Тошкентда технологик дипломатия бўйича Осиё симпозиуми бўлиб ўтди
2026 йил 14 октябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Глобал технологик дипломатия институти (Tech Diplomacy Global Institute — TDGI) ҳамкорлигида Технологик дипломатия бўйича Осиё симпозиуми (Tech Diplomacy Asia Symposium) бўлиб ўтди.
Тадбир Марказий Осиё ва Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларидан давлат органлари, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, технология ва бизнес соҳалари, шунингдек, илмий-академик ҳамжамият вакилларини бир майдонда жамлади.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирининг ўринбосари Рустам Каримжонов, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маль табрик сўзлари билан иштирок этдилар. Симпозиумнинг мақсад ва вазифаларига бағишланган кириш маърузаси TDGI асосчиси ва президенти Аюми Мур Аоки томонидан тақдим этилди.
Симпозиум 2025 йил 1 ноябрь куни ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида қабул қилинган Технологик дипломатия бўйича Самарқанд декларациясига асос солган халқаро ташаббуснинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу ҳужжат технологик дипломатияни институционал жиҳатдан ривожлантириш, шунингдек, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва киберхавфсизлик билан боғлиқ муаммоларга самарали жавоб қайтариш учун дипломатик хизматлар салоҳиятини мустаҳкамлашнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.
Тадбир доирасида Самарқанд декларацияси қоидаларини амалиётга татбиқ этиш, Марказий Осиё мамлакатларининг ҳамкорликдаги салоҳиятини ривожлантириш ҳамда халқаро миқёсдаги ҳамкорликнинг келгуси устувор йўналишларини белгилашга бағишланган учта тематик давра суҳбати ташкил этилди.
Биринчи мунозара — «Самарқанддан Тошкентгача: нималар ўзгарди?» мавзусида бўлиб, унда Декларация қабул қилинганидан кейинги бир йил давомида эришилган натижалар ва технологик дипломатия тамойилларини миллий амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
«Салоҳиятни ҳамкорликда ривожлантириш: Марказий Осиё қайси йўналишларда ҳамкорлик қилиши керак?» деб номланган иккинчи сессия рақамли компетенциялар, инновациялар ва мутахассислар тайёрлаш соҳаларида минтақавий ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилишга қаратилди.
Учинчи давра суҳбати — «Тошкентдан Парижгача: қандай мажбуриятларни ўз зиммамизга олишга тайёрмиз?» мавзусида ўтказилиб, унда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва глобал миқёсда илгари суриш учун умумий устувор йўналишларни шакллантириш борасидаги кейинги қадамлар кўриб чиқилди.
Муҳокамаларда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг тегишли вазирлик ҳамда идоралари, БМТ Тараққиёт дастури, молия ва технология соҳалари, олий таълим муассасалари ҳамда экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этди. Давра суҳбатларига North Highland компаниясининг катта бошқарув директори Найла Бет Гавел модераторлик қилди.
Дастурнинг муҳим қисмларидан бири TDGI асосчиси ва президенти Аюми Мур Аоки томонидан Самарқанд декларациясини амалга ошириш бўйича Тошкент баёнотининг тақдимоти бўлди. Мазкур ҳужжат ташаббусни амалга оширишнинг кейинги йўналишларини белгилаш ҳамда технологик дипломатия бўйича халқаро кун тартибида минтақавий устувор вазифаларни илгари суришга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Симпозиумда, шунингдек, Озарбайжон, Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Грузия, Индонезия, Қувайт, Покистон, Россия Федерацияси, Саудия Арабистони, Тожикистон, Фаластин, Япония, Уммон, Қатар, Ҳиндистон ва Қозоғистоннинг элчилари ҳамда дипломатик ваколатхоналари вакиллари қатнашди. Иштирокчилар ва меҳмонлар орасида Малайзия, Мўғулистон, Швейцария ва Польша вакиллари ҳам бор эди.
Дастурнинг ишбилармонлик қисми якунланганидан сўнг иштирокчилар учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Экскурсия хорижий меҳмонларни мамлакатимизнинг бой тарихий ва маданий мероси билан яқиндан таништириш имконини берди.
Технологик дипломатия бўйича Осиё симпозиумининг ўтказилиши Ўзбекистоннинг янги технологиялар масалалари бўйича халқаро мулоқотни ривожлантириш, минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга интилишини яна бир бор намоён этди. Самарқандда бошланган ташаббуснинг мантиқий давомини таъминлаш орқали Ўзбекистон технологик дипломатияни замонавий ташқи сиёсатнинг муҳим йўналиши сифатида илгари суриш борасидаги мавқеини мустаҳкамламоқда.






