Халқаро астронавтика конгрессида буюк аждодларимизнинг кашфиётлари намойиш этилди
Туркиянинг Анталья шаҳрида шу кунларда бўлиб ўтган дунёнинг энг йирик космос тадбири – 77-Халқаро астронавтика конгрессининг очилиш маросимида Хоразмий, Беруний, Фарғоний, Мирзо Улуғбек ва Али Қушчи каби буюк аждодларимизнинг номлари ҳам ёдга олинди. Уларнинг замонавий космонавтика соҳасига қўшган ҳиссаси ва яратган илмий пойдевори эътироф этилди.
Очилиш маросимида дунёнинг қатор давлатларидан келган сиёсатчи ва соҳа экспертлари билан бирга Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ҳам нутқ сўзлади.
Туркия космик дастурида Ўзбекистон “изи”
Кези келганда айтиш жоиз, Туркия сўнгги йилларда нафақат ҳарбий инновациялар, балки аэро- ва космос тадқиқотлари йўналишида ҳам кўзга кўринарли натижаларга эришмоқда. Ўз космик дастурини жадал ривожлантириб келаётган Туркия асосан хорижий сунъий йўлдош платформаларидан фойдаланиш босқичидан - ўз космик аппаратлари ва уларнинг таркибий қисмларини ишлаб чиқиш даражасигача чиқди. Бу йўлда BİLSAT (2003), RASAT (2011), GÖKTÜRK-2 (2012), İMECE (2023) ва TÜRKSAT 6A (2024) каби лойиҳаларни алоҳида тилга олиш мумкин.
Хусусан, İMECE — Ерни кузатишга мўлжалланган, бир метрдан юқори аниқликда тасвир олиш имкониятига эга бўлган илк маҳаллий турк сунъий йўлдоши ҳисобланади. TÜRKSAT 6A эса Туркияда миллий имкониятлар асосида ишлаб чиқилган илк телекоммуникация сунъий йўлдошидир.
Айниқса 2024 йил Туркиянинг бошқариладиган космик парвозлар соҳаси учун ҳам тарихий йил бўлди. Алпер Гезеравжи (Alper Gezeravcı) Туркиянинг биринчи астронавти сифатида Халқаро космик станцияда фаолият олиб борди ва у ерда 13 та илмий тажрибани амалга оширди.
Ўша йилнинг июнь ойида Тува Жиҳангир Атасевер (Tuva Cihangir Atasever) суборбитал илмий-тадқиқот парвозини амалга ошириб, космосга парвоз қилган иккинчи Туркия фуқароси бўлди.
Биз учун қизиқарли ва аҳамиятли жиҳатлардан бири – туркияликлар Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон диёрида яшаб, ижод қилган фан намомяндалари ва буюк алломаларни ҳам ўзига бегона ҳисобламайди. Улар ҳам туркийларга мансублиги боис, бу алломаларни ҳам ўзларининг аждоди, ўзларини эса уларнинг издошлари ва илмий ворислари деб ҳисоблайди.
Буни Туркиянинг айрим космик лойиҳаларида туркий-ислом илмий оламининг буюк алломалари, жумладан, бугунги Ўзбекистон ҳудудида яшаган ва кашфиётлар яратган олимлар номларидан фойдаланилаётгани ҳам исботлаши мумкин.
Бу борада Туркиянинг хусусий Fergani Space космик компанияси алоҳида эътиборга лойиқ.
Fergani Space — Салжуқ Байроқдорнинг космик лойиҳаси
Номи зикр этилган компаниянинг номи - Fergani (Фарғоний) IX асрнинг буюк астрономи Аҳмад Фарғоний номига бевосита ишора қилади. Фарғона заминидан етишиб чиққан бу буюк олим Ғарбда Alfraganus номи билан машҳур бўлган.
Кези келганда эслатиш жоиз, Туркиянинг юқори технологиялар соҳасидаги йирик компанияларидан бири — Baykar компанияси бошқарув кенгаши раиси ва технологиялар бўйича раҳбари сифатида танилган Салжуқ Байроқдор (Selçuk Bayraktar) кейинги йилларда бевосита космик технологиялар соҳасини ҳам ривожлантирмоқда.
2022 йилда Салжуқ Байроқдор Fergani Space (Fergani Uzay Teknolojileri) космик технологиялар компаниясига асос солди ва унинг бош директори (CEO) ҳисобланади.
Айнан ушбу хусусий компания FGN-100-d1 ва FGN-100-d2 сунъий йўлдошларини яратди. Шунингдек, компания келажакда Uluğ Bey — «Улуғбек» глобал жойлашувни аниқлаш тизимини (GPS га ўхшаш) барпо этиш устида ишламоқда.
Компаниянинг маълумотига кўра, FGN-100-d2 келажакдаги «Улуғбек» глобал позициялаш тизими учун технологияларни синовдан ўтказувчи сунъий йўлдош вазифасини бажаради.
