Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

1311 йилда кўчирилган Ғазнавийлар тарихига оид қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида намойиш қилинмоқда

Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилаётган «Таржимаи Яминий» қўлёзмаси Ғазнавийлар сулоласи тарихи, хусусан, Сомонийлардан кейинги сиёсий жараёнлар ва Султон Маҳмуд Ғазнавий даври ҳақида муҳим маълумот берувчи қимматли тарихий манбалардан биридир.

«Таржимаи Яминий» — Насих ибн Зафар ал-Журбадқоний томонидан форс тилига таржима қилинган асар бўлиб, унинг асосида Абу Наср Муҳаммад ибн Абдулжаббор ал-Утбийнинг араб тилида ёзилган «Тарихи Яминий» асари ётади. Асарда Ғазнавийлар сулоласининг асосчилари Сабуктегин (977–997) ва унинг ўғли Султон Маҳмуд Ғазнавий (998–1030) давридаги воқеалар ёритилган. Асар 1021 йилгача бўлган тарихий жараёнларни қамраб олиб, Маҳмуд Ғазнавийнинг Ҳиндистон ярим оролига юришлари, Сомонийлар ва Бувайҳийлар билан муносабатлари ҳақида муҳим маълумотлар беради.

Ал-Утбий Султон Маҳмуднинг котиби бўлгани сабабли, асарда баён этилган кўплаб воқеаларга бевосита гувоҳ сифатида маълумот берган. Таржима ҳам мустақил тарихий асарга айланган. Ал-Журбадқоний мазкур асарни 1206–1207 йилларда Озарбайжон Элдигузийлар султони Абу Бакр хизматида форс тилига таржима қилган. У асл матнни шунчаки таржима қилиш билан чекланмай, уни кенгайтирган, Салжуқийлар ва Отабеклар тарихига оид маълумотлар, шеърлар ҳамда ўз изоҳларини қўшган.

Шу сабабли «Таржимаи Яминий» оддий таржима эмас, балки мустақил тарихий-адабий асар сифатида ҳам қадрланади. Қўлёзманинг ўзи ҳам ноёб тарихий манба. Марказ экспозициясидаги мазкур нусха 1311 йилда, яъни асар таржимаси яратилганидан тахминан бир аср ўтиб кўчирилган.

Қўлёзма 711 ҳижрий йил, 11 Ражаб — 1311 йил 30 ноябр санасида битилган бўлиб, Форс ҳудудида, Илхонийлар даврида яратилган. У қоғозга форс тилида, насх хатида ёзилган. Қўлёзма 154 варақдан иборат бўлиб, саҳифаларида 19–21 қатор матн жойлашган. Асарнинг ёзувида қора ва жигарранг сиёҳлардан фойдаланилган, муқоваси эса жигарранг чармдан тайёрланган.

Унинг яна бир муҳим жиҳати асар яратилганидан атиги юз йил ўтиб кўчирилган нисбатан эрта нусха эканидадир. Қўлёзманинг дастлабки қисми, хусусан 27б-варағигача бўлган қисми, айрим хусусиятлари билан Хуросон услубига яқинлиги билан ҳам эътиборли.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1459426.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1200429.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
974727.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.