Темурийлар давридан сақланиб қолган "тумардон"
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олган ушбу нафис буюм Темурийлар даврида ёзув маданияти, хаттотлик ва амалий санъат нақадар юксак даражада ривожланганидан далолат беради.
Мактуб учун ғалтак XV асрга оид бўлиб, бронзадан ясалган. Узунлиги 32 сантиметр бўлган буюмнинг сирти нозик ўйма нақшлар ва кумуш қадаламалар билан безатилган. Унинг юзасида сулс хатида форс тилидаги шеърий битиклар жойлашган.
Форс тилида «тумардон» деб аталадиган бундай ғалтаклар ўрама ҳужжатлар ва матнларни сақлаш ҳамда ташиш учун хизмат қилган. Уларга расмий ёзишмалар, давлат фармонлари, шартномалар, шеърий ва диний мазмундаги битиклар жойлаштирилган. Икки учидаги ҳалқалар эса буюмни осиб олиб юриш имконини берган.
Бу ғалтакнинг қиммати фақат амалий вазифаси билан чекланмайди. Унда металлсозлик, хаттотлик ва шеърият ягона бадиий уйғунлик касб этган. Нозик нақшлар, кумуш безаклар ва форсий шеърий битиклар Темурийлар давридаги юксак дид ҳамда нафис эстетик қарашларни намоён этади.
Иккинчи Ренессанс экспозициясидаги ушбу ноёб ашё буюк маданий меросимиз фақат маҳобатли меъморий обидалар ва қўлёзмалардагина эмас, балки кундалик ҳаётда фойдаланилган буюмларда ҳам ўз ифодасини топганини кўрсатади.






