«Бу музейни кўрмаган бўлсангиз, ҳали ҳеч нарсани кўрмагансиз» — Маданият ва туризм элчиси
Баъзи масканлар ҳақида сўз билан ҳикоя қилиш қийин. Чунки уларни кўриш, ҳис қилиш ва англаш керак. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шундай мажмуалардан биридир.
Ҳиндистондаги Ўзбекистоннинг маданият ва туризм элчиси Риту Берининг Марказга ташрифи давомида билдирган фикрлари ҳам унинг бу ердаги таассуротлари нечоғлиқ кучли бўлганини кўрсатди.
Экспозициялар билан танишар экан, у тарихий мерос, илмий билим ва замонавий музей ечимларининг уйғунлиги катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
«Мен ҳаяжон ва таассуротларимни сўз билан ифодалашга қийналяпман. Ҳаётимда бундан гўзал нарсани кўрмаганман. Ўзбекистоннинг маданият ва туризм элчиси сифатида ишонч билан айтишим мумкинки, дунё аҳли Тошкентга айнан шу музейни кўриш учун келиши керак.
Агар умрингиз давомида бу музейни кўрмаган бўлсангиз, демак, ҳали ҳеч нарсани кўрмагансиз. Чунки бу ерда ҳақиқий тарих, Ислом ҳақидаги асл ва ишончли билим мужассам. Бундай билимни бошқа ҳеч қаерда бу ердагидек олиш мумкин эмас. Бу — ниҳоятда ҳайратланарли маскан. Ҳаётимда кўрган Исломга оид музейлар ичида энг гўзали», — деди у.
Риту Берининг фикрича, Марказда биргина зал ёки экспозицияни алоҳида ажратиб кўрсатиш мушкул. Унинг эътиборини экспонатлар билан бир қаторда бутун музей концепцияси — маконлар ўртасидаги уйғунлик, ранглар, ёритиш ва экспозицияларни тақдим этиш услуби тортган.
«Бу ердаги ҳар бир макон ўзига хос, ҳар бир зал бир-биридан фарқ қилади. Мен бу ерда жуда кўп нарсаларни ўргандим. Шунинг учун муайян бир жойни ажратиб кўрсата олмайман. Марказнинг концепцияси, ранглар уйғунлиги, ёритилиши — барчаси менга жуда ёқди. Бу ерда ҳамма нарса мукаммал ўйланган», — дея таъкидлади у.
Унинг таъкидлашича, Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини намоён этишда муҳим масканлардан бирига айланиши мумкин.
Риту Бери Марказнинг қурилиш жараёнини ҳам шахсан кузатганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бугунги қиёфа дастлабки тасаввурларидан ҳам юксак таассурот қолдирган.
«Мен ушбу музейни қурилаётган пайтида ҳам кўрганман. Бугун эса у тасаввур қилганимдан ҳам аъло даражада кўринишга эга. Бу маскан мени ниҳоятда ҳайратга солди. Таассурот шунчалик кучлики, бутун вужудимни ҳаяжон қамраб олди. Мен ҳайратимни яшира олмадим. Бу жуда гўзал».
Риту Берининг таассуротлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ғоясининг муҳим жиҳатини яна бир бор намоён этади. Бу ерда тарих алоҳида экспонатлар орқали эмас, балки бутун бир цивилизациянинг илмий, маърифий ва маданий мероси яхлитлигида намоён бўлади.
Марказ Ўзбекистон тарихини чуқур англаш, унинг бой илмий-маданий меросини халқаро аудиторияга танитиш ва мамлакатнинг замонавий тараққиёти билан тарихий хотира ўртасидаги узвий боғлиқликни намоён этишга хизмат қилувчи замонавий билим ва мулоқот макони сифатида шаклланмоқда.






