ФИФАнинг собиқ Бош котиби Ўзбекистон спортчиларига тилак билдирди
Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрган меҳмонлар орасида ФИФАнинг собиқ бош котиби Фатма Самура ҳам бўлди. У марказдаги таассуротлари билан ўртоқлашар экан, технология, спорт ва маданиятнинг уйғунлиги, шунингдек, Ўзбекистонда ёшлар саломатлиги ва камолотига қаратилаётган эътиборни алоҳида таъкидлади.
Фатма Самуранинг фикрича, мамлакат тараққиётини фақат иқтисодий кўрсаткичлар ёки замонавий инфратузилма билан баҳолаб бўлмайди. Ёшларнинг саломатлиги, билими ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган имкониятлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, Ислом цивилизацияси маркази тарихий меросни намойиш этиш билан бирга, ёшларни илм-фан ва маданиятга қизиқтирувчи маърифат маскани сифатида ҳам эътиборга молик.
Фатма Самура Ўзбекистонда ёшлар ва спортга қаратилаётган эътиборни юқори баҳолади. ФИФА бош котиби сифатида халқаро футбол жараёнларида иштирок этган меҳмон мамлакат миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига йўл олганини ҳам алоҳида эътироф этди. Бу натижа спортни ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва улар учун зарур шароитлар яратишнинг аҳамиятини яна бир бор кўрсатади.
У Ўзбекистон спортчиларига халқаро мусобақаларда янги муваффақиятларга эришишларини тилади. Осиё ўйинларида қўлга киритилган 70 та медаль мамлакат спортчилари салоҳиятини намоён этувчи натижалардан бири сифатида қайд этилди.
Фатма Самура марказга ташрифи давомида Ўзбекистоннинг тарихий ва илмий мероси билан танишиш баробарида, мамлакатнинг бугунги тараққиётга бўлган ёндашувини ҳам кўриш мумкинлигини таъкидлади. Марказ экспозицияларида Ислом цивилизациясининг илм-фан, маърифат ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси замонавий технологиялар орқали намоён этилади.
Фатма Самура ташриф давомидаги таассуротлари ва Ўзбекистон спортчиларига тилакларини қуйидагича ифодалади:
«Аввало, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига илк бор ташриф буюрганимдан жуда хурсандман. Аҳоли саломатлигига устувор аҳамият берилаётган мамлакатда технология, спорт ва маданиятнинг ўзаро уйғунлигини кўриш менда катта таассурот қолдирди. Марказ Ислом цивилизацияси меросини намоён этиш билан бирга, ёшлар ва спортга ҳам алоҳида эътибор қаратаётгани қувонарли.
Спортчиларга шуни айтмоқчиманки, Осиё ўйинларида 70 та медаль қўлга киритганингиз каби, келгусида ҳам янги ғалабаларга эришишда давом этинг. Шунингдек, 2030 йилда Жаҳон чемпионатига мезбонлик қиладиган Жанубий Америка, Европа ва Африка қитъаларидаги мусобақалар муҳитида ўз кучингиз ва спорт руҳингизни намоён этишга интилинг».






