The Peninsula: "Ўзбекистон ЮНЕСКОда Марказий Осиёнинг илмий меросини илгари суришга қаратилган ташаббусни тақдим этди"
Марказий Осиёнинг бой илмий ва маънавий меросини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган Ўзбекистон ташаббуси Қатар матбуотида ёритилди. Қатарнинг инглиз тилида нашр этилувчи, сиёсат, жамият, иқтисодиёт ва халқаро воқеаларни ёритишга ихтисослашган The Peninsula газетаси хабар беришича, Париждаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида тақдим этилган ташаббус тарихий манбаларни рақамлаштириш, нодир қўлёзмаларни сунъий интеллект ёрдамида ўрганиш ва халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади. Тадбирда 300 нафардан ортиқ вакил иштирок этди.
Парижда минтақа илмий ва маънавий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва тарғиб қилишга бағишланган тадбирда 300 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Париж. Ўзбекистон 7 октябрь куни ЮНЕСКО бош қароргоҳида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ҳамда тарғиб қилишга қаратилган халқаро ташаббусни тақдим этди. Унда минтақанинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси алоҳида таъкидланди.
«Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари» деб номланган тадбирда халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, илмий муассасалар, маданий ташкилотлар ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафардан ортиқ вакили бевосита ҳамда онлайн иштирок этди.
Тақдимот Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида илгари сурилган халқаро кун тартибига ҳамоҳанг бўлди. Ушбу кун тартиби Марказий Осиёнинг интеллектуал меросини кенг эътироф этиш, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашни назарда тутади.
Иштирокчилар ЮНЕСКО ва БМТ тизимидаги ташкилотларнинг тарихий манбаларни ўрганиш, қўлёзмаларни сақлаш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда илмий билимлардан кенг фойдаланиш имкониятларини оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш истиқболларини муҳокама қилдилар. Ташаббус минтақанинг тарихий меросини таълим, илмий тадқиқотлар ва маданиятлараро мулоқотнинг замонавий устувор йўналишлари билан уйғунлаштиришни мақсад қилган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Жаҳон жамияти (WOSCU) раиси доктор Фирдавс Абдухолиқов ташаббуснинг асосий йўналишларини тақдим этди. У Марказий Осиёнинг буюк мутафаккирлари илмий меросини тадқиқотчилар ва келажак авлодлар учун янада қулай ва очиқ қилишда олимлар, кутубхоналар, музейлар, университетлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Конференцияда ўз маърузаларини тақдим этиш учун Парижга келган етакчи халқаро илмий, маданий ва дипломатик ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этди. Улар орасида Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори доктор Фарҳан Низами, Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори доктор Салим М. Ал-Малик, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) бош директори профессор доктор Маҳмуд Эрол Қилич, «Ал-Фурқон» Ислом мероси жамғармаси ижрочи директори Сали Шаҳсивари, Женева дипломатик доираси президенти Роберт Ф. Блум, Милан Дизайн университети профессори Марио Таддеи, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий кузатувчи делегацияси вакили доктор Салима Далибей ҳамда Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредерик Брессан бор.
Ташаббус доирасида тарихий манбалар учун халқаро рақамли платформани яратиш, қўлёзмаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш, илмий консорциум ташкил этиш, илмий фаолиятини энди бошлаган тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда глобал таълим ва илмий лойиҳаларни ривожлантиришда маданий дипломатия имкониятларидан фойдаланиш режалаштирилган.
Тадбирда 2026 йил март ойида Тошкентда очилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳам алоҳида эътироф этилди. Тахминан 15 минг квадрат метр майдонни эгаллаган марказ минтақа илм-фани, таълими, маънавий тафаккури ва маданий алоқалари тарихини акс эттирувчи материалларни намойиш этади. Унинг тўпламларидан ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» дастурига киритилган илк исломий ёзма мероснинг муҳим ёдгорлиги — Усмон Мусҳафи ҳам ўрин олган.
Марказ тарихий коллекцияларни замонавий тадқиқот усуллари, рақамли воситалар ва таълим дастурлари билан уйғунлаштирган халқаро илмий-маърифий платформа сифатида фаолият юритиши кўзда тутилган. Унинг вазифаси нафақат меросни сақлаш, балки билим алмашинуви, академик ҳамкорлик ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришни ҳам қамраб олади.
Келгусида ЮНЕСКО, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмалари ҳамда дунёдаги илмий ва маданий муассасалар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш режалаштирилган. Шунингдек, Марказий Осиё меросини халқаро майдонларда, жумладан, Париж ва Женевадаги тадбирларда кенгроқ танитишга қаратилган ишлар амалга оширилади. Тақдимот Ўзбекистоннинг маданий меросни асраб-авайлаш борасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиё илмий меросининг жаҳон интеллектуал маконидаги ўрнини кенгайтиришга қатъий интилишини яна бир бор тасдиқлади.
Тарихий билимлар, замонавий технологиялар ва халқаро тажрибани бирлаштириш орқали ташаббус инсониятнинг умумий маданий меросини ўрганиш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш учун янги имкониятлар яратишни кўзлайди.
Тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ҳамда мамлакатнинг ихтисослашган илмий, таълим ва маданият ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилди.






