Швециядаги Agenda Nexus — Тадқиқот ва сиёсат институти Ўзбекистонда сўнгги ўн йилда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни таҳлил қилиб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда тарихий мерос, инсон капитали, модернизация ва халқаро очиқлик уйғунлашган янги тараққиёт модели шаклланаётганини таъкидлади. Институт Ўзбекистоннинг бугунги ўзгаришларини «Шарқдаги янги Уйғониш даври» сифатида баҳолаб, мамлакатнинг келгуси ўн йиллиги учун белгиланган еттита устувор дастур унинг замонавий, фаровон ва халқаро майдондаги таъсири тобора ортиб бораётган давлатга айланиш мақсадини ифода этишини қайд этди.
Ўн йиллик ўзгаришлар мерос, инсон салоҳиятини ривожлантириш, очиқлик ва глобал интилишлар уйғунлашган замонавий давлатни барпо этмоқда
Ўзбекистоннинг 35 йиллик мустақиллиги муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат тараққиётининг навбатдаги босқичи учун еттита миллий дастурни тақдим этди. Таълим, соғлиқни сақлаш, технологиялар, экологик барқарорлик, қонун устуворлиги, маҳаллалар салоҳиятини ошириш ва халқаро дипломатияни қамраб олган ушбу дастурлар Ўзбекистон иқтисодиёти, жамияти, халқаро мавқеи ва келажакка бўлган интилишларини тубдан ўзгартирган ўн йиллик кенг кўламли ислоҳотларга таянади.
Тошкентдан туриб ўзгаришларга гувоҳ бўлиш
2026 йил 23–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумда иштирок этиш мен учун катта шараф бўлди. Швеция ва Agenda Nexus номидан иштирок этар эканман, дунёнинг турли мамлакатларидан келган журналистлар, тадқиқотчилар, медиа соҳаси мутахассислари, ёзувчилар ва экспертлар билан бирга маданият, билим, коммуникация ҳамда тобора ўзаро боғланиб бораётган дунёда Ўзбекистоннинг ортиб бораётган роли ҳақида фикр алмашиш имконига эга бўлдим.
Форумнинг ўтказилган вақти ҳам алоҳида аҳамиятга эга эди. Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаш арафасида турган бир пайтда, қарийб 50 мамлакатдан 300 га яқин журналист, медиа раҳбарлари, олимлар, тадқиқотчилар, продюсерлар ва бошқа соҳа мутахассислари бир жойга тўпланди. Иштирокчиларнинг кенг қамрови ва халқаро таркиби форумни 2026 йилдаги энг йирик ва эътиборга молик глобал медиа тадбирларидан бирига айлантирди.
Бироқ энг муҳими иштирокчилар сони эмас эди. Муҳим жиҳат — Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга нимани кўрсатишни истаганидир: ўзининг қадимий цивилизацияси ва замонавий тараққиёт мақсадларини бир-бири билан боғлашга тобора кўпроқ ишонч ҳосил қилаётган мамлакатни.
Айнан ана шу уйғунлик Янги Ўзбекистон концепциясининг марказий ғояларидан бирига айланди.
Мирзиёев ва Шарқдаги янги Уйғониш даври
Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилдан буён Ўзбекистондаги ўзгаришларнинг асосий сиёсий меъмори бўлиб келмоқда.
Agenda Nexus аввал ҳам ушбу ўзгаришларни таълим, иқтисодиётни модернизация қилиш, халқаро алоқаларни кенгайтириш, маданий дипломатия, барқарор тараққиёт ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўзгариб бораётган қиёфаси нуқтаи назаридан таҳлил қилган.
Ушбу жараёнларни яхлит ҳолда кўриб чиққанда, гап шунчаки алоҳида ислоҳотлар мажмуи ҳақида эмаслиги аён бўлади. Улар бир-бири билан узвий боғланган ва мамлакатнинг келажак тараққиёт йўналишини белгилаётган кенг кўламли ўзгаришларни англатади.
Улар миллий янгиланишга қаратилган саъй-ҳаракатни англатади.
