Ибн Синонинг “Саргузашт” асари ҳақида
Абу Али ибн Сино – Шарқ ренессансининг порлоқ юлдузларидан биридир. Унинг бой илмий ва ижодий мероси минг йилдан буён бутун башариятга хизмат қилиб келмоқда. Бутун умрини илм-фанга бағишлаган олимнинг тиббиёт, фалсафа, илоҳиёт, математика, мусиқа, адабиёт, тилшунослик ва мантиқ каби ўнлаб соҳаларда яратган асарларини чуқур ўрганиш бугунги кунда ҳам энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Алломанинг тафаккур дунёси шу қадар кенг қамровлики, турли соҳа мутахассислари унинг ҳамон янги қирраларини кашф этмоқдалар. Эътиборлиси шундаки, у нафақат буюк олим, балки сўз санъати устаси сифатида ҳам нозик туйғуларини бадиий тилда қоғозга туширган ижодкордир.
Мутафаккирнинг «Саргузашт» (таржимаи ҳол) асари ўзи томонидан тугалланмай қолган бўлиб, кейинчалик унинг содиқ шогирди Абу Убайд ал-Жузжоний якунига етказган. Унда Шайхурраиснинг болалик йилларидан бошлаб, умрининг сўнгги кунларигача бўлган воқеа-ҳодисалар мухтасар баён этилган. Мазкур рисола олимнинг ҳаёти, илмий фаолияти, оилавий муҳити ва давр манзарасини ўрганишда бебаҳо манба бўлиб хизмат қилади. Ибн Сино ушбу асарида шеъриятга бўлган қизиқишига ҳам ишора қилиб, шундай ёзади:
«Журжонга қайтиб келдим ва у ерда менга Абу Убайд ал-Жузжоний келиб қўшилди. Шу кезларда ўз ҳолимни ифодалайдиган бир қасида ёздим, унда мана шу байт ҳам бор эди:
«Мен улуғ бўлганимда кенг шаҳар ҳам сиғдиролмай қолди, Қимматим ошганида харидорсиз қолдим».
«Саргузашт» рисоласи орқали алломанинг ҳаётига оид кўплаб нодир фактлар билан танишиш мумкин. Асарнинг Жузжоний томонидан давом эттирилган қисмида муаллифнинг нотакрор истеъдоди ва ишчанлик қобилияти жонли мисоллар билан кўрсатиб ўтилган. Хусусан, унда олимнинг кунига ўртача 50 варақ асар ёзганлиги алоҳида қайд этилган.
Шунингдек, Ибн Сино Абулҳасан ал-Аруз исмли қўшнисининг илтимосига кўра «Ал-Мажмуъ» номли китоб тасниф этгани, унда математикадан ташқари барча мавжуд илмлар жамлангани баён қилинади. Бу каби маълумотлар аллома шахсиятини англашда катта аҳамиятга эга.
X аср илмий муҳитини ўзида акс эттирган бундай мемуар асарнинг бизгача етиб келиши катта тарихий воқеадир. Рисола Ибн Синонинг вақтдан унумли фойдалангани ва илм йўлида бутун ҳаётини фидо қилганини кўрсатувчи ибратли деталларга бой. Хусусан, Ибн Синодан олдинроқ яшаган Ҳаким Термизийнинг «Бадв уш-шаън» автобиографик асарида ҳам худди шундай Мовароуннаҳр илмий муҳити, олимнинг ҳаёти ва хориқулодда ҳолатлари ёритиб берилган эди. Бу икки улуғ сиймо ўз йўналишларида бетакрор ижод қилиб, жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшдилар.
Ибн Сино «Саргузашт»да Абу Абдуллоҳ Нотилий ва Исмоил Зоҳид каби устозларининг номларини ҳурмат билан тилга олади ҳамда уларнинг билим даражасига адолатли баҳо беради. Шу билан бирга, у турли илмларни ўзлаштириш жараёни ҳақида тўхталиб, жумладан, шундай дейди:
«Тиб илми қийин фанлардан эмас, шу сабабли қисқа муддат ичида бу соҳада жуда илғорлаб кетдим. Натижада ҳатто тажрибали ва билимдон табиблар ҳам ҳузуримга келиб, тиббиётдан сабоқ ола бошладилар».
