Марказ ва Ички ишлар вазирлиги китобхонликни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кучайтирмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ички ишлар вазирлиги тизими ходимлари ўртасидаги «Энг яхши китобхон — 2026» кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Тадбир доирасида Ички ишлар вазири ўринбосари Диёрбек Сатторов ва Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат китобхонлик маданиятини юксалтириш ва маънавий-маърифий ишларни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Танловда Ички ишлар вазирлиги тизимидаги ҳудудий босқичлар ғолиблари иштирок этиб, ўз билим ва тайёргарлигини намойиш этди. Беллашув иштирокчиларнинг адабий билими, мутолаа маданияти ва интеллектуал салоҳиятини синаш билан бирга, китобхонликнинг шахсий камолот ҳамда касбий фаолиятдаги аҳамиятини ҳам кўрсатди.
Танловнинг Марказда ўтказилиши тадбирга алоҳида мазмун бағишлади. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган ушбу мажмуа буюк аждодларимизнинг илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб этувчи, илм-фан ва маърифатни уйғунлаштирган йирик илмий-маърифий маскандир.
Тадбир доирасида Марказ томонидан Ички ишлар вазирлигига «Маданий мерос» тўплами ҳам тақдим этилди. Имзоланган меморандум эса вазирлик тизими ходимлари ўртасида китобхонликни рағбатлантириш, уларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини ошириш ва миллий меросни кенг тарғиб этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти катта инспектори, катта лейтенант Олимжон Раҳмонов танловнинг аҳамияти ва Марказ билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида тўхталиб, шундай деди:
«Танловдан кўзланган асосий мақсад — ёш ходимларимизда ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, миллий руҳни юксалтириш ва китобхонлик маданиятини шакллантириш. Марказ ташкил этилганидан буён уч мингдан зиёд ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари бу ерга ташриф буюрган. Ҳамкорлик меморандуми орқали ушбу алоқаларни янада ривожлантириш, маънавий-маърифий ишларни янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилганмиз».
Танловнинг республика босқичида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати катта инспектори, лейтенант Камронбек Дилшодбек ўғли Исмоилов ғолиб бўлди. У танловга тайёргарлик жараёни ва китоб мутолаасининг касбий фаолиятдаги аҳамияти ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
«Вазиримизнинг тегишли буйруғи асосида ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналаридан иборат 35 та китоб рўйхати тақдим этилган эди. Хизмат вазифаларим билан бирга тайёргарлик кўриш осон бўлмади. Бу жараёнда онам ва укамнинг тавсиялари менга катта ёрдам берди. Китоб мутолааси ходимнинг бадиий тафаккурини бойитиб, фуқаролар билан мулоқот маданиятини юксалтиради. Президентимиз томонидан китобхонликка қаратилаётган эътибор ва танловнинг ана шундай Марказда ўтказилиши бизга катта рағбат бағишлайди».
Тадбир якунида иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Марказ ва Ички ишлар вазирлиги ўртасида имзоланган меморандум китобхонликни оммалаштириш, тарихий-маданий меросни кенг тарғиб этиш ва ходимларнинг маънавий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундай ҳамкорлик китоб мутолаасини рағбатлантириш билан бирга, ходимларнинг мустақил фикрлаши, касбий масъулияти ва миллий қадриятларга ҳурматини юксалтиришга ҳам ҳисса қўшади.