Fergani Space’нинг биринчи сунъий йўлдоши
Fergani Space Туркиянинг шаклланаётган умумий космик экотизимининг муҳим иштирокчиларидан бирига айланиб бормоқда. Туркия космик агентлиги ҳам FGN-100-d1 сунъий йўлдошининг учирилишини мамлакат космонавтикаси ривожланишининг расмий хронологиясига киритган.
2025 йил январь ойида компания вазни 102 килограмм бўлган биринчи FGN-100-d1 сунъий йўлдошини орбитага чиқарди. 2025 йил ноябрь ойида эса 104 килограммлик FGN-100-d2 сунъий йўлдоши учирилди.
Ушбу аппаратлар, жумладан, келажакда яратилиши режалаштирилган сунъий йўлдошлар асосидаги навигация тизими учун зарур технологияларни синовдан ўтказишга хизмат қилади.
Улуғбек — Туркиянинг бўлажак навигация тизими номи
Fergani Space компанияси Uluğ Bey Küresel Konumlama Sistemi, яъни «Улуғбек глобал жойлашувни аниқлаш тизими» деб номланган ўз сунъий йўлдош навигация тизимини яратиш устида ишламоқда. Лойиҳа доирасида Ернинг паст орбитасида фаолият юритадиган 100 дан ортиқ сунъий йўлдошдан иборат гуруҳ ташкил этилиши режалаштирилган. «Улуғбек» — ҳозиргача учирилган алоҳида бир сунъий йўлдошнинг номи эмас, балки яратилаётган турк навигация тизими ва сунъий йўлдошлар гуруҳининг номидир. Унинг номи буюк ўзбек давлат арбоби ва мунажжим Мирзо Улуғбек (1394–1449) хотирасига бағишланган.
Али Қушчи — Самарқанд билан боғлиқ яна бир ном
Туркиянинг Ой дастурида буюк олим Али Қушчи (Ali Kuşçu) номи ҳам қўлланилмоқда. Жумладан, TÜBİTAK UZAY ўзининг Ойга оид илмий дастурида “Ali Kuşçu Science, Exploration, and Mapping Objectives”, яъни «Али Қушчи номидаги илмий тадқиқот, ўрганиш ва хариталаш мақсадлари» атамасидан фойдаланади. Буни ҳам Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги тарихий-илмий ворисийликнинг қизиқарли намунаси, десак бўлади. Али Қушчи XV асрнинг йирик астроном ва математикларидан бири бўлиб, Самарқандда Мирзо Улуғбекнинг илмий мактабида фаолият юритган. Кейинчалик у Усмонийлар давлатига кўчиб ўтиб, Истанбулда илмий фаолиятини давом эттирган. Шу маънода Али Қушчи шахсияти Самарқанд илмий анъаналари билан Усмонийлар илм-фан муҳитини ўзаро боғлаб турувчи тарихий кўприк вазифасини бажармоқда. Fergani Space эса ана шу тарихий ришталарни янада мустаҳкам қилаётган ва янги ришталар боғлаётган компания ҳисобланади.
Ўзбекистон космонавтикасида уйғониш даври
Антальядаги тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Туркия Президенти ҳам ўз маърузасида, шунингдек, Туркия саноат ва технологиялар вазири ҳам ўз нутқида буюк ўзбек олимларимизнинг тарихий ролига алоҳида урғу беришди.
Албатта Ўзбекистонда ҳам фақат ўтмиш аждодлар билан фахрланиш билан чекланишмаяпти. Айниқса янги маъмурият даврида Ўзбекистоннинг ўз космос дастурини ривожланиш йўлида қатор муваффақиятли лойиҳалар режалаштирилди ва амалга оширила бошланди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакат тарихида илк бор миллий илмий сунъий йўлдошни яратиш ва биринчи ўзбек фазогирини космосга учириш стратегик вазифа сифатида белгиланди.
Биринчи миллий илмий сунъий йўлдошга буюк ўзбек астрономи ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек номи берилиши режалаштирилган. 6U форматдаги «Мирзо Улуғбек» сунъий йўлдошини 2028 йилда фазога учириш таклиф қилинган. Лойиҳа доирасида миллий муҳандислар жамоасини шакллантириш ва юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳам кўзда тутилган.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг биринчи миллий фазогирини тайёрлаш ишлари бошланган. Дастлабки режага кўра, ўзбек фазогири 10–14 кунлик космик парвоз давомида тиббиёт, биология, ўсимликлар генетикаси ва материалшунослик йўналишларида илмий тадқиқотлар олиб бориши мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳаларни Янги Ўзбекистоннинг илмий-технологик тараққиёти билан боғлаб, космик соҳани ривожлантириш, ёшларни замонавий илм-фан ва технологияларга жалб этиш ҳамда мамлакатнинг мустақил илмий салоҳиятини оширишга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Ўзбекистон оилмлари ҳам буюк астроном аждодларимиз йўлидан бориб, жаҳон илм фанига ўз ҳиссаларини қўшишга интилишмоқда.
Абулфайз Сайидасқаров
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин






