«Темур тузуклари» илк бор белорус тилида нашр этилди
Амир Темурнинг бой тарихий мероси энди Беларусь китобхонларига ҳам ўз она тилида тақдим этилади. Улуғ саркарда ва давлат арбоби, Соҳибқирон Амир Темурнинг машҳур «Темур тузуклари» асари илк бор белорус тилида нашр этилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Мазкур воқеа Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги маданий-маърифий ҳамкорликни ривожлантириш, халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
«Темур тузуклари» — давлатчилик ва бошқарув анъаналарини ўзида акс эттирган муҳим тарихий манба. Асарда давлатни бошқариш, тартиб-интизомни таъминлаш, адолат тамойилларига амал қилиш ва жамият ҳаётини ташкил этишга оид қарашлар баён этилган. Шу боис ушбу асар нафақат тарихий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Асарнинг белорус тилида нашр этилиши Беларусь китобхонларига ўзбек халқининг бой тарихи, миллий қадриятлари ва маънавий меросини яқиндан ўрганиш имконини беради. Шунингдек, бу таржима орқали Амир Темурнинг давлат бошқарувига оид қарашлари ва тарихий тажрибаси янги аудиторияга етиб боради.
Ўзбек адабиёти намуналарини белорус тилида нашр этиш бўйича ҳамкорлик давом эттирилиши режалаштирилган. Нашр ташаббускорлари Беларусь давлат педагогика университети вакиллари келгусида Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Чўлпон каби ўзбек адабиётининг забардаст намояндалари ижодини ҳам белорус китобхонларига етказишга қизиқиш билдирган.
Бу ташаббуслар миллий адабиётимиз ва тарихий меросимизни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, турли халқларнинг маданияти ва маънавиятини ўзаро яқинлаштиришга хизмат қилади.






