TRT Avaz: "Ўзбекистондан ЮНЕСКОда тарихий қадам"
Туркий дунё ва Марказий Осиёнинг бой илмий-маънавий меросини жаҳонга танитиш йўлида Ўзбекистон муҳим ташаббусни илгари сурди. TRT Avaz нашри хабар беришича, Париждаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси, нодир қўлёзмаларни замонавий технологиялар асосида ўрганиш ва халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда 300 нафардан ортиқ халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, илм-фан ва маданият вакиллари иштирок этди.
Туркистоннинг илмий ва маънавий мероси жаҳон саҳнасида
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг бой илмий ва маънавий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ҳамда халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга қаратилган истиқболли ташаббусини ЮНЕСКО бош қароргоҳида ўтказилган маросимда тақдим этди.
Парижда бўлиб ўтган «Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари» мавзусидаги тадбирда халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, илм-фан ва маданият соҳалари вакилларидан 300 нафардан ортиқ киши бевосита ҳамда онлайн иштирок этди.
Президент Мирзиёевнинг қарашлари билан ҳамоҳанг
Тақдим этилган ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурган глобал мақсадлари билан бевосита ҳамоҳангдир. Лойиҳа доирасида Марказий Осиёнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини кенг жамоатчиликка етказиш, интеллектуал меросга эътиборни кучайтириш ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Жаҳон Ўзбекистон илмий ва маданий меросини ўрганиш ассоциацияси (WOSCU) раиси доктор Фирдавс Абдухолиқов тақдимот давомида лойиҳанинг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди.
Улар қуйидагилардан иборат:
- Тарихий манбалар учун кенг қамровли халқаро рақамли платформани яратиш;
- Нодир қўлёзмаларни таснифлаш ва ўрганишда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш;
- Халқаро миқёсда илмий консорциум ташкил этиш;
- Ёш тадқиқотчилар ва олимларни қўллаб-қувватлаш.
15 минг квадрат метрлик йирик мажмуа — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Тадбирда 2025 йил март ойида Тошкентда ўз эшикларини очган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам иштирокчиларга батафсил таништирилди. Тахминан 15 минг квадрат метрлик асосий кўргазма майдонига эга марказ минтақа илм-фани, таълими ва тафаккури тарихини акс эттирувчи ноёб коллекцияларни ўзида жамлаган.
Марказнинг энг қимматли экспонатлари орасида ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» дастурига киритилган Усмон Мусҳафи ҳам бор. Мажмуа тарихий ёдгорликларни намойиш этиш билан чекланиб қолмай, рақамли технологиялар, илмий тадқиқотлар ва академик ҳамкорликни бирлаштирувчи замонавий маскан сифатида фаолият юритади.
Халқаро ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
ЮНЕСКО, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмалари ҳамда халқаро илм-фан ва маданият муассасалари билан ҳамкорликда мавзуларни чуқурлаштиришга бағишланган учрашувда 2025–2026 йиллар давомида Париж ва Женева каби марказларда янги тақдимот тадбирларини ўтказишга келишиб олинди.
Мазкур тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилди.
Ушбу ташаббус минтақанинг кўп асрлик илмий ва маданий меросини замонавий технологиялар билан уйғунлаштириш орқали умумий маданий бойликларни келажак авлодларга етказишда муҳим ўрин тутади.






