Илмий меросдан келажак авлодга: Ислом цивилизацияси марказида нашр лойиҳалари бўйича муҳим вазифалар белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг бой тарихий, илмий ва маънавий меросини чуқур тадқиқ этиш, буюк алломаларимиз қолдирган бебаҳо асарларни илмий муомалага киритиш ҳамда уларни кенг жамоатчилик ва келажак авлодларга етказишга хизмат қилувчи йирик халқаро илмий-маърифий маскандир. Давлатимиз раҳбари илгари сурган ушбу эзгу ташаббус доирасида фундаментал илмий асарлар, ноёб тарихий манбалар ва ёш авлод учун мўлжалланган маърифий адабиётларни нашр этиш Марказ фаолиятининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Мазкур йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлигида нашр лойиҳалари ижроси ва уларни янада такомиллаштириш масалалари юзасидан навбатдаги танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилди. Унда аввал берилган топшириқларнинг бажарилиш ҳолати, 2026 йилда нашрга тайёрланган махсус илмий китобларни чоп этиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда нашр жараёнларини жадаллаштириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Муҳокамаларда, айниқса, болалар учун яратилаётган китобларнинг мазмун ва сифатига алоҳида эътибор қаратилди. Буюк алломаларимизнинг ҳаёти, илмий кашфиётлари ва жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини ёш китобхонларга уларнинг ёши ва дунёқарашига мос, содда, таъсирчан ва қизиқарли шаклда етказиш зарурлиги таъкидланди. Болалар адабиётини мураккаб илмий маълумотлар баёнидан кўра, уларда мустақил фикрлаш, изланиш ва кашфиётларга қизиқиш уйғотадиган мазмунли асарлар билан бойитиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Йиғилишда Марказнинг халқаро аҳамиятга эга «114 Қуръон» илмий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Мазкур ноёб лойиҳа Қуръони каримнинг 114 сурасини турли асрлар, ҳудудлар ва хаттотлик мактабларига мансуб 114 та тарихий қўлёзма орқали ягона илмий тизимда тақдим этиш ва қиёсий ўрганишга қаратилган. Дунёнинг турли музей ва кутубхоналарида сақланаётган нодир мусҳафлар асосида тайёрланаётган махсус китоб-альбомнинг нашр жараёнларини изчил давом эттириш масаласи муҳокама қилинди.
Алоҳида йўналиш сифатида тарихий-маданий мерос, буюк алломалар ва уларнинг илмий кашфиётларига бағишланган туркум китобларни нашр этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ушбу нашрларнинг илмий асосланганлиги, тарихий манбаларга таяниши, мазмунан пухталиги, таржима ва таҳрир сифатига қўйиладиган талабларни кучайтириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Қайд этиш жоизки, Марказда 2026 йил якуни ҳамда 2027 йилда чоп этилиши режалаштирилган 130 га яқин нашр устида ишлар олиб борилмоқда. Аввалги ишчи муҳокамаларда «Темур тузуклари», Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Жадиди Кўрагоний» асари каби муҳим тарихий манбаларни янги илмий тадқиқотлар билан бойитган ҳолда нашрга тайёрлаш, ҳар бир китобни махсус илмий-таҳририй экспертизадан ўтказиш ва тегишли комиссия хулосаси асосида чоп этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган эди.
Навбатдаги йиғилишда ҳам нашрларнинг фақат сон кўрсаткичларига эмас, аввало, уларнинг илмий қиммати, мазмунан пухталиги ва китобхонлар учун аҳамиятига устувор эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Марказ директори томонидан 2026 йил якунига қадар белгиланган нашр ишларини тўлиқ якунлаш, ҳар бир лойиҳанинг тайёргарлик ҳолатини қатъий назоратга олиш ва вазифаларни белгиланган муддатларда сифатли бажариш юзасидан масъулларга манзилли топшириқлар берилди.
Зеро, тарихий меросни асраб-авайлаш уни сақлаш билангина чекланмайди. Уни илмий асосда ўрганиш, замонавий тилда талқин этиш ва халққа етказиш орқалигина ўтмишнинг бебаҳо билимлари бугунги тараққиётга, келажак авлодларнинг интеллектуал камолотига хизмат қилади.






