Темурийлар даврига оид ҳасса Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида
Ислом цивилизацияси тарихи нафақат буюк алломалар ва ноёб қўлёзмалар, балки асрлар давомида сақланиб келаётган меъморий ва амалий санъат намуналарида ҳам ўз ифодасини топган.
Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олган мазкур ҳасса Марказий Осиёда, эҳтимол, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яратилган бўлиб, XII–XIV асрларга мансуб деб баҳоланади. Тарихий маълумотларга кўра, бундай ҳассалардан масжидларда, хусусан, меҳробда хутба ўқиш вақтида имом томонидан фойдаланилган. Шу жиҳатдан, мазкур ашё нафақат амалий, балки диний ва маросимий аҳамиятга ҳам эга бўлган. Ҳассанинг узунчоқ, тик шакли ва бутун юзасини қоплаган мураккаб ўсимликсимон ҳамда чирмашувчи новда нақшлари унинг юксак бадиий маҳорат билан ишланганидан далолат беради. Ундаги «ислимий» нақшлар Марказий Осиё ислом меъморчилигида кенг тарқалган ўсимликсимон безак анъаналарининг ўзига хос намунасидир.
Услубий жиҳатдан мазкур ҳассани Хивадаги Жума масжидида сақланаётган ўймакор ёғоч устунлар билан қиёслаш мумкин. Хива, Бухоро ва Самарқанд меъморчилигида ёғоч устунлар нафақат конструктив вазифани бажарган, балки муқаддас ва маросимий маконнинг бадиий қиёфасини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутган.
Бундай нозик ўймакорлик намуналарининг кўчма ва ярим кўчма меъморчиликда ҳам учраши Марказий Осиёдаги кўчманчи ва ўтроқ маданиятларнинг ўзаро таъсири қанчалик чуқур бўлганини кўрсатади. Ҳасса юзасидаги тўқ патина унинг узоқ тарихга эга эканини кўрсатувчи муҳим белгилардан бири. Ундаги ҳар бир ўйма чизиқ, ҳар бир нақш ва безак ортида ўша давр устасининг маҳорати, бадиий диди ва дунёқараши мужассам.
Бир қарашда оддий ёғоч ашёдек кўринган бу ҳасса аслида Марказий Осиёнинг кўп асрлик диний, меъморий ва амалий санъат тарихини ўзида мужассам этган ноёб маданий мерос намунасидир.