Ўзбекистоннинг ўзи ҳам сўнгги йилларда «Учинчи Ренессанс» концепциясидан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. Бу ғоя Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби буюк алломаларнинг интеллектуал меросини таълим, илм-фан, технология ва билимга таянган янги авлод билан боғлашга қаратилган.
Шу нуқтаи назардан, Мирзиёев раҳбарлигини «Шарқ Уйғониш даври» концепцияси орқали тушуниш мумкин. Бу ўтмишга қайтиш эмас, балки тарихий ишонч ва ғурурни модернизация учун пойдевор сифатида ишлатишга бўлган интилишдир.
Бу — ниҳоятда катта мақсадларни кўзлаган сиёсий лойиҳадир. Унинг якуний муваффақияти ислоҳотларнинг амалда қандай татбиқ этилиши, институтларнинг салоҳияти, ҳисобдорлик ва ижобий ўзгаришлар оддий фуқаролар ҳаётига қай даражада етиб боришига боғлиқ бўлади. Бироқ ўзгаришларнинг йўналиши ва кўламини энди инкор этиш тобора қийинлашмоқда.
Ўзбекистонни ўзгартирган ўн йиллик
Бу ўзгаришларни аниқ кўрсаткичларда ҳам кўриш мумкин.
Ўзбекистон ўз иқтисодиётини очди, валюта, солиқ, божхона ва инвестиция тизимларининг муҳим йўналишларини либераллаштирди, минтақавий муносабатларни мустаҳкамлади, халқаро ҳамкорликни кенгайтирди ҳамда инфратузилма ва инсон капиталига катта миқдорда сармоя киритди.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда реал ялпи ички маҳсулот ўсиши 2024 йилдаги 6,7 фоиздан 2025 йилда 7,7 фоизга етган. Ўзбекистон ҳукумати маълум қилишича, илгари йилига тахминан 2–3 миллиард доллар миқдорида бўлган хорижий инвестициялар ҳажми кескин ошган. Шунингдек, мамлакат аввал белгиланган 160 миллиард долларлик ЯИМ мақсадига режадан олдин эришишни кутмоқда.
Таълим соҳаси ушбу ўзгаришларнинг ижтимоий жиҳатини яққол намоён этади. Мактабгача таълим билан қамров 78 фоизга етди, сўнгги ўн йил ичида мактабларда қарийб 1,5 миллионта қўшимча ўқув ўрни яратилди, олий таълимда таҳсил олаётган талабалар сони эса қарийб 1,6 миллион нафарга етди. Уларнинг ярмидан кўпи хотин-қизлардир.
Бу стратегик жиҳатдан муҳим. Замонавий иқтисодиётни фақат бинолар ва инвестициялар орқали барпо этиб бўлмайди. Унинг энг муҳим инфратузилмаси — инсон капитали.
Кейинги ўн йиллик учун етти дастур
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Президент Мирзиёев келгуси ўн йилликни «миллий юксалиш» даври деб эълон қилди ва еттита миллий дастурни тақдим этди.
Биринчи дастур билим ва кўникмаларни миллий тараққиётнинг асосий капиталига айлантиришни назарда тутади. Ўзбекистон олти ёшли болалар учун умумий тайёрлов таълимини жорий этиш, барча мактабларда халқаро баҳолаш тизимларини кенгайтириш, касбий таълимни ривожлантириш ҳамда камида ўнта университетни дунёнинг энг яхши 1000 та олий таълим муассасаси қаторига киритишни мақсад қилган.
Иккинчи дастур тараққиёт марказига саломатлик ва узоқ умр кўриш масалаларини қўяди. Унда соғлиқни сақлашга йўналтириладиган давлат харажатларини ЯИМнинг 5 фоизига етказиш ва миллий тиббий суғурта тизимини кенгайтириш режалаштирилган.
