Ислом цивилизацияси маркази халқаро музейшунослар эътиборида
Бугунги кунда музейлар фақат тарихий буюмлар сақланадиган ёки экспонатлар намойиш этиладиган маскан эмас. Улар илмий тадқиқот, таълим, маданий мулоқот ва рақамли технологияларни бирлаштирувчи замонавий маърифат майдонларига айланмоқда.
Ана шу жараёнлар халқаро музейшуносликнинг ҳам асосий мавзуларидан бири бўлиб, турли мамлакатлар мутахассисларининг тажриба алмашуви учун муҳим имконият яратмоқда. «Музейшунослик XXI асрда: тадқиқотлар, анъаналар ва инновациялар» мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этган йигирмадан ортиқ музей мутахассиси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Меҳмонлар марказ экспозициялари орқали Ўзбекистон ҳудудида шаклланган кўп асрлик илмий, маданий ва маърифий мерос, тарихий манбалар ҳамда замонавий технологиялар ёрдамида яратилган тақдимотлар билан танишдилар.
Ташриф давомида музей соҳаси вакиллари тарихий меросни намойиш этиш билан бирга, экспозицияларни ташкил қилиш, ташриф буюрувчилар билан ишлаш ва янги технологияларни жорий этиш борасидаги ёндашувларни ҳам муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.
Бугунги кунда дунё музейлари фаолиятини замон талабларига мослаштириб, ташриф буюрувчилар учун янги имкониятлар яратмоқда. Ёшлар аудиториясини жалб этиш, рақамли контентдан фойдаланиш, ногиронлиги бўлган ташриф буюрувчилар учун қулай муҳит яратиш ва илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш замонавий музейшуносликнинг долзарб йўналишлари ҳисобланади.
Халқаро мутахассислар эътиборини тортган жиҳатлардан яна бири — Ислом цивилизацияси маркази фаолиятининг музей экспозициялари билан чекланмаслигидир. Марказда илмий тадқиқотлар олиб бориш, тарихий манбаларни ўрганиш, мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш ва маърифий лойиҳаларни амалга ошириш учун яратилган имкониятлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Халқаро конференция иштирокчиси, Бошқирдистон Республикаси Миллий музейи археология бўлими мудири Рида Русланова марказ ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
«Исломни янада чуқурроқ ўрганиш имконини бераётган бундай марказ учун сизларга миннатдорлик билдираман. Ислом цивилизацияси маркази тарихий меросни замонавий усуллар орқали намойиш этувчи, ёшлар тарбиясида муҳим ўрин тутадиган мажмуа экан. Бу ерга ташриф буюриш асрлар қаърига, буюк имомлар ва Ўзбекистон олимлари меросига саёҳат қилишдек таассурот қолдиради. Маълумотларни тақдим этиш услуби эса ташриф буюрувчилар, айниқса, ёшларни марказга қайта-қайта жалб эта олади. Марказ туризм ва илм-фан нуқтаи назаридан ҳам, Ўзбекистоннинг бебаҳо маънавий бойлиги сифатида ҳам катта аҳамиятга эга», — деди Рида Раисовна.
Халқаро мутахассисларнинг марказга ташрифи замонавий музей фаолиятида тарихий меросни сақлаш, уни кенг жамоатчиликка етказиш ва янги технологиялардан самарали фойдаланиш муҳимлигини яна бир бор намоён этди.