У илмга чанқоқлиги ва ноёб зеҳн соҳиби бўлиши билан бирга, мақсад йўлидаги машаққатлардан асло қўрқмаган. Улкан зафарларга фақат қобилият билан эмас, тинимсиз заҳмат орқали эришилишини теран англаган. Ибн Сино ўзининг 16-17 ёшлик даврини хотирлаб: «Ўша кезларда мен бирор кечани ҳам охиригача ухлаб ўтказмас, кундузлари эса фақат илм билан шуғулланар эдим»,– деб ёзади.
Асарнинг нима мақсадда ва кимнинг буюртмасига биноан ёзилгани ҳақида аниқ маълумотлар сақланиб қолмаган бўлса-да, олим унда ўз ҳаётининг энг муҳим ва бурилиш нуқталарини муҳрлаб қолдиришга интилгани кўринади.
Асардан маълум бўлишича, Ибн Сино Сомонийлар ҳукмдори Нуҳ ибн Мансурни даволагани эвазига унинг бой кутубхонасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Мазкур кутубхонанинг кенглиги, китобларнинг фанлар бўйича тизимли равишда жамлангани ҳақидаги хотиралар Сомонийлар давридаги кутубхоначилик маданияти ва умумий фонд ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради. Шунингдек, муаллиф ўз маънавий ва интеллектуал имкониятлари ҳақида гапириб, 18 ёшида ўша даврнинг барча зарур илмларини тўлиқ эгаллаб бўлганини ва бу даврда кўпроқ «илмни хотирада мустаҳкам сақлаб қолиш»га эътибор қаратганини таъкидлайди.
Жузжонийнинг ёзишича, Шайхурраис бир вақтнинг ўзида бир нечта китоб устида ишлай олган. Масалан, машҳур «Аш-Шифо» асарининг табииёт қисмига киришганда, «Тиб қонунлари»нинг биринчи китобини аллақачон якунлаган эди. Жузжоний устозининг хизматида 25 йил давомида содиқлик билан турганини, аммо шу давр ичида Ибн Синонинг бирор янги китобни бошдан-оёқ шунчаки мутолаа қилиб ўтирганини кўрмаганини (чунки у барча илмларни мукаммал билганидан тўғридан-тўғри ёзишга киришганини) ҳайрат билан эслайди.
«Саргузашт» асари орқали биз алломанинг бугунги кунгача етиб келмаган, йўқолган асарлари ҳақида ҳам қимматли маълумотларга эга бўламиз. Жузжоний олимнинг «Лисон ул-араб» («Араб тили») асари оққа кўчирилмай қолгани ва «Ал-Қонун»га киритилиши лозим бўлган тиббий тажрибалар қайд этилган қўлёзмаларнинг йўқолганини афсус билан қайд этади.
Хулоса қилиб айтганда, «Саргузашт» рисоласи Ибн Синонинг ҳаёти, оилавий муҳити, Бухоронинг Х асрдаги йирик илмий марказ сифатидаги мақоми ва Сомонийлар кутубхонасининг аҳволини ўрганишда энг мўътабар манбалардан биридир. Асар олимнинг ноёб хотираси, юксак ижодий салоҳияти ва бетакрор истеъдодини бевосита муаллиф ҳамда унинг яқин шогирди тилидан сўзловчи нодир ҳужжатдир.
Бугунги кунда мазкур асар жаҳон тиллари қатори ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб, у ҳақда кўплаб илмий мақола ва рисолалар яратилган. Алломанинг бадиий ижоди ва шеърий мероси ҳақида эса китобнинг кейинги бобида батафсил сўз юритилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими, PhD Хусрав Ҳамидов