Учинчи дастур юқори технологиялар ва юқори меҳнат унумдорлигига асосланган иқтисодиётга ўтишни мақсад қилади. Келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, 2030 йилга бориб 300 миллиард долларлик иқтисодиётга эришиш, юқори даромадли саноат тармоқларида 2 миллионта иш ўрни яратиш, шунингдек, стартаплар, венчур капитали ва сунъий интеллект экотизимларини кенгайтириш кўзда тутилган.
Тўртинчи дастур сув ресурслари ва экологик барқарорлик масалаларига бағишланган. У қишлоқ хўжалиги ерларида сувни тежайдиган технологияларни кенг ва универсал жорий этиш, шаҳарларда яшил ҳудудларни кенгайтиришни назарда тутади.
Бешинчи дастур суд мустақиллиги ва қонун устуворлигига қаратилган. Унда фуқаролар ва бизнес субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чоралари кўзда тутилган.
Олтинчи дастур анъанавий маҳаллага маҳаллий бюджетларни шакллантириш, инвестициялар жалб қилиш, инфратузилмани ривожлантириш ва жамоалар тараққиётини таъминлашда янада катта ваколат беришни назарда тутади.
Еттинчи дастур эса Ўзбекистоннинг халқаро майдонда тинчлик, дўстлик, бағрикенглик ва мувозанатли дипломатия тарафдори бўлган мамлакат сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Ушбу дастурларнинг барчаси биргаликда оддий тараққиёт вазифалари рўйхатидан кўра кенгроқ мазмунга эга. Улар инсон капитали, иқтисодий модернизация, ижтимоий фаровонлик, экологик барқарорлик, адолат, маҳаллий аҳолининг фаол иштироки ва ташқи сиёсатни ўзаро боғлайдиган тараққиёт моделини белгилаб беради.
Мерос ва тараққиёт уйғунлиги
Эҳтимол, Ўзбекистонда шаклланаётган янги қиёфани Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказидагидан кўра яққолроқ кўрсатадиган жой кам.
Марказ муҳим бир ғояни ифодалайди: модернизация тарихдан воз кечишни талаб қилмайди.
Ўзбекистон Евроосиёдаги энг бой интеллектуал ва маданий мерослардан бирига эга. Асосий вазифа эса ушбу меросни асосан музейлар ва тарихий ёдгорликларда сақланадиган қадрият эмас, балки билим, мулоқот, таълим ва халқаро ҳамкорликнинг жонли манбаига айлантиришдан иборат.
Халқаро медиафорум бу салоҳиятни яққол намоён этди. Форум доирасидаги муҳокамаларда халқаро медиа ташкилотлари, тадқиқотчилар, кинорежиссёрлар, нашриёт вакиллари, технология мутахассислари ҳамда маданият соҳаси профессионаллари мерос, илм-фан, медиа, сунъий интеллект ва глобал коммуникация масалалари атрофида фикр алмашдилар.
Шу боис Марказ оддий музейдан кўра кенгроқ аҳамият касб этиши мумкин. Агар у интеллектуал жиҳатдан очиқ халқаро муассаса сифатида тўғри ривожлантирилса, турли қарашлар, маданиятлар, динлар ва илмий анъаналар жиддий мулоқот асосида учрашадиган майдонга айланиши мумкин.
Ўзбекистон учун бу, шунингдек, «юмшоқ куч» воситасидир.
Марказий Осиё давлатидан боғловчи кучга
Ўзбекистондаги ўзгаришларнинг яна бир муҳим жиҳати — география.
Марказий Осиё Европа, Хитой, Туркия, Форс кўрфази мамлакатлари, Жанубий Осиё ва кенг Евроосиё иқтисодиёти учун тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон эса шаклланаётган ушбу тармоқнинг марказида жойлашган.
Мирзиёевнинг прагматик ташқи сиёсати қўшни Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни яхшилаш билан бир қаторда Европа, АҚШ, Осиё ва араб-мусулмон дунёси билан ҳамкорликни кенгайтириш имконини берди. Бугун Ўзбекистон қарийб 170 та давлат билан дипломатик муносабатларга эга. Шунингдек, мамлакат 2027–2029 йилларда биринчи марта Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилади.
