимият ва диний-эътиқодий қарашларни ифодаловчи ёзувлар бир бутун композицияда уйғунлашганини кўриш мумкин.
Медальон қуйма усулда тайёрланган бронзадан ишланган ва унинг сирти зарҳалланган. Юқори қисмида қадимий тешик ва осма илмоқ излари мавжуд. Бу унинг муайян даврда осиб қўйилган ёки тақилган буюм сифатида ҳам ишлатилган бўлиши мумкинлигидан далолат берувчи муҳим белги ҳисобланади. Асрлар давомида сақлангани натижасида унинг юзасида ишқаланиш ва коррозия излари ҳам пайдо бўлган. Бу белгилар экспонатнинг узоқ ва мураккаб тарихий йўлини кўрсатади.
Диаметри атиги 7,4 сантиметр бўлган ушбу медальон ўз ҳажмига нисбатан ниҳоятда катта тарихий ахборотни ўзида мужассам этган. Унда:
— ҳукмдорнинг исми ва унвонлари;
— Ғазнавийлар даврига оид маълумот;
— 444 ҳижрий йил санаси;
— Ғазна шаҳри номи;
— Аббосийлар халифаси номи;
— шаҳодат калимаси;
— Қуръон ояти каби муҳим маълумотлар жамланган.
Шу боис бундай артефактлар нафақат моддий маданият намунаси, балки ўша даврнинг сиёсий тарихи, диний ҳаёти, эпиграфикаси ва санъатини ўрганишда муҳим манба сифатида ҳам аҳамият касб этади.
Бугун Ғазнавийлар даврига оид мазкур нодир медальон Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олган. Асрлар аввал металлга битилган ҳукмдор номи бугун музей экспозициясида яна бир бор тарих тилига айланмоқда. 7,4 сантиметрлик бу медальон оддий ашё эмас. Унда Ғазна, Ғазнавийлар, ҳукмдорлик анъаналари ва ўша даврнинг маънавий дунёси ҳақидаги тарихий хотира мужассам.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.