Бундай мувозанатли ёндашув Тошкентга нафақат минтақавий жараёнларнинг иштирокчиси, балки иқтисодий, дипломатик, маданий ва интеллектуал жиҳатдан боғловчи кучга айланиш имконини беради.
Раҳбарликнинг кейинги синови
Муваффақиятли ислоҳотлар ҳеч қачон фақат қарор ёки баёнот билан якунланмайди.
Кейинги босқич самарали ижро, кучли институтлар, қонун устуворлигини изчил ривожлантириш, шаффоф бошқарув, таълим сифатини ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш, хусусий секторни ривожлантириш ва ёш авлод учун янада кенг имкониятлар яратишни талаб қилади.
Айнан шу йўналишларда еттита миллий дастур стратегик аҳамият касб этади.
Президент Мирзиёевнинг тарихий мероси, пировардида, фақат унинг президентлиги даврида Ўзбекистон қай даражада кескин ўзгаргани билан эмас, балки бу ўзгаришлар ҳар қандай алоҳида раҳбардан кейин ҳам ўз фаолиятини давом эттира оладиган барқарор институтларга айлана олгани билан баҳоланади
Бу — ўзгаришларга бош-қош бўлаётган раҳбарликнинг энг муҳим синовидир.
Agenda Nexus нуқтаи назаридан, Ўзбекистон Европа сиёсатчилари, университетлар, инвесторлар, тадқиқот муассасалари ва халқаро ташкилотларнинг анча катта эътиборига лойиқ мамлакатдир.
Бугун шаклланаётган Ўзбекистон ўз тарихидан воз кечмаяпти, шу билан бирга, ўз қиёфасини фақат тарих билан белгилаб қўйишга ҳам йўл қўймаяпти.
Мамлакат бундан-да каттароқ мақсадни кўзламоқда: меросни ишончга, ишончни ислоҳотларга, ислоҳотларни эса замонавий миллий Уйғонишга айлантириш.
Агар келгуси ўн йилликда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан илгари сурилган улкан мақсадларга эришилса, Шавкат Мирзиёев тобора кўпроқ шунчаки Ўзбекистонни ислоҳ қилган Президент сифатида эмас, балки Шарқда янги Уйғониш даврини бошлашга ҳисса қўшган раҳбар сифатида ёдга олиниши мумкин.
Келажак сари
Agenda Nexus Президент Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистоннинг миллий тараққиёт, модернизация ва халқаро ҳамкорликка қаратилган улкан мақсадларини амалга оширишда муваффақиятлар тилайди.
Геосиёсий ноаниқлик ва дунёда бўлинишлар тобора кучайиб бораётган бир пайтда, жаҳонга тараққиёт, билим, мулоқот ва ўз халқи ҳамда келажак авлодлар учун яхшироқ келажак барпо этиш имкониятига ишонадиган раҳбарлар керак.
Улуғ мақсадларни имкониятларга, миллий тараққиётни эса кенг кўламли ҳамкорликка айлантиришга интиладиган раҳбарлик халқаро эътиборга лойиқ.
Ўзбекистон ўз тараққиётининг муҳим янги босқичига қадам қўйди. Олдимиздаги мақсадлар улкан, уларнинг узоқ муддатли муваффақияти эса, пировардида, амалга ошириш самарадорлиги, институтларнинг мустаҳкамлиги ва инсонлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан баҳоланади.
Agenda Nexus — Тадқиқот ва сиёсат институти Ўзбекистондаги ўзгаришларни Швециядан туриб ҳам, Ўзбекистондаги бевосита ҳамкорлик ва фаолият орқали ҳам яқиндан кузатиш ва таҳлил қилишда давом этади.
Биз мамлакат тараққиётининг кейинги босқичини қизиқиш билан кузатишни интизорлик билан кутмоқдамиз ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқига замонавий, фаровон, тинч ва халқаро ҳамжамият билан чамбарчас боғланган Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ҳар томонлама муваффақиятлар тилаймиз.